Симсиз интернет хизмати
  • 18 Ноябрь 2014

Симсиз интернет хизмати

Шаҳрисабзда сайёҳларга янада қулайлик яратиш мақсадида “Wi-Fi” — симсиз интернет тизими жорий этилди.

Шаҳарга ташриф буюрувчилар Китоб темир йўл вокзали, “Шаҳрисабз” меҳмонхонаси, Амир Темур номидаги музей ҳамда бир қатор тарихий мажмуалар атрофида ушбу замонавий қулайликдан баҳраманд бўлишлари мумкин. Айни пайтда “Wi-Fi” сигнал қамрови ҳудудини янада кенгайтириш борасида иш олиб борилмоқда.
— Компаниямиз томонидан тақдим этилаётган мазкур хизмат тури шаҳримиз меҳмонлари ва аҳоли учун кенг имконият яратди, — дейди  “Ўзбектелеком” АК Қашқадарё филиали Шаҳрисабз телекоммуникациялар боғламаси бошлиғи Акрам Зайнитдинов. — Шу мақсадда бир неча километр масофадаги ер ости алоқа линиялари шиша толали кабелларга алмаштирилди. Бинобарин, кўп қаватли уйлар, маҳалла гузарлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, истироҳат боғлари ҳамда хиёбонларда ҳам симсиз интернет тизими жорий этилмоқда.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn