Баркамол авлод тарбиясига масъуллик
  • 18 Ноябрь 2014

Баркамол авлод тарбиясига масъуллик

хотин-қизлар қўмиталари саъй-ҳаракатида ҳам яққол намоён бўлмоқда

Аёлни қадрлаш, оғирини енгил қилиш, ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилада ўзаро ҳурмат ҳамда меҳр-муҳаббат муҳитини, юксак ахлоқий ва маънавий қадриятларни шакллантириш, ёш оилаларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатишга оид устувор вазифалар “Соғлом бола йили” Давлат дастурида алоҳида белгилаб берилган.
Поёнига етаётган йилда вазирликлар, идоралар, жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари томонидан унинг ижросини таъминлашга жиддий ёндашилмоқда. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг шу йўналишда амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари бунинг ёрқин далилидир.
Ёш авлод тарбияси, уларнинг тафаккури ва дунёқарашини тўғри шакллантиришда оиланинг ўрни беқиёс. Республикамизда ҳар йили 250 — 300 минг янги оила барпо бўлишини назарда тутадиган бўлсак, бугунги кунда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса, ёш ота-оналарнинг маънавиятини юксалтириш муҳим ва долзарб масаладир. Шу жиҳатдан “Китоб — қиз сарпосининг безаги” номли лойиҳа асосида оила қураётган ёшларнинг сарпосига китобларни қўшиб бериш нафақат анъанага айланди, балки никоҳнинг маънавий мезонини юксалтирди.
— Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилган “Энг намунали оила” кўрик-танлови орқали оилаларда соғлом маънавий муҳитни қарор топтиришга ҳаракат қилдик,  — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Озода Парпибоева. — Тўққиз мингдан ортиқ оила  иштирок этган танловнинг республика босқичида жамиятда обрў-эътиборга эга, фарзандлари тарбиясида барчага ўрнак бўлган 14 та ғолиб оиланинг ҳаётий тажрибалари, муваффақиятлари ибрат қилиб кўрсатилди. Бу, ўз навбатида, ёш оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёшларни турмушнинг паст-баландини енгиб ўтишларига кўмаклашишда катта роль ўйнашига ишончим комил.
Шу билан бирга, фарзандларимиз онгига миллий қадриятларимизни сингдириш, уларда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш мақсадида республикадаги 5000 га яқин мактабгача таълим муассасаларида “Зумрадойлар давраси” тўгараклари ташкил этилди. Буни ҳам тарбияни, хусусан, оила ва таълим-тарбия муассасалари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлайдиган, болалар руҳиятига миллий қадриятларни сингдириб борадиган усул, деб айтиш мумкин.
Қайд этиш жоизки, аҳоли, айниқса, қишлоқ жойларда яшовчи аёллар турмуш даражасини янада яхшилаш, тадбиркорлигини ривожлантириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳам ўз самарасини бермоқда. Чунончи, “2014 йилнинг энг яхши лойиҳаси” танловида фаол иштирок этган 15 нафар аёлнинг ижтимоий аҳамиятга молик бизнес лойиҳалари ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, уларга 2,2 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилди.
— Бугун биз каби аёлларнинг илғор ғоя ва ташаббуслари рўёбга чиқарилиб, тадбиркорлик билан шуғулланаётганлар сони тобора ортиб бормоқда, — дейди шўрчилик тадбиркор Сайёра Абрайқулова. — Менинг баскетбол ва минифутболга мўлжалланган “Сунъий қопламали спорт майдончаси” қуришга оид лойиҳамни амалга ошириш учун тижорат банки томонидан 60 млн. сўм кредит ажратилди. Натижада 6 та янги иш ўрни яратилди. Айни чоғда мазкур стадионда юзлаб болалар бир қатор спорт турлари билан шуғулланиб, бўш вақтларини мазмунли ўтказмоқда.
Дарҳақиқат, Давлат дастурида бу борада белгиланган вазифалар юртимиз аёлларининг тадбиркорлик қобилияти, умуман, имкониятларини тўла-тўкис юзага чиқармоқда. Хусусан, ўтган даврда аёллар тадбиркорлиги ва оилавий бизнесни ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида тижорат банклари томонидан 745,2 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Бундан ташқари, аёлларни тадбиркорликка ўқитиш ва уларда корхонани самарали юритиш кўникмаларини ривожлантириш мақсадида Тошкент, Наманган, Сирдарё, Жиззах, Сурхондарё ва Навоий вилоятларидан минг нафар, Қорақалпоғистон аёллари учун иқтисодий имкониятларни кенгайтиришга қаратилган лойиҳа бўйича эса Мўйноқ туманидан юз нафар хотин-қизнинг иқтисодий билимлари оширилгани диққатга сазовор.
— Ҳозирги вақтда касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлар, шу жумладан, қизлар тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этилмоқда, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маруфова. — Албатта, бунда тижорат банкларининг молиявий кўмаги катта бўлаётир. Хусусан, ўтган даврда улар томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига жами 168,7 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилган бўлиб, шундан 59,8 млрд. сўми айнан қизлар учун йўналтирилган. Ўтган йили республикамиздаги касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг 49 фоизини қизлар ташкил этди. Қўмитамиз ташаббуси билан жамоатчилик ва масъул ташкилотлар ҳамкорлигида битирувчи қизларни иш билан таъминлаш мақсадида 1700 та штаб тузилди. Ҳамкорликдаги ишлар натижасида 201 минг 33 нафар битирувчининг иш билан таъминланишига эришилди.
Аёнки, фарзандларимизни соғлом ва баркамол вояга етказишда хотин-қизлар саломатлигини асраш, уларни турли касалликлардан ҳимоя қилиш муҳим ўрин тутади. Зеро, соғлом бола соғлом онадан туғилади, соғлом турмуш тарзи қарор топган оилада вояга етади. Шу боис аҳолига, жумладан, болалар ва аёлларга кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини яхшилашга жиддий ёндашилмоқда.
— Қўмитамиз томонидан бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда аёллар саломатлигига эътиборни кучайтириш, ёшлар ўртасида соғлом оила қуриш, фарзандлар тарбияси бўйича тизимли асосда тушунтириш ишлари олиб борилаяпти, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Нилуфар Тожибоева. — Бунинг самарасида  ўтган даврда фертиль ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини мустаҳкамлаш ҳафталиклари доирасида 7 миллионга яқин туғиш ёшидаги аёл ва салкам 7 миллион нафарга яқин бола тиббий кўрикдан ўтказилиб, аниқланган касалликлар бўйича соғломлаштирилди. Мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидаги туманларда “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида 204 минг 123 нафар фуқаро, жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида республика миқёсида қарийб 274 минг нафар никоҳланувчи шахс тиббий кўрикдан ўтказилди. Айни чоғда хотин-қизларни турли касалликлардан ҳимоя қилиш мақсадида профилактика чора-тадбирлари кучайтирилмоқда.
“Соғлом она — соғлом бола” лойиҳаси доирасида соғлом турмушни аҳолининг кундалик ҳаёт тарзига айлантириш бўйича яратилган www.soglik.uz портали ёш ота-оналарнинг репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш борасидаги тушунчаларини янада бойитишда муҳим омил бўлаётир. 
Мухтасар айтганда, “Соғлом бола йили” Давлат дастури ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш ва тарбиялаш, хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш, оилаларда соғлом муҳитни қарор топтириш, ёшларда она-Ватанга муҳаббат, юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштиришда дастуриламал бўлмоқда.

Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn