Тасвир ва тасаввур
  • 25 Ноябрь 2014

Тасвир ва тасаввур

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганлигининг 22 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси — мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” лойиҳаси доирасида “Ватан келажаги сенинг қўлингда!” ва “Мен сайловга тайёрман” шиори остида расмлар танлови бўлиб ўтди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Бадиий академия мутасаддилари, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Республика рассомлик коллежи, республика ихтисослаштирилган санъат мактабларининг иқтидорли талаба-ўқувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Таъкидландики, юртимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни ҳеч кимдан кам бўлмаган, баркамол ва етук инсонлар этиб вояга етказиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
Ушбу расмлар танловида талаба-ёшлар мамлакатимизда ҳаётга татбиқ қилинаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, фаол фуқаролик позицияси, юртимиздаги мислсиз ўзгаришлар ва барча соҳалардаги улкан ютуқларни ўз ижодий ишларида намойиш этишди.
— Бу каби танловлар ҳуқуқий билимимизни бойитиш билан бирга, ижодий маҳоратимизни оширишга ҳам имкон бермоқда, — дейди Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаси Комила Носирова. — Шу аснода тенгқурларимизнинг тасвирий санъат асарлари билан танишдик, ижодий мулоқотда бўлдик.
Тадбир доирасида таниқли рассомлар томонидан ёшлар учун маҳорат дарслари уюштирилди.

Д. АБДУРАИМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn