«Diplomatic Magazine»: «Маҳалла — фуқаролик жамияти шаклланишининг асоси»
  • 18 Ноябрь 2014

«Diplomatic Magazine»: «Маҳалла — фуқаролик жамияти шаклланишининг асоси»

Яқинда Бельгия ва Нидерландиядаги оммабоп нашрлардан бири — “Diplomatic Magazine” журналининг навбатдаги сонида ана шундай сарлавҳа остида салмоқли мақола босилиб чиқди.

Унда европалик ўқувчилар мамлакатимиздаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институти — маҳалланинг жамиятимиз ҳаётида тутаётган ўрни ва аҳамияти билан яқиндан таништирилган.
Мақолада қайд этилганидек, республикамиз мустақил ривожланиш йилларида катта муваффақиятларни қўлга киритишга эришди. Чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ этилиши туфайли мамлакат иқтисодиёти 5 баробар ўсди. Жон бошига ҳисобланганда аҳоли даромадлари 8,7 баравар кўпайди. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозига қарамай, кейинги ўн йил ичида мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари 8 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда.
“Бугунги Ўзбекистон ўзбек халқининг манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш салоҳиятига эга ҳамда ўз мустақиллигини янада мустаҳкамлашга қодир бўлган мамлакат ҳисобланади”, дея таъкидланади нашрда.  
Мақолада республикамизда  ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва фуқаролараро тотувлик, ўзаро ҳурмат ҳамда меҳр-оқибат муҳити, Ўзбекистон халқининг ўзгариб бораётган дунёқараши ва онгу тафаккури, уларнинг ҳуқуқий ва сиёсий маданияти ҳамда фаоллиги ортиб бораётгани ривожланиш ва тараққиётнинг муҳим омиллари сифатида қайд этилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси барча ижтимоий-сиёсий кучларнинг бу жараёнга сафарбар қилинишида ҳал қилувчи аҳамият касб этаётгани ҳам эътироф этилган.
Маълум қилинганидек, “Истиқлолнинг дастлабки йилларида кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ижтимоий сиёсатни самарали равишда ҳаётга татбиқ этиш жараёнида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи — маҳалла қайта тикланди. Маҳалла ўзбек халқининг мустаҳкам қадрияти бўлиб, мамлакатни модернизациялашда унинг аҳамияти каттадир. Бу институт ўзбек заминида узоқ даврлардан буён  жамиятни бошқаришнинг анъанавий тизими сифатида шаклланиб келган ноёб ва бетакрор миллий тажриба ҳисобланади”.
“Асрлар давомида маҳалла бир ҳудудда истиқомат қилувчи ва ягона ахлоқий, маданий қадриятлар, манфаатлар, анъана ва удумлар орқали боғланган одамларнинг йиғини бўлиб келган. Унда худди катта ва аҳил оиладагидек ўзаро ёрдам, адолат ва инсонийлик руҳи ҳукмронлик қилган. Бугун мазкур орган жамиятни демократлаштириш, тинчлик ва миллатлараро ҳамжиҳатликни  таъминлашда катта аҳамиятга эга бўлиши баробарида, ўз ҳудудини бошқариш, аҳолига аниқ мақсадга йўналтирилган ижтимоий ёрдам кўрсатиш, одамларнинг турмуши билан боғлиқ кўплаб ижтимоий, гуманитар масалаларни ҳал қилиш борасида катта ваколатларга эгадир”, деб ёзилади нашрда.
1992 йил 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганидан бошлаб маҳалла фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш йўналишидаги тизимли ва изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
“Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддасига мувофиқ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек, улар таркибидаги маҳаллаларда ҳамда шаҳарлардаги маҳаллаларда ташкил этилади. Улар республика ва маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни муҳокама этиш жараёнида қатнашади. Давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ва қонун ҳужжатларида белгиланган ўз ваколатларини тегишли ҳудуд доирасида амалга оширади”.
Мақолада маҳалла институтининг оила ва аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ёшлар орасида жиноятчиликни бартараф этиш сингари янги вазифаларига алоҳида эътибор қаратилган. Таъкидланганидек, “Бугунги кунда маҳалла илгари давлат ҳокимиятининг жойлардаги органлари ваколатида бўлган 30 дан зиёд ижтимоий-иқтисодий йўналишдаги вазифаларни бажармоқда”.
“Шуни қайд этиш жоизки, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши фуқаролик жамиятининг демократлашуви ва унинг мустаҳкамланиши учун шарт-шароитларни яратади”, деб ёзилади нашрда. Ҳақиқий демократиянинг олий мазмуни  — фуқаролар ўртасида  миллатлараро, ҳукумат ва жамоатчилик муносабатларини уйғунлаштириш, яъни инсон ва жамият, жамият ва давлат ҳокимияти ўзаро тинчликда ва ҳамжиҳатликда яшашини таъминлашдан иборатдир. Фуқаролик жамиятининг уч асосий унсури мавжуд — суверен шахс, жамият ва ҳукумат. Ўзбекистонда аллақачон фуқаролик жамияти тараққиёти учун қулайликлар яратадиган, замонавий жамиятда анъанавий фуқаролик институтларининг фаолияти учун оқилона модель сифатида намоён бўладиган тизим барпо этилган”.
Шунингдек, мақолада маҳалланинг ўрни жойлардаги иқтисодий ва ижтимоий ривожланишга оид масалаларнинг ечими билан чегараланиб қолмагани ва бу институт кўмагида маънавиятни, анъанавий ахлоқий қадриятларни қайта тиклаш ва ривожлантириш сингари кўпгина долзарб муаммоларни ҳал этиш мумкинлиги ҳам қайд этилади. “Мазкур институтнинг жамиятда ўзаро муносабатларни шакллантириш ҳамда миллий қадриятларни ривожлантиришдаги аҳамияти чексиздир. Шу боис ижтимоий муҳофаза ва оилани мустаҳкамлаш жабҳасидаги Ўзбекистон тажрибаси барқарор демократик тараққиётга интилаётган кўплаб мамлакатлар учун ҳам фойдали бўлиши мумкин”, деб  ёзади  “Diplomatic Magazine”.

«Жаҳон» АА.
Брюссель

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn