Муҳим вазифа масъулияти
  • 12 Ноябрь 2014

Муҳим вазифа масъулияти

Истиқлол йилларида ички ишлар идораларини изчил ислоҳ қилиш, уни замонавий технологиялар ва малакали кадрлар билан таъминлаш йўналишида олиб борилаётган ишлар бугун қандай самара бераётгани барчага маълум.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2001 йил март ойидаги Фармонига мувофиқ, ички ишлар идораларининг жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш, тергов, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш, ёнғин хавфсизлиги, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари фаолияти янада такомиллаштирилиши ҳисобига салмоқли натижалар қўлга киритилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Қўриқлаш” Республика бирлашмаси фаолияти мисолида ҳам буни кўриш мумкин. Мазкур хизмат мустақиллик шарофати билан ички ишлар идораларининг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида шаклланди. Ўтган йиллар мобайнида бу ерда давлат ҳамда шахсий мулкларни ҳимоя қилиш, улар талон-торож этилишининг олдини олиш борасида катта тажриба тўпланди. 
Ҳозирги пайтда қўриқлаш хизмати бўлинмалари 19 мингдан ортиқ халқ хўжалиги объектлари, шу жумладан, минглаб саноат корхоналари, банклар, 50 га яқин музей ва бошқа тарихий ҳамда бадиий қийматга эга бўлган бойликлар сақланадиган муассасалар, мингга яқин қимматбаҳо металлар ва заргарлик буюмлари ҳамда портловчи моддалар сақланадиган омборлар, 9,5 мингга яқин хонадонларга хизмат кўрсатмоқда. Уларни ишончли тарзда ҳимоя қилишда тизим ходимларининг ҳушёрлиги, ўз касби ва Ватанига садоқати баробарида, ривожланган давлатларда ишлаб чиқарилган зарур воситалар билан тўлиқ таъминлангани муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда бир қатор давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Эътиборлиси, кейинги йилларда бундай воситалар ўзимизда ишлаб чиқарилаяптики, бу, ўз навбатида, фаолиятимиз янада самарали бўлишига кўмаклашаётир.
Табиийки, ходимларимиз учун яратилган шарт-шароит ва қулайликлар иш самарадорлигида яққол намоён бўлмоқда. Жорий йилнинг 9 ойи давомида қўриқлаш бўлинмалари томонидан халқ мулкини жиноий тажовуздан ҳимоя қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши кураш йўналишида қатор тадбирлар амалга оширилди. Муҳими, ходимларимиз саъй-ҳаракати билан бу даврда қўриқланаётган объектлар ва хонадонларда 13 та ўғирликнинг олди олинди. Айни чоғда ички ишлар идораларининг тегишли хизматлари билан ҳамкорликда 1690 та жиноят бартараф этилди. Шунингдек, қўриқланаётган объектларда майда ўғирлик содир этган беш мингдан зиёд шахслар аниқланиб, улардан олинган 363,6 миллион сўмликдан ортиқ моддий-товар бойликлари ўз эгаларига қайтарилди.
Умуман, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Қўриқлаш” Республика бирлашмаси зарур техник воситалар, малакали ходимлар ҳамда бой тажрибага эга. Бинобарин, қўриқлаш хизмати ўтган даврда ҳар жиҳатдан шаклланиб, муҳим вазифа — мулкларни қўриқлашни юқори даражада бажарадиган мустаҳкам тизимга айланди.

Т. НАЖИМОВ,
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Қўриқлаш» Республика бирлашмаси бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn