Огоҳлик — давр талаби
  • 27 Ноябрь 2014

Огоҳлик — давр талаби

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Қўриқлаш” бирлашмасида “Замонавий интеграллашган комплекс хавфсизлик тизими ёрдамида турли мулкчилик шаклидаги қўриқланадиган объектлар хавфсизлигини таъминлаш” мавзуида анжуман ташкил этилди.

Айтиш жоизки, ички ишлар идораларини ислоҳ қилиш, замонавий техника ва технологиялар ҳамда малакали кадрлар билан таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилиб, салмоқли натижалар қўлга киритилаётир. Бу қўриқлаш хизмати фаолиятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Ушбу хизмат ички ишлар идораларининг муҳим йўналишларидан бири сифатида самарали шаклланиб бораяпти. Ҳозирги пайтда республика ички ишлар идоралари ҳузуридаги қўриқлаш бўлинмаларида 170 дан зиёд техник қўриқлаш пункти мавжуд бўлиб, улар томонидан 11 мингдан ортиқ объектлар қўриқланаётир. Айни чоғда техник қўриқлаш пунктлари 9 мингдан зиёд хонадонларга хизмат кўрсатмоқда.
Тадбирда бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда, қўриқлаш хизмати фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари,  жумладан, техника ва қурилмалар ҳамда мосламаларни кенг татбиқ этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича сўз юритилди.
— Қўриқлашнинг “ташвиш” тугмачаси хизмат туридан кассалар, банклар, кўнгилочар муассасалар ва хонадонларда фойдаланиб келинаяпти, — дейди Тошкент вилояти ИИБ ҳузуридаги қўриқлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Камолиддин Юлдашев. —  Кейинги пайтларда ушбу хизмат турига фуқароларнинг қизиқиши ортаётганини инобатга олиб, қўриқлаш тартиби такомиллаштирилди. Яъни хонадонга сигнализация тизими ўрнатилгач, у техник қўриқлаш пунктига уланади. Пунктда эса рация, автомашина, шахсий ҳимоя воситаларига эга бўлган махсус гуруҳ навбатчилик қилади. Улар “ташвиш” хабари тушган хонадонга 3-5 дақиқада етиб бориб, муаммони зудлик билан бартараф этишади.
Тадбир иштирокчилари қўриқлаш хизмати фаолиятига татбиқ қилинаётган бошқа янгиликлар билан ҳам танишиш имконига эга бўлдилар.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn