Инсон манфаатлари — олий қадрият
  • 18 Ноябрь 2014

Инсон манфаатлари — олий қадрият

“Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 40-моддаси.

Бугун тиббиётимиз эришган ютуқлардан бири — тезкор ва аниқ ташхис қўйиш, самарали даволаш имкониятларининг тобора кенгайиб бораётганида. Бунда шифо масканларининг илғор ва замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланаётгани, инновацион технологиялар изчил татбиқ этилаётгани ҳамда соҳа ходимлари малакаси босқичма-босқич ошириб борилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, айни кунда Бухоро вилоятида 401 даволаш-профилактика муассасаси фаолият кўрсатаётир. Жорий йилнинг ўтган даврида Инвестиция дастурига мувофиқ, улардан саккизтасида реконструкция ва қурилиш ишлари амалга оширилган бўлса, 2015 йилда яна 37 миллиард сўмлик бунёдкорлик юмушларини бажариш кўзда тутилган. “Саломатлик-3” лойиҳаси маблағлари ҳисобига Олот, Қоракўл, Жондор ва Пешку туманлари тиббиёт муассасалари учун 2,6 миллиард сўмлик замонавий тиббий асбоб-ускуналар ажратилди. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази хориж гранти асосида 186 минг евро миқдоридаги тиббий ускуналар билан таъминланди.
Вилоятимизда репродуктив ёшдаги хотин-қизларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, ҳомиладор аёлларни поливитаминлар билан таъминлаш, она-бола скрининг хизматини ривожлантириш, неонантал ва перинатал ёрдамни самарали ташкил этиш, оилада тиббий маданиятни оширишга устувор вазифа сифатида қаралаяпти. Хусусан, ишга тизимли тарзда ёндашув яхши самара бермоқда. Чунончи, шаҳар ва қишлоқларда яшовчи 500 минг нафардан зиёд туғиш ёшидаги аёллар тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси яратилди. Ушбу база онлайн режимда янгиланиб борилаяпти. Келгусида 18 ёшгача бўлган болалар бўйича, шунингдек, эндокрин хасталиклар, онкологик, юқумли, сил ва юрак-қон томир касалликлари билан оғриган беморлар бўйича ҳам шундай электрон базалар яратиш режалаштирилган.
Вилоят даволаш-профилактика муассасалари ва Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмасида фаолият кўрсатаётган акушер-гинекологларнинг қишлоқ врачлик пунктларига бориб, амалий ёрдам кўрсатишлари ҳам тизимли тарзда йўлга қўйилган. Ҳар куни 12 нафар малакали мутахассис тасдиқланган жадвал асосида туманларда бўлади. Пировардида жорий йилнинг ўтган даврида салкам эллик минг нафар фертиль ёшидаги аёлларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилди. Натижада хотин-қизлар ўртасида учрайдиган турли касалликлар 27,9 фоиз, шу жумладан, асоратли туғуруқлар 32,9 фоиз камайди. Ҳомиладор аёлларнинг оғир аҳволда туғуруқ муассасаларига мурожаати эса 58,7 фоиз камайгани кузатилди. Умуман, ўтган давр мобайнида вилоят аҳолисининг 96,7 фоизи чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Қишлоқ врачлик пунктларида фаолият кўрсатаётган умумий амалиёт врачларининг билим савиясини янада оширишга ҳам тизимли ёндашиляпти. 276 та ҚВПнинг 200 нафар шу ихтисосдаги шифокори 12 та йўналиш бўйича ўқитилаяпти. Бунда вилоят тиббиёт муассасалари бош  мутахассисларининг жойларга бориб ўқувларни ташкил этишлари ижобий натижа бермоқда. Соғлом бола йилида амалга оширилаётган бу каби кенг қамровли ишлар кўпчиликнинг назарига тушаяпти. Шу йилнинг ўтган даврида вилоят соғлиқни сақлаш тизимида республика ва халқаро даражадаги бешта анжуман ўтказилгани ана шундан далолат беради. Хусусан, “Аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдами сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда амбулатор-поликлиника муассасалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича 2014 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар” мавзуидаги республика семинари мазмунли кечди. Унда барча вилоятлардан соғлиқни сақлаш тизими мутахассислари ташриф буюриб, Бухорода аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш ва соғлом оилани шакллантириш бўйича олиб борилаётган ишларни ўргандилар, Бухоро тажрибасини ўзларида татбиқ этиш учун етарли маълумотларга эга бўлдилар. Бу ҳақда тўхталишимиз бежиз эмас. Инсон манфаатларига қаратилган тизимли ишлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан чуқур таҳлил қилиниб, шу йилнинг 8 майида вазирликнинг “Аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом оилани шакллантириш борасида Бухоро вилоятида амалга оширилаётган тизимли ишларни барча ҳудудларда татбиқ қилиш тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди. Шу тариқа тўпланган тажриба оммалаштирилди.
Аҳоли саломатлигини асраш борасида эришилаётган ютуқларда жонкуяр тиббиёт ходимларининг ҳиссаси катта, албатта. Биз келгусида ҳам соҳани янада ривожлантириш, халқимизга жаҳон андозалари даражасида хизмат кўрсатиш йўлида ўз куч ва билимимизни аямаймиз.

Икром АМОНОВ,
Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи,
тиббиёт фанлари доктори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn