Бағрикенглик — тинчлик ва тараққиётнинг муҳим омили
  • 13 Ноябрь 2014

Бағрикенглик — тинчлик ва тараққиётнинг муҳим омили

Тошкент ислом университетида “Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик — жамият барқарорлиги гарови” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент ислом университети, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда вазирлик ва идоралар, диний конфессиялар вакиллари, мамлакатимиздаги дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари, хорижлик экспертлар, олимлар, олий таълим даргоҳлари ўқитувчилари ва талабалар қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О. Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У. Алимов, Тошкент ислом университети ректори Р. Абдуллаев, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари К. Пиккат, Тошкент ва Ўзбекистон митрополити Викентий ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда виждон эркинлиги таъминланаётгани, миллий ва диний қадриятлар эъзозланаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун диний бағрикенглик, тинчлик ва фаровонликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Юртимизда ўн олти диний конфессия вакиллари аҳил-иноқ яшаб, жамият ҳаётининг барча жабҳаларини равнақ топтириш йўлида самарали меҳнат қилаётир. Улар ўз диний байрамлари ва эътиқод амалларини эмин-эркин адо этмоқда.
Республика Байналмилал маданият маркази барча фуқароларнинг миллий қадриятларини ривожлантириш, уларнинг ўзаро аҳиллиги ва ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда. Бугун юртимизда бир юз қирқдан зиёд миллий-маданий марказлар самарали фаолият кўрсатмоқда.
— ЮНЕСКО миллатлараро тинчлик ва тотувликни сақлашга алоҳида эътибор билан қарайди, — деди ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат. — 1995 йил 16 ноябрда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессиясида Бағрикенглик тамойиллари тўғрисидаги декларация қабул қилинган. Шундан буён мазкур сана инсониятни бағрикенгликка, тинчлик ва осойишталикни сақлашга ундаш мақсадида Халқаро бағрикенглик куни сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. Мазкур конференция бутун дунё учун ғоят долзарб мавзуга бағишлангани билан аҳамиятли бўлди. Анжуман бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлашга оид бугунги куннинг муҳим масалаларини муҳокама қилиш имконини берди.
Бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида рўй бераётган можароларга теран кўз билан қарашимиз, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишимиз, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни асраб-авайламоғимиз зарур.
— Ўзбекистонга келиб, мамлакатингиз ҳақидаги тасаввурим янада бойиди, — деди Шанхай ижтимоий фанлар академиясининг Динлар институти директори Ян Кэцзя. — Юртингизда одамлар тинч-хотиржам яшамоқда, ўз орзулари, интилишларини эмин-эркин амалга оширмоқда. Мусаффо осмонингиз, меҳнатсевар ва саодатли халқингиз ҳавас қилгулик. Бу — жамиятда тинчлик-тотувликни таъминлашга қаратилган, демократик ва инсонпарварлик тамойилларига асосланган давлат сиёсати самарасидир. Кўплаб мамлакатлар бундай тизимдан ўрнак олса арзийди.
Анжуман иштирокчилари Ўзбекистондаги миллатлар ва диний конфессиялараро аҳиллик, дўстлик ва бағрикенглик муҳити инсон омилига устувор эътибор қаратиш, ёш авлодни соғлом ва баркамол, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, Ватанимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада юксалтиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
— Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган оқилона сиёсат самарасида Ўзбекистонда барча диний конфессиялар ўз анъаналари ва удумлари, маросимларини бемалол адо этиб келмоқда, — дейди Немис евангель-лютеран черкови епископи Корней Вибе. — Жамиятимиздаги ўзаро бағрикенглик, меҳр-мурувват, эзгулик муҳити тинчлик ва осудалик, фаровонликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Конференцияда тинчликни мустаҳкамлашда диний бағрикенгликнинг ўрни, уни мустаҳкамлашнинг ижтимоий ва илмий-назарий асослари, дунё динлари манбаларида бағрикенглик тамойиллари, динлар ва ижтимоий ҳамкорлик, глобаллашув шароитида толерантлик, ёшларни диний бағрикенглик руҳида тарбиялаш, миллатлар ва динлараро тотувликни таъминлашда Ўзбекистон тажрибасининг аҳамиятига бағишланган маърузалар тингланди.

Нодира МАНЗУРОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn