Юксак ғурур ва ифтихоримиз рамзи
  • 18 Ноябрь 2014

Юксак ғурур ва ифтихоримиз рамзи

Юртдошларимиз қалбида ватанпарварлик туйғусини жўш урдиришда, киндик қони томган тупроққа юксак эҳтиром ва ҳурмат билан қарашни шакллантиришда давлатимизнинг муқаддас рамзларидан бири — миллий байроғимизнинг аҳамияти беқиёс.

Ўз тақдирини шу озод ва обод Ватан тақдири билан боғлаган, эзгу ният ва истакларини мамлакат тараққиётига дахлдор деб билган, миллатидан, динидан қатъи назар, жонажон Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси байроғимизнинг ҳилпираб туришидан бутун вужудида фахру ифтихор туяди.
Бинобарин, миллий давлатчилигимиз тарихининг барча даврида байроқ Ватан тимсоли сифатида азиз ва муқаддас саналган. Хусусан, бобокалонимиз Амир Темур салтанатида давлат рамзларига алоҳида эътибор  берилган. Соҳибқирон жанг майдонида бир лашкар омон қолса ҳам, у Ватани байроғини баланд тутсин, деб фармон берган. Чунки жангу жадалларда байроқнинг қулаши ёки душман қўлига ўтиши мағлубият белгиси, деб қабул қилинган.
Ватанимиз мустақилликка эришгач, 1991 йилнинг 18 ноябрида Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур Қонунда таъкидланганидек, миллий  байроғимиз давлат суверенитетининг рамзларидан биридир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида ҳилпираб турган юзлаб байроқлар орасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи ҳам борлиги қалбимизда ғурур ва ифтихор ҳиссини тўлқинлантиради.
Давлатимиз байроғи Президент девони, Олий Мажлис палаталари, Ҳукумат биноси, маҳаллий бошқарув идоралари, Ўзбекистон аъзо бўлган  халқаро ташкилотлар, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ва савдо ваколатхоналари, консуллик муассасаларида ҳилпираб турибди.
Президентимизнинг хорижий давлатларга расмий ташрифлари давомида байроғимиз ўша мамлакат кўчаларини безайди. Турли байрам тантаналарида, мамлакатимиз делегациялари қатнашаётган халқаро тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимиз шарафи, халқимизнинг ғурур ва ифтихорини ёрқин акс эттирадиган омиллардан бири ҳам айнан байроғимиздир.
Ватан ҳимояси учун ҳарбий қасамёд қилаётган ўғлонлар байроқ олдида тиз чўкиб, уни кўзига суртади. Жаҳон миқёсидаги мусобақаларда ғалаба қозонган спортчиларимиз давлатимиз байроғини баланд кўтариб, ғолиблик завқини суради.
Давлатимиз байроғидаги ҳар қайси ранг, ҳар бир белги чуқур маъно-мазмунга эга. Улар миллий давлатчилигимиз тарихидаги эзгу ифодаларни, айни пайтда мамлакатимизнинг табиий, миллий ва маънавий хусусиятларини ўзида мужассам этган. “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонунда миллий тимсолимизни тасвирлаш ва ўрнатишга оид рангли-схематик тартиблар белгиланган.
Байроқдаги мовий ранг — мусаффо осмон ва тиниқ сув еру кўкдаги ҳаёт манбалари  ифодаси. Оқ ранг тинчлик ва поклик рамзи сифатида давлатимиз ошадиган довонларга йўл очади. Яшариш ва янгиланиш тимсоли бўлган яшил ранг юртимизнинг гўзал табиатига қиёсдир. Қизил чизиқлар эса томиримизда жўшиб оқаётган аждодлар қони — ҳаётий қудрат ва бардавомлик нишонасидир.
Буюк келажак, эртанги кунга умид ва ишонч тимсоли — Янги ой юртимиздаги тинчлик ва фаровонликни, айни пайтда давлатчилигимиз тарихида янги давр бошланганини ёрқин акс эттиради. Унинг ёнида саф тортган 12 юлдуз эса беғуборлик, мукаммаллик, донишмандлик каби сифатлар  ифодасидир.  
— Муқаддас байроғимизни ҳар куни кўзларимизга тўтиёлар қилсак арзийди, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, Гурлан туманидаги 5-мактаб директори Анора Маҳмудова. — Чунки у миллий ўзлигимизни англатиб турувчи, шу билан бирга, навқирон авлодни эл-юртга садоқатли фарзандлар этиб тарбиялашга ундовчи қудратли рамздир. Ўқитувчилик касбидан обрў-эътибор топган мутахассис ҳамда она сифатида айтаманки, бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар эртанги кунимизнинг ишончи ва таянчи саналган ўғил-қизларимизни Ватаннинг муносиб фарзандлари бўлишга, демакки, юртимиз байроғини баланд кўтаришга қодир этиб тарбиялашга хизмат қилаётгани, шубҳасиздир.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn