Интеллектуал тизим
  • 27 Ноябрь 2014

Интеллектуал тизим

саноат объектларини автоматлаштиришга хизмат қилади

Пойтахтимизда “Саноатни автоматлаштириш учун интеллектуал тизимлар — WCIS — 2014” Бутунжаҳон халқаро анжумани иш бошлади.
Мамлакатимизда ахборот технологиялари соҳасида эришилган ютуқлар намойиши ҳамда хорижлик олимлар, мутахассислар билан тажриба алмашиш, олий таълим муассасалари, изланувчан олимларнинг рақобатбардош илмий-инновацион ишланмаларини саноат корхоналарига татбиқ этиш мақсадида ўтказилаётган ушбу анжуманда ўндан зиёд давлатлардан вакиллар қатнашмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ЎзФА, Тошкент давлат техника университети, Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда бир қатор хорижий ва маҳаллий компаниялар ҳамкорлигида уюштирилган мазкур тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимиз илм-фанида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ишлаб чиқариш соҳасининг  ривожланишида ҳам муҳим аҳамият касб этаётгани хусусида тўхталдилар. 
Таъкидланганидек, замонавий ахборот технологияларини амалиётга жорий этиш борасида интеллектуал тизимлар яратиш иқтисодий тараққиётни, саноат рақобатбардошлигини таъминлашда катта ўрин тутади. Ушбу йўналишда Тошкент давлат техника университети, Тошкент ахборот технологиялари университети ва бир қатор илмий муассасалар, марказларда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бинобарин, мазкур ўқув муассасалари мамлакатимиз иқтисодиёти учун нафақат техник-иқтисодий йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлайдиган даргоҳ, балки таълим, фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаштиришда ҳам йирик илмий тадқиқот маркази ҳисобланади. Айни пайтда уларнинг олимлари томонидан тавсия этилаётган кўплаб истиқболли лойиҳалар, хўжалик шартномалари кўринишида бажарилаётган илмий тадқиқот ишлари ва синов-тажриба ишланмалари “Ўзбекнефтгаз” МХК, “Шўртангаз” УШК, “Ўзкимёсаноат” ДАК таркибидаги йирик саноат корхоналари билан ҳамкорликда амалга оширилаётир.
Анжуманда АҚШ, Германия, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон сингари давлатлардаги олий ўқув юртлари ва илмий марказлар профессорлари маърузалар билан иштирок этмоқда. Анжуман давомида қатнашчилар шўъбаларга бўлинган ҳолда, давра суҳбатлари, музокара ва мунозаралар олиб борадилар.

М. ХОЛМАТОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Қисқа сатрларда Аждодлар меросига эҳтиром »