Билим, малака, фаоллик
  • 25 Ноябрь 2014

Билим, малака, фаоллик

маҳаллалар саъй-ҳаракатлари самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутади

Пойтахтимизда “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Тошкент шаҳри, Жиззах, Сирдарё ҳамда Тошкент вилоятларидаги бўлим ва бўлинмалари бош мутахассислари учун фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолиятини йўналтириш ҳамда уларга услубий-амалий кўмаклашишни янада кучайтириш чора-тадбирларига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.
Тадбирда фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари томонидан маҳаллаларда миллий қадриятларни кенг тарғиб қилиш, “мустаҳкам оила”, “обод турмуш”, “соғлом бола” каби ғояларни амалга ошириш, жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашда маҳаллаларнинг ўрни ва аҳамиятини янада кенгайтириш ҳамда тегишли қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилаётганлиги таъкидланди.
Буни жорий йилнинг ўтган даврида фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари томонидан 5 миллиондан ортиқ оилаларнинг ижтимоий-маънавий ҳолати ўрганилгани мисолида кўриш мумкин. Энг муҳими, мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлар натижасида 43 мингга яқин оилаларда турли низолар бартараф этилди, хусусан, бевосита фуқаролар йиғинлари ҳаракати билан
20 мингга яқин оила ярашди.
“Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигини тизимли йўлга қўйиш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларни мустақил оилавий ҳаётга тайёрлаш, ёш авлоднинг касб эгаллаши, болалар ва ўсмирларни турли тўгаракларга, фойдали машғулотларга жалб қилиш, эрта турмуш қуришнинг олдини олиш, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари қошидаги “Ота-оналар университетлари” фаолиятини янада такомиллаштиришда ҳам фонд бош мутахассислари ва маҳалла маслаҳатчилари ҳиссаси салмоқли бўлаяпти.
Семинар-тренинг давомида тадбир иштирокчиларига иш фаолиятини ҳар томонлама тизимли йўлга қўйиш, амалий-услубий кўмаклашиш юзасидан зарур тавсиялар берилди. Шунингдек, жорий йилги “Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” кўрик-танлови республика босқичидан тайёрланган видеолавҳа намойиш қилинди.
Тадбир доирасида иштирокчилар Учтепа туманидаги Абдулла Қодирий маҳалласи фуқаролар йиғини фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Минтақавий семинар-тренинглар республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилмоқда.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Етуклик мезони Касбий маҳорат ва қобилият »