Атроф-муҳит мусаффолиги ва жамоатчилик назорати
  • 27 Ноябрь 2014

Атроф-муҳит мусаффолиги ва жамоатчилик назорати

Тошкент шаҳар ҳокимлигида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни ижроси доирасида анжуман ташкил этилди.

Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси ҳамда “Махсустранс” ишлаб чиқариш бошқармаси мутасаддилари билан очиқ мулоқот руҳида ўтган тадбирда пойтахтимизнинг санитария-гигиена ҳолатини янада яхшилаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларининг изчиллигини таъминлаш, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш борасида бажарилаётган ишлар, эришилган натижалар ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, пойтахтимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари унинг кўркамлигини таъминлаш, қиёфасини тубдан ўзгартиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси ва унинг тизимидаги ташкилотлар яшил майдонларни кенгайтиришга, игнабаргли, мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўтқазиш орқали иқлим мўътадиллигини, ҳаво мусаффолигини сақлашга, ландшафт дизайни соҳасида илғор тажрибалардан унумли фойдаланишга катта эътибор қаратмоқда. Мустақилликка қадар Тошкент шаҳрида яшил майдонлар 6 минг 800 гектарни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунга келиб, бу кўрсаткич 15 минг 200 гектарга етди.
Табиийки, шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонлари эътиборини, энг аввало, йўллар ва кўчалар ўзига тортади. Айниқса, транспорт воситалари сони кун сайин кўпайиб бораётгани йўлларда тирбандликнинг олдини олиш, қатновларнинг хавфсизлик чораларини янада кучайтиришни тақозо этаётир. Шунга кўра, Ободонлаштириш бош бошқармаси томонидан 2013 йил ва 2014 йилнинг ўтган даврида 431,7 минг квадрат метр йўл таъмирдан чиқарилди.
Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 5 апрелда қабул қилинган “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 27 майдаги “2013 — 2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастури тўғрисида”ги қарори чиқиндиларнинг фуқаролар ҳаёти, соғлиғи ва атроф-муҳитга зарарли таъсирининг олдини олишга, улардан хўжалик фаолиятида фойдаланиш муносабатларини тартибга солишга хизмат қилмоқда. Тошкент шаҳар “Махсустранс” ишлаб чиқариш бошқармаси бу йўналишда қатор ишларни олиб бораётир.
Тошкент шаҳрининг тураржой мавзеларидаги чиқинди йиғиш майдончаларини янгитдан қуриш, таъмирлаш, уларни контейнер ва чиқинди ташиш техникалари билан таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланган ҳамда уларнинг ижроси мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда.
Тадбирда шулар хусусида сўз юритилиб, озодалик ва покликка интилиш халқимиз ҳаётининг муҳим мезонларидан бири экани, жумладан, пойтахтимизнинг обод ва кўркамлигига барча бирдек масъуллиги, айни шу масалада жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Ф. МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Огоҳлик — давр талаби Қисқа сатрларда »