Ёнғин хавфсизлиги ойлиги эълон қилинди
  • 19 Ноябрь 2014

Ёнғин хавфсизлиги ойлиги эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 ноябрдаги “Ҳар йили ёнғин хавфсизлиги ойлигини ўтказиш тўғрисида”ги қарори билан жорий йилнинг 20 ноябридан 20 декабрига қадар юртимизда ёнғин хавфсизлиги ойлиги, деб эълон қилинди.

Шу муносабат билан Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан ташкил этилган анжуманда бу даврда амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.
Эътироф этилганидек, мамлакатимизда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича бой тажриба тўпланган. Ушбу йўналишдаги тузилмалар фаолияти изчил йўлга қўйилиб, соҳа қонунчилиги замон талабларига мос равишда такомиллаштирилмоқда. “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунга биноан, ёнғин хавфсизлиги хизмати ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари, корхона ва хўжаликлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг шу йўналишдаги масъулияти кучайтирилди. Бу амалда ўзини тўла оқламоқда. Тизимда қўлга киритилаётган натижалар бунинг тасдиғидир. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида уларнинг саъй-ҳаракатлари билан ёнғинлар сони сезиларли даражада камайди. Бу борада жойларда олиб борилаётган профилактик тадбирлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Масалан, шу йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида тизим ходимлари томонидан ёнғинларнинг олдини олиш мақсадида 46 мингдан зиёд корхона, ташкилот ва муассасаларнинг ёнғинга қарши ҳолати текширилди. Текширувлар чоғида аниқланган 932 мингдан ортиқ турли камчилик ва нуқсонларнинг 84 фоизи вақтида бартараф этилди. Ёнғинларнинг 73,3 фоизи тураржойларга тўғри келишини инобатга олиб, хонадонлар ва кўп қаватли уйларнинг ёнғинга қарши ҳолати назоратдан ўтказилди. Айни чоғда ўта муҳим объектлар ва ўқув масканлари, умуман, аҳоли кўп тўпланадиган жойларда 25 мингдан зиёд ёнғин хавфсизлиги бурчаклари ташкил этилди. Эслатма ва плакатлар тайёрланиб, жойларга етказилди. Ойлик давомида бу борадаги ишлар янгича суръат олади.
— Тилсиз ёв — ёнғин куз-қиш ойларида кўпроқ кузатилишини инобатга олиб, ҳар йилнинг шу даврида республикамизда ёнғин хавфсизлиги ойлиги ўтказиш анъанага айланган, — дейди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси бўлим бошлиғи И. Азимов. — Муҳими, ойлик доирасида корхона ва ташкилотлар, муассасалар ходимлари, умуман, барча юртдошларимизнинг фаол иштироки кутилмоқда. Шунингдек, барча идора ва корхоналар, муассаса ва ташкилотлар, уй-жойлар ёнғин хавфсизлиги талабига мос ҳолатга келтирилади. Ўта муҳим объектларда эса комплекс чора-тадбирлар рўёбга чиқарилади. Тарғиботни янада кучайтириш мақсадида реклама воситаларидан ҳам унумли фойдаланилади.
Бундай кенг кўламли чора-тадбирлар ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда халқимизнинг осойишталигини таъминлашга хизмат қилади.


З. ХОЛТЎРАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn