Хусусий мулкнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси
  • 13 Ноябрь 2014

Хусусий мулкнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси

Маълумки, юртимизда иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бири — тадбиркорликни кенг ривожлантириш, ушбу фаолият билан шуғулланаётган субъектларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга доир ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.

Бу борада хўжалик судлари томонидан олиб борилаётган ишлар ҳам эътиборлидир. Зеро, кейинги йилларда хўжалик судлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилдики, бу тадбиркорлар учун қўшимча қулайликлар яратиш баробарида, нодавлат сектор фаолияти ривожида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Мухбиримиз Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг раиси Козимжон КАМИЛОВ билан шулар хусусида суҳбатлашди.
— Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қатор нормаларида мулк ҳуқуқи дахлсизлиги давлат томонидан кафолатланган, — деди К. Камилов. —  Ўтган давр мобайнида конституциявий норма ва тамойиллар асосида 400 дан зиёд қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилдики, бу пировард натижада тадбиркорлик ривожида муҳим кафолат бўлмоқда. Бинобарин, мазкур ҳужжатларда фуқароларнинг тадбиркорлик соҳасида эркин иштирок этиши учун барча кафолат ва шартлар мустаҳкамлаб қўйилган, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари муҳофаза этилган. Бу амалда қандай самара бераётгани ҳаммага маълум — иқтисодиётнинг барча тармоқлари, жумладан, тадбиркорлик соҳаси изчил ривожланмоқда. Ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида биргина жорий йилнинг тўққиз ойида ялпи ички маҳсулотда кичик бизнеснинг улуши 52,9 фоизга, саноатда 31,1, инвестицияларда 33,2, пуллик хизмат кўрсатишда 47, бандлик соҳасида эса 76,5 фоизга етгани ҳам ана шундан далолат беради.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси талаблари асосида қабул қилинган қатор қонун ҳужжатлари хусусий секторнинг манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятига давлат ва назорат идоралари томонидан асоссиз аралашувларни чеклаш орқали соҳани ривожлантиришда дастуриламал бўлмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2012 йилдаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантириш, статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини, рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликка кенг эркинлик бериш чора-тадбирларига доир фармонлари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида янги босқични бошлаб берди.
Эндиликда тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат бошқаруви идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, тижорат банклари билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлар ҳуқуқлари устуворлиги тамойилига риоя қилинаяпти. Содда қилиб айтганда, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардаги бартараф этиб бўлмайдиган зиддият ва ноаниқликлар тадбиркорлар фойдасига талқин этилмоқда. Шунга мос ҳолда, янги ташкил қилинган кичик тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатига олинган пайтдан бошлаб дастлабки уч йил мобайнида режали солиқ текширишларидан ўтказилмайди ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари учун судларга мурожаат қилиш билан боғлиқ харажати миқдори қонунда белгиланган давлат божининг 50 фоизини ташкил этади.

— Амалиётга киритилган бу янгиликлар бевосита тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоя қилувчи орган — хўжалик судлари фаолиятида қандай акс этмоқда?
— Аввало, ушбу ўзгаришлар хўжалик судлари зиммасига катта масъулият юклаганлигини айтиш зарур. Жумладан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш борасида белгиланган вазифаларни янада такомиллаштириш кун тартибига қўйилди. Шу боис ҳозирги пайтда хўжалик судлари тизимида муайян ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Натижада фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда уларнинг суд тизимига бўлган ишончи тобора мустаҳкамланмоқда.
Шу ўринда айрим мисолларни келтирмоқчиман: жорий йилнинг 9 ойи давомида хўжалик судлари томонидан 176 мингдан зиёд низо ҳал этилди. Тадбиркорларга ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиши учун қулайликлар яратиш мақсадида 51 мингдан ортиқ хўжалик ишлари бевосита жойларда — сайёр суд мажлисларида кўрилди. Даъвогарлар фойдасига жавобгарлардан 8,5 триллион сўм миқдоридаги маблағни ундириш тўғрисида қарорлар чиқарилгани ҳам диққатга сазовор.  Қолаверса, хусусий тадбиркорлар, кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид 19758 та иш кўрилиб, 213,5 миллиард сўм маблағни уларнинг фойдасига ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинди.
Давлат органлари ҳамда фуқаролар йиғинлари томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига хилоф равишда чиқарилган 254 та ҳужжат ҳақиқий эмаслиги исботланиб, 74 нафар айбдор мансабдор шахсга нисбатан тегишли чоралар қўлланилди.

— Хўжалик судлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш ҳам тадбиркорлар манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади...
— Албатта, бугун ҳар бир соҳани, шу жумладан, суд-ҳуқуқ тизими ривожини ҳам илғор ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур қилиш қийин. Бу борада Президентимизнинг қатор фармонлари ҳаётга татбиқ этилиб, хўжалик судларида электрон ҳужжат алмашинуви йўлга қўйилганини айтиш ўринлидир. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони талабларидан келиб чиқиб, 2013 йил 1 январдан хўжалик судларида даъво аризалари ва илтимосномаларни электрон шаклда қабул қилиш тартиби татбиқ этилди. Бугун тадбиркорлар хўжалик судларига мурожаатларни электрон шаклда юборишдан ташқари, суд ҳужжатларини электрон воситалар орқали қабул қилиб олмоқдалар. Бу уларга қулайлик яратиш баробарида,  вақти ва маблағини тежашда ҳам асқатмоқда. 
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг расмий веб-сайтида даъво аризалари ва илтимосномаларни қабул қилишга мўлжалланган марказлаштирилган электрон дастурий таъминот самарали ишлаб турибди. Тадбиркорлар ушбу дастурий таъминот орқали юртимизнинг исталган хўжалик судига даъво аризалари ва илтимосномаларни, шу билан бирга, апелляция ва кассация шикоятлари, назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги аризаларни ўз хоҳишларига кўра электрон шаклда юборишмоқда. Уларнинг сони тобора кўпайиб бораётгани бу дастурий таъминот нечоғли қулай эканлигидан далолат беради. Масалан, жорий йилнинг 9 ойида хўжалик судларига электрон шаклда юборилган мурожаатлар ва уларга илова қилинадиган ҳужжатлар сони аввалги йилнинг шу давридагига нисбатан 45 баравар ошди. Бу эса ушбу даврда хўжалик судларига келиб тушган даъво аризалари ва аризаларнинг 15 фоизи электрон шаклда эканлигини кўрсатади.
Буларнинг барчаси хўжалик судлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, судга мурожаат қилган ҳар қандай ҳуқуқи бузилган шахснинг ортиқча оворагарчилигига чек қўйиш, харажатларни камайтириш, судда ишларни ташкил этиш, низоларни ҳал қилиш тартибини соддалаштириш, процессуал муддатларни қисқартириш имконини бермоқда.

— Cуд мажлислари видеоконференцалоқа режимида ўтказилаётгани қандай самара келтирмоқда?
— Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан шу йилнинг 1 сентябридан суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш йўлга қўйилди. Бу кўплаб қулайлик ва афзалликларга эга. Аввало, узоқ йўл босиб, суд мажлисига бориш ва ортиқча харажатларнинг олди олинди. Гап шундаки, энди хўжалик ишини кўраётган суд мажлисига қатнашиши лозим бўлса, бошқа ҳудудда жойлашган тадбиркорлик субъекти вакили шу судга келмасдан ўзлари жойлашган ҳудуддаги хўжалик суди биносига келиб, видеоконференцалоқа тизими орқали суд жараёнида қатнашади. Бунинг учун хўжалик судларида суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш имкониятини берувчи барча техник ускуналар ўрнатилган.
Таъкидлаш жоизки, видеоконференцалоқа тизими нафақат тадбиркорлик субъектлари, балки суд муҳокамасида иштирок этувчи барча турдаги хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат органлари вакиллари учун ҳам фойдалидир. Мазкур тизим ишга тушгандан буён 506 та суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида амалга оширилди. 1063 нафар суд иштирокчиси ўзлари жойлашган ҳудудлардан чиқмаган ҳолда, видеоконференцалоқа режимида ўзга ҳудудда ўтказилган масофавий суд процессларида қатнашди ва улар сарф қилиши лозим бўлган йўл ҳақи ҳамда бошқа харажатлар — ўртача 259 миллион сўмдан ортиқ маблағ тежаб қолинди.
Видеоконференцалоқа тизими Олий хўжалик суди томонидан хўжалик судлари фаолиятини ташкиллаштириш ва унинг устидан назорат ва мониторинг олиб борилишида ҳам қўл келмоқда. Зеро, ушбу тизим бошқа ҳудудлардаги суд жараёнини кузатиб бориш, масофавий йиғилиш, семинар ва конференциялар ўтказиш, уларда қуйи хўжалик суди судьяларининг масофадан туриб иштирок этиши учун шароит яратмоқда.
Суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган хўжалик суди суд жараёни пайтида иштирок этувчи шахслар ва хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари вакиллари ваколатларини тасдиқловчи ишончномалар, шунингдек, суд мажлисида тақдим этилган ёзма далилларнинг ишни кўраётган хўжалик судига юборилишини таъминлайди.

— Мулкдор ҳуқуқлари устуворлиги принципи билан боғлиқ суд амалиётининг натижалари хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз...
— Мамлакатимиз Конституциясида мулкчиликнинг турли шаклларига асосланган корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳамда тадбиркорлар ўртасида, иқтисодиёт соҳасида ва уни бошқариш жараёнида вужудга келадиган хўжалик низоларини ҳал этиш хўжалик судлари томонидан амалга оширилиши белгиланган бўлиб, бу борада муайян натижалар қўлга киритилмоқда. 
Мулкдор ҳуқуқлари устуворлиги принципи ҳуқуқни қўллаш амалиётида вужудга келадиган масалаларда тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилишда реал ҳуқуқий асос бўлганини қайд этиш жоиз. Суд амалиётида ҳам тадбиркорлик фаолияти субъектларининг барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, тижорат банклари билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлар ҳуқуқлари устуворлиги тамойилига риоя қилинмоқда, яъни унга мувофиқ, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардаги бартараф этиб бўлмайдиган барча зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлар фойдасига талқин этилмоқда. Айни пайтда ушбу принципнинг мавжудлиги халқаро миқёсда ҳам давлатимизнинг тадбиркорлик субъектларига нисбатан доимий ҳамда устувор эътиборини ифодаловчи кўрсаткич сифатида баҳоланмоқда.
Хулоса ўрнида айтганда, хўжалик судлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар судлов сифати ва самарадорлигини юксалтириш орқали тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш имконини бераяпти. Натижада учинчи секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши тобора кўпайиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги ошмоқда. Зеро, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳам шу ерда истиқомат қилаётган ҳар бир инсоннинг тўкис ва бахтли ҳаёт кечиришини таъминлашдан иборатдир.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ
суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn