Меҳнат ҳуқуқлари муҳофазаси ва жамоатчилик назорати
  • 25 Ноябрь 2014

Меҳнат ҳуқуқлари муҳофазаси ва жамоатчилик назорати

Самарқандда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Ф. Эберт номидаги фонднинг (Германия) мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Жамоа шартномалари ва келишувлари доирасида хотин-қизларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: Ўзбекистон тажрибаси ва ривожланиш истиқболлари” мавзуида халқаро семинар ўтказилди.

Унда вазирлик ва идоралар, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, иш берувчилар ва бошланғич касаба уюшма қўмиталари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари, хорижий мамлакатлар касаба уюшма марказлари масъуллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Тадбирда Ўзбекистонда Президентимиз раҳнамолигида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича олиб борилаётган ишлар алоҳида қайд этилди. Мамлакатимизда меҳнат соҳасида қабул қилинган бир қатор қонунлар фуқаролар, шу жумладан, ёшларга янги иш ўринлари яратиш, аёлларга бола парвариши учун қўшимча таътиллар ҳамда тўловлар бериш борасидаги имтиёз ва кафолатларни ҳаётга самарали татбиқ этишда дастуриламал бўлмоқда.
Меҳнат соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш, давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ўртасида амалий ижтимоий мулоқотни йўлга қўйиш, касаба уюшмаларига ходимлар, хусусан, хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини амалга оширишлари учун кенг ҳуқуқ берилгани эътиборга молик.
Албатта, бу йўналишдаги ишларни бажаришда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг алоҳида ўрни бор. Чунончи, мамлакат Ҳукумати, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган Бош келишувга асосан, жамоа келишувлари ва шартномаларига аёллар меҳнатини тартибга солиш, аёллар ҳамда оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча имтиёз ва кафолатларга оид алоҳида бўлим киритилган бўлиб, улар ижроси изчил таъминланаяпти.
Айни чоғда жамоа келишувлари ва шартномаларида аёлларни меҳнат бозори талаблари асосида касбларга ўқитиш, кичик ёшдаги  фарзандлари бор аёлларга қисқартирилган иш вақти белгилаш, аёлларга ҳақ тўланадиган ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари кунини узайтириш, 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган бола парвариши таътилидаги аёлларга ҳар ойда моддий ёрдам кўрсатиш, 2 ёшгача фарзанди бўлган аёлларга ҳақ тўланадиган танаффуслар бериш имтиёзлари акс этган. Шунингдек, ҳомиладор аёлларни ишга қабул қилиш учун маълум миқдорда иш ўринлари ажратиш, аёлларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиш каби меъёрлар ҳам белгиланган. Натижада жамоа келишувлари ва шартномалари хотин-қизлар учун барқарор ойлик маоши тўлаш ҳамда хавфсиз меҳнат шароитлари ташкил этишнинг кафолати бўлмоқда.
Касаба уюшмалари янги иш ўринлари яратиш давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилишига ҳам кўмаклашмоқда. Хусусан, ҳар йили ҳудудларда, айниқса, қишлоқ жойларда касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан хотин-қизлар ва ёшлар учун янги иш ўринлари яратилаяпти.
Бундан ташқари, меҳнат муҳофазаси соҳасида ишлаб чиқаришдаги жароҳатлар ва касб касалликларининг олдини олишга қаратилган кенг кўламли ахборот-тушунтириш ва тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам самара бермоқда. Уч томонлама маслаҳатлашувлар доирасида ҳар йили меҳнат соҳасидаги долзарб масалаларни кўриб чиқиш учун иш берувчилар, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида жамоатчилик эшитувлари ташкил этиб келинаётир. Шу билан бирга, Халқаро меҳнат ташкилотининг мамлакатимиз томонидан ратификация қилинган конвенцияларининг бажарилиши бўйича жамоатчилик мониторинги юритилмоқда.
— Ўзбекистонда фуқароларнинг, айниқса, хотин-қизларнинг  ижтимоий меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилганлигини ҳамда касаба уюшмалари томонидан бу борада тизимли ишлар олиб борилаётганлигини амалий мисолларда кўрдик, — дейди Халқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун бюроси вакили Харри Таллига. — Мисол учун, хотин-қизларнинг дам олишга, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берувчи муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари шу соҳада мақсадли йўналтирилган давлат миллий сиёсатини юритиш орқали таъминланмоқда. Шунингдек, юртингизда ходимларнинг касаба уюшмаларига бирлашишга бўлган фундаментал ҳуқуқи тўлиқ амалга оширилаяпти. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг ижтимоий меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилгани, махсус давлат дастурлари ишлаб чиқилиб, ҳаётга самарали татбиқ этилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.   
— Семинар доирасида мавзуга оид қимматли маълумотларни олиш билан бирга, ўзаро тажриба алмашиш имконига ҳам эга бўлдик, — дейди  Озарбайжон Касаба уюшмалари конфедерацияси халқаро бўлими мутахассиси Роя Гараева. — Мамлакатингизда аҳоли бандлигини таъминлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Айниқса, касаба уюшмаларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари билан ижтимоий шериклик асосида йўлга қўйган фаолияти ёшлар, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш йўналишидаги ишлар кўламини кенгайтиришга кўмаклашмоқда. Ўйлаймизки, бу борадаги ўзаро ҳамкорлигимиз яна давом этади.
Тадбирда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Тасвир ва тасаввур Етуклик мезони »