Баланд ҳилпирайвер, юртим байроғи!
  • 19 Ноябрь 2014

Баланд ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан давра суҳбати ўтказилди.

Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган “Баланд ҳилпирайвер, юртим байроғи!” деб номланган мазкур тадбирда жамоат ташкилотлари вакиллари, халқ таълими ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқитувчилари, ота-оналар, ўқувчи-ёшлар қатнашди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Кўркам ўқув, соғлиқни сақлаш муассасалари, болалар спорти иншоотлари, шунингдек, маданият ва аҳоли дам олиш масканлари келажак ворисларининг ҳар жиҳатдан етук бўлиб улғайишлари, она-Ватанга муҳаббат, миллий қадрият ҳамда анъаналарга садоқат руҳида камол топишларида муҳим омил бўлаяпти. Қолаверса, ёшларимиз тарбиясида давлатимиз рамзлари ҳам катта ўрин тутади.
Хусусан, байроғимиз ҳар бир юртдошимизнинг фахр, ифтихорига айланган. Қонун билан белгиланган тегишли идоралар пештоқи, қолаверса, муҳим саналар, шодиёналар, спорт мусобақалари ва бошқа нуфузли тадбирларда юртимиз байроғи ҳилпираганда, беихтиёр юрагимизда ғурур туямиз. Негаки, унда давлатимизнинг шон-шуҳрати, халқимизнинг куч-қудрати акс этади.
Тадбир доирасида истеъдодли ёшларнинг ҳунармандлик буюмлари, тасвирий санъат асарлари намойиш қилинди.


Одинахон ХОЛИҚОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn