Жамият ривожининг асоси
  • 15 Ноябрь 2014

Жамият ривожининг асоси

“Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”.

(Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18- моддасидан).

Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзаро тотувликда, аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Бинобарин, ҳар бир миллат вакилларининг ўз она тили, маданияти, санъати, халқ ҳунармандчилиги, миллий қадриятларини ривожлантириш имкониятига эга экани жамиятимизда бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойилларининг устуворлигидан далолат беради.
Бағрикенглик — давлат ва жамият тараққиётининг муҳим асосларидан бири. Айниқса, ҳозирги мураккаб глобаллашув шароитида унинг аҳамияти, долзарблиги тобора ошиб бормоқда. 1995 йил 16 ноябрда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессиясида Бағрикенглик тамойиллари тўғрисидаги декларация қабул қилингани ва мазкур сана Халқаро бағрикенглик куни сифатида нишонлаб келинаётгани замирида ҳам дунё халқларини бағрикенгликка, турфа миллат анъаналари ва маданиятларига ҳурмат билан муносабатда бўлишга, энг азиз неъмат — тинчликни асрашга ундаш мақсадлари мужассам.
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Фридрих Эберт номидаги жамғарма (Германия), Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Республика Байналмилал маданият маркази ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда “Миллатлараро муносабатлар ва бағрикенгликни социологик ўрганиш (Ўзбекистон ва Германия тажрибаси)” мавзуида ташкил этган давра суҳбати ҳам Халқаро бағрикенглик кунига бағишланди.
Таъкидланганидек, миллатлараро, конфессиялараро, маданиятлараро ва тиллараро бағрикенглик — ўзбек халқининг ўзига хос тарихий хусусиятидир.  Давлатимиз раҳбари  таъбири билан айтганда, бошқа миллатларнинг вакилларига нисбатан кенгфеъллик ўзбекларда шу қадар ривожланганки, миллий-маънавий кенгфеъллик уларнинг маданияти ва руҳиятининг ажралмас қисмига айланиб кетган.
Тадбирда иштирок этган етакчи социолог-олимлар, демографлар, ҳуқуқшунослар, сиёсатшунослар, иқтисодчилар, республика олий ўқув юртлари вакиллари шулар хусусида сўз юритаркан, Ўзбекистонда миллатлараро муносабатларнинг шаффофлиги, барқарорлиги юртда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг, барча соҳаларда қўлга киритилаётган оламшумул ютуқларнинг муҳим омили эканини таъкидладилар. Зеро,  миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик энг катта бойлигимиз — тинч ва осойишта ҳаётимизнинг гаровидир.

Ф. МАҲКАМОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn