«Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам»
Версия для печати
  • 14 Ноябрь 2014

«Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам»

Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш, эзгу ташаббусларининг кенг қанот ёйишига кўмаклашиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. 

Ана шундай беқиёс ғамхўрлик туфайли бугун йигит-қизларимиз турли соҳаларда ўзлигини намоён этиб, ҳеч кимдан кам эмасликларини исботламоқда. Президентимизнинг жорий йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам навқирон авлодга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг яққол ифодасидир.
Бу ҳақда пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида иш бошлаган “Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам” шиори остидаги II Республика кўргазмасида ҳам алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Марказий банк, Фермерлар кенгаши, “Камолот” ЁИҲ, Давлат Солиқ қўмитаси ҳамда “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур кўргазмада ёш тадбиркорлар, фермер ва ҳунармандлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари қатнашди.
Таъкидлаш жоизки, юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришда ёшларнинг ҳам салмоқли ҳиссаси бор. Кейинги йилларда уларнинг саъй-ҳаракати билан жойларда кўплаб хўжалик субъектлари ташкил қилинаётгани, даромадли иш ўринлари яратилаётгани ана шундан далолат беради.
Навбатдаги кўргазманинг ҳудудий босқичлари жорий йилнинг май — июнь ойларида республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилди. Уларда жами 780 нафар навқирон тадбиркор, фермер ва ҳунарманд ўз маҳсулотларини намойиш қилди. Кўргазманинг республика босқичи эса иштирокчилар ҳамда маҳсулот турларига янада бойлиги билан алоҳида ажралиб туради.
— Фарғона компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежини тамомлаганман, — дейди “Style of Young Lady” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Одинахон Рўзиалиева. — Мамлакатимизда ёшлар тадбиркорлигига катта эътибор берилаётгани мени ҳам руҳлантириб юборди. Шу боис “Қишлоқ қурилиш банк” АТБнинг вилоятимиздаги минтақавий филиалидан кредит олиб, бизнесимни йўлга қўйдим. Ҳозир корхонамизда 20 хилдан ортиқ трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқараяпмиз. Буни қарангки, қисқа муддатда маҳсулотларимизни хорижлик харидорларга сотишга ҳам улгурдик. Шу кунларда эса  венгриялик ҳамкорлар билан шартнома тузишни кўзда тутаяпмиз. Албатта, корхонамизнинг бундай муваффақиятлари ёш ишчи-ходимларнинг янгиликка интилиши билан чамбарчас боғлиқ.
Шунингдек, тадбирда банк-молия муассасалари, консалтинг марказлари, жамоат ташкилотлари ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалари ва хизмат турларини таклиф этаётгани ҳам эътиборга моликдир.
— “Соғлом бола йили” Давлат дастури ҳамда коллеж битирувчилари тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган тегишли чора-тадбирларнинг ижросини таъминлаш мақсадида “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки томонидан жами 40 млрд. сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган эди, — дейди мазкур молия муассасаси бўлим бошлиғи Улуғмурод Холбеков. — Ўтган давр ичида унинг 32,4 млрд. сўми ишбилармон ёшларга берилди.
— Тадбиркорликни бошлашимизда “Микрокредитбанк”нинг Жарқўрғон филиалидан 68 миллион сўмлик кредит олганимиз қўл келди, — дейди “Жарқўрғон зиё” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Севара Аҳмедова. — Айни пайтда корхонамизда ўн нафар ёш мутахассис меҳнат қилаётган бўлса, улар томонидан тўқилаётган пайпоқлар сифатлилиги боис буюртмачиларимиз сафи тобора кенгаймоқда. Харидорлар таклифи асосида йил охиригача кийим-кечак ишлаб чиқаришни ҳам режалаштириб турибмиз. Бунинг учун шароит ҳам, имконият ҳам етарли.  Кўргазмада намойиш этилаётган енгил саноатнинг қатор тармоқлари маҳсулотлари, амалий санъат намуналари ҳамда инновацион лойиҳалар, рационализаторлик ишланмалари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотаяпти. Бундан ташқари, тадбирда ёш фермерлар томонидан етиштирилган сархил мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари, турли дуккакли экинлар намойиш қилиндики, бу ҳам бугунги ёшларимизнинг том маънода ўз ишининг устасига айланаётганини кўрсатади.
Кўргазма давомида ёш тадбиркор ҳамда энди фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган интилувчан йигит-қизларга малакали мутахассислар томонидан мамлакатимизда соҳа ривожи учун жорий қилинаётган енгиллик ва имтиёзлар, уларни кенг қўллаб-қувватлашга қаратилган турли лойиҳалар ҳамда тавсияларни ўз ичига олган ўқув-семинарлари, маҳорат дарслари ташкил этилмоқда.

Дилмурод СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn