Касбий маҳорат ва қобилият
  • 26 Ноябрь 2014

Касбий маҳорат ва қобилият

Тараққиёт барқарорлигида малакали кадр, етук мутахассисларнинг ўрни беқиёсдир.

Шу боис мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, баркамол авлодни муносиб тарбиялаш устувор вазифалардан бири этиб белгиланди.
Хусусан, “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастурига кўра, тизимда туб бурилишлар рўй берди. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида ҳам
“Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир”, деб, белгилаб қўйилган.
Таълим тизимини ривожлантиришга қаратилаётган бу каби юксак эътибор ва ғамхўрлик айни пайтда жамиятда ўқитувчилик касбининг нуфузини оширмоқда. Зеро, ёш авлоднинг истиқлол ғоялари асосида тарбияланиб, улуғ аждодларимизга муносиб тарзда вояга етишлари, энг аввало, ўқитувчи бераётган сабоқ, унинг изланиш ва интилишига боғлиқ. Шу маънода, ўқитувчилик касбини ҳавас билан танлаганман, десам, асло муболаға эмас. Бугун мактабда ишлаб, шунга амин бўлдимки, биз, ёш педагогларнинг фидойилик ва масъулият билан изланишимиз учун барча шарт-шароит яратилган. Ўқув масканимиз замонавий фан хоналари, энг сўнгги русумдаги ускуналар билан таъминланган.
Юртимизда маҳобатли касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар қад ростлаяпти, мактаблар янгиланди. Энг муҳими, эндиликда ўқувчилар нафақат ўқитувчиларнинг маърузаларини тинглаш, балки замонавий ўқув жиҳозлари, компьютерлар орқали ҳам сабоқ олаяптилар.
Илгари бошқа тилларни ўрганишга юзаки қаралган бўлса, бугун ўқувчилар орасида чет тилини пишиқ-пухта эгаллаб, ўз устида тинимсиз меҳнат қилиш асосий машғулотга айланган. Бунга, албатта, маҳоратли, малакали ўқитувчи-мураббийларнинг меҳнати давлат даражасида қадрланиши орқали эришилаяпти. Хусусан, Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқишда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Мана шундай юксак эътибор туфайли таълимда залворли ютуқлар қўлга киритилаётганини ҳар биримиз кўриб, эшитиб, ўз ҳаётимиз мисолида ҳам англаб турибмиз.
Инсон — у қайси соҳада фаолият кўрсатмасин, фидойи бўлмаса, кўзлаган мақсадига етиши қийин. Жонкуяр, билимдон, юксак ақл-заковатли мутахассислар эса соҳа ривожига улкан ҳисса қўшишлари турган гап. Шунга кўра, энди ўқитувчилар ўз қобилиятларини тўла ишга солиб, касбий маҳоратларини янада такомиллаштирмоқдалар. Яратилган шарт-шароит, берилган имконият, кўрсатилаётган юксак эъзоздан руҳланиб, айтаманки, Ўзбекистон деб аталмиш буюк юртда, мана шундай дориламон кунларда яшаётганимдан қанчалик фахрлансам, истиқлол фарзандларига таълим бераётганимдан шунчалик ғурурланаман.

Умида НОРҚУЛОВА,
Қарши туманидаги 40-мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn