Етуклик мезони
  • 25 Ноябрь 2014

Етуклик мезони

Мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар замирида фуқароларнинг Конституциямизда кафолатланган ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш мақсадлари мужассам.

Шунга кўра, аҳоли кенг қатлами, айниқса, ёш авлоднинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Зеро, юксак ҳуқуқий маданият демократик жамият пойдевори ва ҳуқуқий тизимнинг етуклик кўрсаткичидир.
Президентимизнинг 2001 йил 4 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши бу борадаги ишларнинг сифат ва самарадорлигини янада оширди. Ушбу ҳужжат ижроси доирасида бугунги кунда юртимиздаги мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб барча ўқув масканларида Асосий Қонунимизнинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган тушунча ва тамойиллар чуқур ўрганилмоқда.
Хусусан, мактабгача таълим муассасаларида “Конституция сабоқлари” ўқув-машғулотлари йўлга қўйилган бўлиб, бунда кичкинтойларнинг ёши, дунёқараши, психофизик хусусиятлари алоҳида инобатга олинган. Умумтаълим мактабларининг 1 — 4-синфларида эса болалар “Конституция алифбоси”, 5 — 7-синфларда “Конституция оламига саёҳат” дарслари, 8-синфда “Ўзбекистон давлат ва ҳуқуқ асослари” ҳамда 9-синфда “Конституциявий ҳуқуқ асослари” фанлари орқали Асосий Қонунимиз ҳақида билим ва кўникмаларини мустаҳкамламоқда, унинг ҳаётбахш аҳамиятини теран англаб етмоқда. Ўқув машғулотлари замонавий педагогик технологиялар асосида олиб борилаётгани, илғор ахборот-коммуникация воситаларидан кенг фойдаланилаётгани ҳуқуқий таълим-тарбиянинг такомиллашувида муҳим омил бўлаётир. Бундан ташқари, Конституциямиз эзгу орзу-умидларимиз рўёби учун ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилиши ўқувчилар онги ва қалбига ҳужжатли фильмлар, тарихий манбалар, адабиётлар ёрдамида сингдирилмоқда.
Шу ўринда умумтаълим мактабларида Конституциямизни ўрганишни ташкил этиш сифат жиҳатидан яхшиланиб бораётганини эътироф этиш жоиздир. Айни мақсадда ўтган йиллар давомида Халқ таълими вазирлиги ва Республика таълим маркази мутахассислари йигирмадан ортиқ номда ўқув-услубий қўлланмалар яратишди.
Ушбу адабиётлар билан бирга “Конституция алифбоси”, “Конституция оламига саёҳат”, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси” каби изоҳли луғатлар, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси” номли плакатлар тўплами мактабларга етказилди. Шунингдек, уларнинг ахборот-ресурс марказлари Асосий Қонунимизни мукаммал ўрганиш имконини берувчи электрон дарсликлар билан таъминланди.
Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги томонидан барча ўқув муассасаларида Конститутцияни ўрганиш самарадорлигини тизимли ошириб бориш мақсадида ҳар йили 10 ноябрдан 10 декабрга қадар “Ҳуқуқий билимлар” ойлиги ўтказилади. Мазкур ўқув йилида ҳам ушбу ойлик доирасида умумтаълим мактабларида ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, ҳуқуқшунослар иштирокида “Мустақиллик — энг аввало, ҳуқуқдир”, “Конституциямиз — бахтимиз қомуси”, “Конституция — ҳуқуқ ва бурчларимиз кафолати” мавзуларида учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. “Конституция — ҳуқуқ ва эркинлигимиз кафолати” шиори остида уюштирилаётган ушбу ҳуқуқий, маънавий-маърифий тадбирларда минглаб ўғил-қизлар қамраб олинаётир. Ҳудудий малака ошириш институтлари ҳамда давлат педагогика институтларининг тажрибали профессор-ўқитувчилардан иборат тарғибот гуруҳлари бу каби тадбирларни нафақат ойликда, балки ўқув йили давомида ўтказишга ҳаракат қилишаётир. Энг муҳими, бундай ташаббус ва интилишлар самарасида навқирон авлод суверен демократик республика — Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт йўли, унинг халқаро майдонда муносиб обрў-эътибор қозониши, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларга оид тушунча ва тасаввурларини бойитмоқда.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, келажагимиз пойдевори билим даргоҳларида яратилади, бошқача айтганда, халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқ. Шу маънода, таълимнинг бошланғич бўғиниданоқ болаларимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги шакллантирилаётгани, ёшларимизнинг ўз конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини билиши, айни пайтда уларни ҳимоя қила олиши учун ҳар томонлама кўмаклашилаётгани жамиятда ҳуқуқий маданиятнинг юксалишига хизмат қилади.

Жамолиддин КАМОЛОВ,
Халқ таълими вазирлиги Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси
бошлиғи ўринбосари,
бўлим бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn