Ташаббускор ва интилувчан ёшлар
  • 18 Ноябрь 2014

Ташаббускор ва интилувчан ёшлар

иқтисодий тараққиётимиз таянчи ҳамда бунёдкорларидир

Пойтахтимизда “Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам” шиори остида ўтказилган кўргазма ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшларнинг ҳар томонлама етук ва баркамол вояга етишлари, ўзлари меҳр қўйган касб-ҳунар сирларини пухта ўрганишлари учун барча шарт-шароит муҳайё этилганини алоҳида таъкидлашди. Бугунги кунда коллеж битирувчиларини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, улардаги ишбилармонлик қобилиятини юзага чиқариш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самараларни бермоқда. Бинобарин, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур форум ёшларимиз эришаётган ютуқларни кенг намойиш этиш билан бирга, улар ўртасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашиш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ҳам хизмат қилаётгани аҳамиятлидир.
Икки кун давом этган кўргазмада намойиш қилинган маҳсулотлар билан танишар экансиз, улар юқори сифати, бежирим дизайни билан ички ва ташқи бозорда бемалол рақобатга кириша олишига амин бўласиз. Бу баркамол авлод вакилларининг бизнес илмини яхши ўзлаштираётганидан, ташаббускор ҳамда янгиликка интилишидан далолат беради.
— Тадбир давомида кўплаб тенгдошларимнинг бизнесдаги ютуқлари ва фойдали лойиҳалари билан танишдим, — дейди қорақалпоғистонлик Гулмира Абдухолиқова. — Ўз навбатида, хусусий корхонамизда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик буюмларимизни намойиш қилдик. Қувонарлиси, маҳсулотларимиз кўпчиликка манзур бўлиб, шу ернинг ўзида бир нечта ташкилот ҳамда корхоналар билан шартномалар имзоланди.
Навқирон фермерлар томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳам кўргазмага ташриф буюрганлар эътиборидан четда қолмади. Жумладан, Хатирчи туманидаги деҳқончилик ва боғдорчиликка ихтисослаштирилган “Мадраҳим Дилафрўз” фермер хўжалиги экспозицияси одамлар билан гавжум бўлди. Фермер Нурмуҳаммад Бобоназаровнинг айтишича, мазкур хўжалик тасарруфида 177,7 гектар ер майдони бўлиб, ҳар йили мўл-кўл боғ ҳамда дала неъматлари етиштирилмоқда. У келгусида чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик тармоқларини йўлга қўйишни ҳам режалаштирган.
Ярмарка якунида кўргазма доирасида ташкил этилган танлов ғолиблари аниқланиб, тақдирланди. Унга кўра, Наманган туманидаги “Водий ёғоч савдо” хусусий корхонаси раҳбари Исломбек Қутбиддинов “Йилнинг энг намунали ёш тадбиркори”, Қумқўрғон туманидаги “Ражаб полвон Абдуллаев” фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёр Абдуллаев “Йилнинг энг намунали ёш фермери” ҳамда тошкентлик ҳунарманд Тоҳиржон ўозиев “Йилнинг энг намунали ёш ҳунарманди” номинацияларида ғолиб бўлди.

Дилмурод СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn