Шижоатли, қатъиятли, баркамол
Версия для печати
  • 11 Ноябрь 2014

Шижоатли, қатъиятли, баркамол

Ҳар қачон сизлар билан учрашганда, сизларнинг ёниб турган кўзларингизни, навқирон қадди-қоматингизни, сизлар эришаётган ютуқларни кузатганда, кўпчилик қатори мен ҳам ўзимда худдики қанот пайдо бўлгандек ҳис этаман.

Ислом КАРИМОВ

Биз эзгу ниятли халқмиз. Оилада фарзанд туғилса, яхши тилаклар билан кўчатлар ўтқазамиз, ниҳол қадаймиз. Уларнинг униб-ўсишини, мевалар беришини ва ундан барчанинг баҳраманд бўлишини хоҳлаймиз. Боғбон боғидаги дов-дарахтларни меҳр ила парвариш қилади. Натижада дарахт янада бўй чўзади, кўпроқ мева солади. Шу маънода, истиқлолнинг илк йиллариданоқ ёш авлод таълим-тарбияси давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиландики, бугунги кунга келиб унинг “меваси” ёшларимиз эришаётган ютуқларда яққол намоён бўлмоқда.
Биргина таълим соҳасини олиб кўрайлик. Алоҳида эътироф этиш жоизки, 1997 йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан МДҲ мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилинди. Шу асосда рўёбга чиқарилган ишларга дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари ҳам ҳавас билан қарамоқда. Зеро, ушбу ташкилий-ҳуқуқий чоралар натижасида таълим тизими тубдан ислоҳ қилинди, мутлақо янги модель яратилди.
Ўз навбатида, тизимдаги янгиланишлар босқичма-босқич олиб борилмоқда. Аввало, тизимнинг ҳуқуқий асослари шакллантирилиб, моддий-техник базаси мустаҳкамланди, педагог кадрларни тайёрлаш тизими ва таълим муассасаларининг илмий-методик иш олиб бориши йўлга қўйилди. Биргина ўтган йилнинг ўзида 28 та янги касб-ҳунар коллежи қурилди, 381 умумтаълим мактаби, олий ўқув юртлари тизимидаги 45 та объект, 131 касб-ҳунар коллежи ва лицей реконструкция қилиниб, капитал таъмирланди. Уларнинг барчаси зарур ускуна ва инвентарлар билан жиҳозланди.
Хўш, буларга ўз-ўзидан эришдикми? Президентимиз мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма уч йиллигига бағишланган тантанали маросимда шундай деган эдилар: “...бошлаган ишларимизнинг давомчилари бўлмиш азиз фарзандларимизни ўз фикрига, ўз қарашларига эга, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, эртанги кунимизнинг масъулиятини ўз зиммасига олишга қодир бўлган, бугунги давр талаб қиладиган соғлом ва баркамол авлод этиб тарбиялаш масаласига ўз вақтида устувор аҳамият бериб, уни умуммиллий даражага кўтарганимиз — энг тўғри, узоқни кўзлаган, ҳаётимизда ўзини тўла оқлаган тарихий қадам бўлди.
Бир фараз қилайлик, биз бундан 17 йил олдин таълим соҳасини мутлақо ўзгартирган, янги, замонавий босқичга олиб чиққан дастурларни қабул қилмасак, бугун тез ўзгараётган глобаллашув даври, ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётган Интернет асрининг ўткир ва мураккаб талабларига муносиб жавоб бериш, мамлакатимизнинг тараққиётини, истиқболини таъминлаш, биз кўзлаган, келажаги буюк давлат қуриш деган улуғ мақсадни олдимизга қўйиш мумкинмиди?”
Жорий йилнинг 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуида бўлиб ўтган халқаро конференцияда ҳам хорижлик мутахассислар мамлакатимизда ёшларга яратиб берилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Ўзбек йигит-қизларининг хорижий тилларда эркин мулоқотга киришиб, тарихимиз ҳамда истиқлол ислоҳотлари хусусида завқу шавқ билан гапираётганига гувоҳ бўлдилар. Шу ўринда Регистон ансамблида ўзимиз гувоҳ бўлган бир воқеани айтиб ўтсак. Тор Вергата номидаги Рим университети профессори (Италия) Луижи Аккарди афсонавий мажмуани кўздан кечираётиб, у ердаги ҳар бир обиданинг муҳташам эканлигидан ҳайратланди. Меҳмон хонақоҳларга кириш эшигини синчиклаб кузатар экан: “Шунчалик маҳобатли бинодаги хоналар эшиги нима учун паст?” дея савол берди. Шунда чет элдан келган меҳмонларга таржимонлик қилаётган Самарқанд давлат чет тиллар институтининг талабаларидан бири Адиба Фаттоқулова итальян тилида мазкур хонақоҳларда илгари дарс ўтилганлиги, шогирдлар устоз ҳузурига кираётганида таъзим қилиб, энгашиб ичкарига ошиққанлигини айтганида, дунёга машҳур профессор жавобдан ғоят мамнун бўлиб, қарсак чалиб юборди. Бу олқиш нафақат унинг тил билишига, шу билан бирга, ўз ўтмишидан яхши хабардор эканлигидан пайдо бўлган эҳтиром намунаси эди, десак, янглишмаймиз. Биргина мана шу мисолнинг ўзиёқ мамлакатимиз ёшларининг илму маърифатда ҳеч кимдан кам эмасликларини кўрсатувчи яққол мисоллардан биридир.   
Бугунги кунда, БМТ маълумотларига кўра, мамлакатимизда таълимга йўналтирилаётган харажатлар давлат бюджетининг 35 фоизидан ортиғини ташкил этмоқда.
Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва етакчи халқаро бизнес-мактаблардан бири — “ИНСЕАД” томонидан 2012 йилда инсон капиталининг тараққиёт даражаси бўйича ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон 141 мамлакат орасида 53-ўринни, таълим тизимини ривожлантириш даражаси, жумладан, таълим мақсадлари учун ажратиладиган маблағлар бўйича эса дунёда бешинчи ўринни эгаллагани бежиз эмас, албатта.
Бундай кенг кўламли тадбирлар болажон, ўзидан кўра фарзандини ўйлаб, унинг тарбиясига жиддий масъулият билан қарайдиган халқимиз учун айни муддаодир. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эса ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши учун олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий ва қонуний давоми сифатида бу борадаги ишларнинг янги босқичини бошлаб берди.
— Мен истиқлол йилларида камол топиб, муваффақиятга эришаётган ёшлар сафида эканлигимдан ҳамиша фахрланиб юраман, — дейди “Ниҳол” мукофоти соҳибаси Юлдуз Турдиева. — Бугунги кунгача дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлиб ўтган нуфузли санъат анжуманларида қатнашдим. Хорижда бизга ҳавас қилишади. Негаки, улар ўзбек ёшларининг истиқлолнинг қисқа даврида қўлга киритган улкан ютуқлари ҳақида тўлқинланиб, ҳайратланиб гапиришади. Биз бундай ҳавасга муносиб бўлишимиз керак. Осуда ҳаётнинг қадрига етиш биз, ёшлардан, айниқса, катта масъулият талаб этади.
Зотан, ёшларни қўллаб-қувватлаш, иқтидорини юзага чиқариш, қобилиятини тоблаш давлатимизда ҳар доим устувор аҳамиятга эга. Шундай экан, кўрсатилаётган меҳр ва эъзоз шу юртнинг мусаффо осмони, зилол суви, беқиёс имтиёзу имкониятларидан баҳраманд бўлиб умргузаронлик қилаётган, фарзанд тарбиялаётган ҳар бир фуқарони масъулиятли бўлишга ундайди.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn