Бола манфаатлари қонун ҳимоясида
  • 22 Ноябрь 2014

Бола манфаатлари қонун ҳимоясида

Ёшлар ижод саройида Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 25 йиллиги ҳамда Соғлом бола йилига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси ҳамда БМТнинг Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда вазирлик ва идоралар вакиллари, юртимизнинг барча ҳудудидан келган 700 нафар ёш қатнашди.
Мамлакатимизда соғлом ва маънан етук авлодни тарбиялаш, уларнинг ҳаётда муносиб ўринларини топишларига кўмаклашиш борасида ибратли ишлар амалга оширилаяпти. Бундан ташқари, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом фарзандни дунёга келтириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътиборга лойиқ. Айниқса, жорий йилнинг “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши баркамол авлодни вояга етказиш, бунинг учун барча шарт-шароитни яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканидан яққол далолат беради.
Юртимизда болаларнинг қизиқиш ва орзу-истакларини рўёбга чиқариш, ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам изчил чора-тадбирлар амалга ошириб келинаяпти. “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси нормалари ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани бунинг ёрқин далилидир.
Тадбирда ёшлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, мутахассислар билан учрашиб, бола ҳуқуқларига оид ҳужжатларнинг аҳамияти, унинг жамиятдаги ўрни хусусида қизғин мулоқот қилдилар.

Д. АБДУРАИМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn