Замонавий, қулай, сифатли
  • 20 Ноябрь 2014

Замонавий, қулай, сифатли

спорт инвентарлари, ускуналари ҳамда болалар товарлари ёш авлоднинг ҳар томонлама етук бўлиб вояга етишида муҳим ўрин тутади

«Ўзэкспомарказ»да «Sport World Uzbekistan — 2014» ва «Болалик дунёси — 2014» халқаро кўргазмалари иш бошлади.
Кўргазмалар «Соғлом бола йили» Давлат дастури ижроси доирасида  Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси кўмагида «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуи томонидан ташкил этилди.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда жисмонан ва маънан соғлом, замонавий билим ҳамда тажрибаларни пухта эгаллаган, ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни вояга етказиш устувор вазифа сифатида белгилаб олинган. Шу боис таълим тизимини ривожлантириш жараёнида унинг узвий қисми сифатида спортнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, умумтаълим мактаблари қошида, шунингдек, аҳоли яшаш жойларида кўркам спорт мажмуалари бунёд этиш, уларни бугунги кун талабларига мос ускуна ва инвентарлар билан жиҳозлаш, ушбу иншоотлардан самарали фойдаланиш бўйича салмоқли ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Президентимизнинг 2002 йил 24 октябрдаги «Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида»ги ва 2004 йил 29 августдаги «Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари бу борада, айниқса,  муҳим аҳамият касб этаётир.
Жамғарма ташкил этилганидан буён ўтган вақт мобайнида барча вилоят ва туманларимизда 1586 та болалар спорти объекти, жумладан, 271 янги спорт комплекси, 934 та спорт зали барпо этилди, фаолият кўрсатаётган 285 та спорт иншооти, 96 та сузиш ҳавзаси реконструкция қилинди ва капитал таъмирланди. 230 та болалар мусиқа ва санъат мактаби фойдаланишга топширилди. Ушбу объектларнинг 81 фоизи қишлоқ жойларда эканлиги диққатга сазовордир.
Яна бир жиҳати шундаки, спорт мажмуалари, асосан, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган жиҳозлар билан таъминланмоқда. Чунки саноатнинг мазкур йўналишида ҳам мамлакатимизда бой тажриба тўпланган. Масалан, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган дастлабки йилда маҳаллий корхоналаримиз томонидан болалар спорти объектлари учун зарур бўлган 120 турдаги инвентардан 73 тури тайёрланган бўлса, бугунги кунда 116 турдаги спорт анжомлари ва ускуналари ишлаб чиқарилаяпти. Бу борада «Ўз-Тонг Хонг Ко», «Ўз-Донг Янг Ко» каби қўшма корхоналар, «Стеклопластик», «Машхим», «Хўжаобод» масъулияти чекланган жамиятлари, шунингдек, «Sport Jihoz Lyuks», «Qalb me’mori nuri» хусусий корхоналари, «Asia Sport-S» хусусий фирмаси ва бошқа кўплаб тадбиркорлик субъектлари фаолияти эътиборга молик. Қолаверса, «Ўзбекенгилсаноат» давлат акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналарда илғор технологиялар асосида сифатли спорт кийимларини тикиш йўлга қўйилган.
— Кўргазмада ўз маҳсулотларимиз билан қатнашаётганимиздан мамнунмиз. Фаолиятимизни 2003 йилда чарм-атторлик буюмлари ишлаб чиқаришдан бошлаган бўлсак, 2007 йилдан эътиборан спорт анжомлари тайёрлашни ҳам йўлга қўйдик, — дейди Балиқчи туманидаги «Mini teks» кичик корхонаси раҳбари Аширали Аҳмедов. — Дастлаб фақат беш турдаги маҳсулот билан чекланган эдик. Бугун буюртмачиларга 26 турдаги спорт жиҳозларини етказиб бераяпмиз.
«Болалик дунёси – 2014» кўргазмасида эса болалар ва ўсмирлар учун турли товарлар — болалар адабиёти, ўйинчоқлар, ақлни чархлайдиган ўйинлар, санитария-гигиена воситалари, кийим ва пойабзал маҳсулотлари омма эътиборига ҳавола қилинган.
Кўргазманинг «Болалар адабиёти» бўлимида «Ўзбекистон», «Ўқитувчи», Fафур Fулом номидаги, Чўлпон номидаги нашриётларда чоп этилган кенг турдаги болалар, ўқув ва уқув-услубий адабиётлар намойиш этилмоқда.
Шунингдек, «Original Lyuks Servis»  ва «Гарант мебель» компаниялари тақдим этаётган кенг турдаги болалар мебеллари, «Toys-Plast», «Avranazeb» ва «Optima Best Plast» масъулияти чекланган жамиятлари намойиш этаётган болалар ўйинчоқлари ва ақлни чархлайдиган ўйинлар иштирокчиларнинг эътиборини тортмоқда.
Ташкилотчиларнинг қайд этишича халқаро кўргазмалар юртимиз ишлаб чиқарувчиларига ўз маҳсулотларини намойиш этиш, шунингдек, хорижий давлатларнинг спорт ва болалар товарларини тайёрлайдиган етакчи компаниялари вакиллари билан учрашиш, музокара ўтказиш, тажриба алмашиш имконини беради.

Шавкат ОРТИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn