Ёш авлод камолоти — устувор йўналиш
  • 26 Ноябрь 2014

Ёш авлод камолоти — устувор йўналиш

Жисмонан соғлом, маънан етук фарзандлар — оила қувончи, жамият ютуғидир.

Шу боис мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг иқтидорини аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Ана шундай улуғвор мақсадни амалга оширишга истиқлолнинг илк кунлариданоқ киришилгани туфайли бугун ўғил-қизларимизнинг соғ-саломат улғайишлари, замонавий билим олишлари учун барча шарт-шароит яратилган. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб номланиши замирида ҳам дилбандларимизнинг ёруғ истиқболини кўришдек эзгу орзу мужассам.
Бу ҳақда кеча пойтахтимиздаги “International Tashkent” меҳмонхонасида “Sen yolg‘iz emassan” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси ва Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази томонидан ўн биринчи бор уюштирилган халқаро форумда ҳам алоҳида таъкидланди. “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида “Бола учун ижтимоий шериклик: миллий ва хорижий тажриба” мавзуида ўтказилаётган мазкур форумда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Маданият ва спорт ишлари, Молия вазирликлари, шунингдек, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, БМТ Болалар жамғармаси — ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкор сифатида қатнашмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ҳамда идоралар мутахассислари, жамоатчилик ва нодавлат ташкилотлар вакиллари, маҳаллий ҳамда хорижий экспертлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида кечаётган форум мамлакатимизда болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини бошқариш ва мақбуллаштириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларнинг муҳимлиги, шунингдек, Республика болалар ижтимоий мослашуви марказида тўпланган тажрибаларни акс эттиришга бағишланди.
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири У. Иноятов, соғлиқни сақлаш вазири А. Алимов, “Sen yolg‘iz emassan” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси директори Р. Мустаев, ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Р. Фудерич, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари К. Пиккат ва бошқалар юртимизда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида соғлом авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланаётганини алоҳида таъкидладилар.
Мамлакатимиз қудрати, жамият равнақи келажагимиз эгалари бўлган болаларнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғломлигига боғлиқ. Бинобарин, “Соғлом бола йили” Давлат дастури республикамизда она ва бола скрининги, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ҳамда маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини оширишга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади. Негаки, ҳар қандай мамлакат ва миллатнинг, ота-она бўлиш бахти насиб қилган ҳар бир инсоннинг энг мўътабар орзуси, астойдил интилган асосий мақсади — соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш, ҳар томонлама комил инсонни вояга етказишдан иборатдир.
Юртимизда “Соғлом она — соғлом бола” тамойили асосида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом ҳамда баркамол авлодни вояга етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг самарасида мустақиллик йилларида мамлакатимизда оналар ўлими 3,1 баробар, гўдаклар ўлими 3,2 баробар камайди. “Она ва бола скрининги” дастури амалга оширилиши натижасида туғма нуқсонли болалар туғилиши 2000 йилдан буён 1,8 марта камайди. Бугунги кунда фарзандларимизнинг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади. “Save the Сhildren” халқаро ташкилоти рейтингига кўра, Ўзбекистон болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатадиган дунёдаги ўнта мамлакат қаторидан жой олди.
— Форумнинг Соғлом бола йилида ўтаётганлиги унинг мазмун-моҳиятини янада бойитди, — деди Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази директори В. Алимова. — Тадбирга ташриф буюрган хорижлик экспертлар юртимизда болаларни ижтимоий муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар кўлами йил сайин кенгайиб бораётганлигини, бунда ҳар бир йилнинг ўзига хос номланиши билан боғлиқ қабул қилинаётган Давлат дастурлари улкан ўзгариш ва янгиланишларга сабаб бўлаётганини эътироф этмоқда. Бу бежиз эмас. Зотан, республикамизда имконияти чекланган, ота-она қарамоғисиз қолган болаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилаяпти. Хусусан, марказимизнинг ўзида болалар ва ўсмирларнинг жамиятга мослашуви, соғ-саломат бўлиб ота-онасини қувонтириши учун нимаики зарур бўлса, барчаси муҳайё этилган. Шунингдек, бу ерда болажонлар билан турли машғулотлар ўтказиш, суҳбатлар уюштириш, қисқача айтганда, уларни соғлом ҳаётга кўниктириш мақсадида малакали мутахассислар, тажрибали мураббийлар жалб этилган. Шу маънода, мазкур форумда болаларни ижтимоий ҳимоя қилишда ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар мажмуини ишлаб чиқиш, давлат, жамоатчилик ташкилотлари фаолиятини фаоллаштириш кўзда тутилганлиги эътиборга лойиқ.
— Ўзбекистонда инклюзив таълим ривожига қаратилаётган юксак ғамхўрлик алоҳида аҳамиятга молик, — деди халқаро эксперт Мэтью Гриффитс (Буюк Британия). — Ушбу таълим тизими Президент Ислом Каримов раҳнамолигида изчил такомиллаштирилаётгани, Тошкент давлат педагогика университетида мазкур йўналишда кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш йўлга қўйилгани мамлакатингизнинг келгусида ушбу соҳада янада катта муваффақиятларга эришишининг мустаҳкам пойдеворидир.
Ўзбекистонда бола ҳуқуқларига оид бешта халқаро конвенция ратификация қилинган, ўндан ортиқ қонунлар амалиётга киритилган. БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида назарда тутилган мақсад ва вазифалар ҳаётга изчил жорий этилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун асосида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари таъминланмоқда.
2014 йил 25 сентябрда қабул қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун баркамол авлодни вояга етказиш, она ва бола ҳуқуқларини муҳофаза этиш борасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Форум иштирокчилари Ўзбекистонда соғлом ва баркамол авлоднинг тугал ижтимоийлашуви, ўз-ўзини тўлақонли рўёбга чиқариши ҳамда юқори ижтимоий ҳаракатчанлиги учун тарбиялашга кўмаклашувчи болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоялашнинг қонунчилик базаси, ижтимоий-иқтисодий, психологик-педагогик, тиббиёт ва бошқа ижтимоий кафолатлардан таркиб топган мукаммал асосга таянишини таъкидладилар.
Анжуман доирасида умумий ва секция йиғилишлари, давра суҳбатлари ҳамда маҳорат сабоқлари, тақдимотлар ўтказиш, шунингдек, хорижлик меҳмонлар иштирокида Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази фаолияти билан танишиш ҳам назарда тутилган.
Халқаро форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов сўзга чиқди.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn