Хотин-қизлар учун иш ўринлари
  • 11 Ноябрь 2014

Хотин-қизлар учун иш ўринлари

уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг асосий омилларидан биридир

Иш жараёнида хотин-қизлар билан доимо мулоқотда бўламиз. Уларнинг айримлари оилавий ҳаётига доир масалалар билан мурожаат қилишса, бошқалари ўзларига мос иш топишда ёрдам кўрсатишимизни сўрашади. Яқинда шундай аёллардан бирининг дадил гаплари кўнглимни кўтариб юборди.
— Маҳаллада ўндан зиёд қизларга тикувчиликни ўргатганман, — дейди у. — Ҳозир бинойидайчевар бўлишган. Уларни ёнимга олиб, кичикроқ тикув цехини ташкил қилсам, дегандим. Маҳалла гузари ён-атрофдан келувчилар учун жуда қулай жой. Агар банкдан кредит олсак, ишимиз ривожланиб кетарди.
Ўзи ёш бўлса-да, иши, режалари пухта бу аёлнинг фикри маъқул тушди.  Мақсадини қўллаб-қувватлаб, йўл-йўриқ, маслаҳат бердик.
Наманган вилоятининг Норин туманида 69300 нафардан зиёд хотин-қиз истиқомат қилади. Уларнинг 29300 нафари меҳнатга лаёқатли бўлиб, 19100 нафари турли соҳаларда фаолият юритаяпти. Аҳолининг мазкур қатлами бандлигини таъминлашда кичик бизнес субъектларининг ҳиссаси катта бўлмоқда. Ўз бизнесини йўлга қўяётган опа-сингилларимиз, энг аввало, хотин-қизлар учун иш ўринлари яратишни мўлжаллашаяпти. Туманимизда 57 та маҳалла мавжуд. Ўтган йили уларнинг ҳар бирида 10 тадан хизмат кўрсатиш шохобчасини ташкил этишга киришган эдик. Натижа кутилганидан ҳам зиёда бўлди. Яъни йил давомида 201 шундай маскан фаолияти йўлга қўйилиб, уларда 924 та иш ўрни яратилди. Жорий йилнинг саккиз ойи давомида эса яна 18 та маҳаллада 31 шохобча фойдаланишга топширилиб, 76 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Бундай ибратли ишлар бошида кўпроқ аёлларимизнинг ўзлари туришгани қувонарли ҳол, албатта. Жумладан, “Шўрариқ” маҳалла фуқаролар йиғинида хусусий тадбиркор Азиза Абдуллаева умумий овқатланиш шохобчаси ва гўзаллик салонини ташкил этиш орқали 5 та янги иш ўрни яратди. Навоий номидаги маҳаллада Зарифахон Ботирова ҳамда Қаноатхон Қодирова томонидан қуриб битказилган маиший хизмат кўрсатиш нуқтаси, гўзаллик салони, тикувчилик, қандолат маҳсулотлари тайёрлаш ва сотиш шохобчаларида 8 нафар ёш фаолият бошлади. Ўзбекистон номли маҳаллада истиқомат қилувчи хусусий тадбиркор Назира ўаниева ишга туширган савдо дўкони ҳам шу ерлик ёшлардан бир гуруҳининг меҳнат қилиб, даромад топишларига имконият туғдирди.
Аҳоли бандлиги ҳақида сўз кетганда, оилавий тадбиркорлик ва касаначилик хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтишимиз ўринли. Ҳозир биргина Ҳаққулобод шаҳрида 171 нафар хотин-қиз касаначилик фаолияти билан машғул. Оилавий тадбиркорлар сони ҳам кун сайин ортаяпти. Фурқат номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи тадбиркор
Д. Исмоилов тикувчилик цехини ташкил этди. Унда болалар ва аёллар либослари тикиш йўлга қўйилиб, оиланинг 6 нафар аъзоси иш билан таъминланди. Бўритепалик Саида Муродова эса 4 нафар келини ва қизларини ёнига олиб, кўрпа-тўшак тикиш билан шуғулланмоқда. Мазкур маҳаллада яшовчи яна бир фуқаро Робияхон Бозорова эса оиласининг 9 нафар аъзоси ҳамда қариндошлари билан биргаликда бешик ва қўғирчоқлар ясашни йўлга қўйган. Бу хонадон вакиллари “Ташаббус — 2014” кўрик-танловида қатнашиб, туманда биринчи ўринни олди. Эътиборлиси, ўз бизнесини муваффақиятли ташкил этаётган бундай оилалар сони туманимизда 300 дан ортиқ.
Юртдошларимиз турмуш фаровонлигини оширишда томорқадан унумли фойдаланиш ҳам ниҳоятда муҳим масала. Бу борада Норинда катта тажриба тўпланган. Чунончи, жорий йил бошида туман ҳокимлиги томонидан асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, ички истеъмол бозорини тўлдириш ва нархлар барқарорлигини сақлаш, бунинг учун аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланишга эришиш мақсадида корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари ҳар бир маҳаллага масъул этиб бириктирилди. Жойларда тажрибали мутахассислар ва нуроний отахонлардан иборат гуруҳлар тузилди. Улар хонадонларда бўлиб, томорқадан юқори даромад олиш борасида қимматли маслаҳатларини беришаяпти. Табиийки, бу саъй-ҳаракатлар бесамар кетмаяпти. Бугунги кунга келиб, “Учтепа”, “Норинкапа”, “Марғизор” қишлоқ фуқаролар йиғинларида ўнлаб хонадонлар плёнка остида редиска ва кўкат, помидор, саримсоқпиёз ҳамда эртапишар картошка етиштириш билан шуғулланади. Пахтақишлоқ, Тўда, Тошлоқ қишлоқлари аҳолиси эса иссиқхоналарда лимон, помидор, бодринг ва кўкатлар, шунингдек, кўчатлар етиштирмоқда. Шундай қилиб, ҳар бир оиланинг ўртача 6 сотих ердан йилига 5-8 миллион сўмгача даромад олаётгани қувонарли натижа эмасми?!
Яна бир масала. Эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадида ўтган йили 130 та оилага 35 тадан, жами 4750 та парранда тарқатилди. Жорий йилда ҳам ушбу ташаббус давом эттирилаётгани диққатга сазовор.
Бундан ташқари, ҳудуддаги ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласига ҳам яқиндан кўмак бераяпмиз. Бунда ҳар бир ўқув даргоҳида ташкил этилган “Битирувчиларни ишга жойлаштириш штаб”ларининг ўрни ва аҳамияти катта бўлаётир. Масалан, жорий йилда тумандаги 7 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицейни 1202 нафар қиз тамомлади. 243 нафар қиз эса тумандан ташқаридаги ўқув даргоҳларини битирди. Уларнинг 99,2 фоизи, яъни 1350 нафари билан уч томонлама шартномалар имзоланиб, шу кунга қадар 1057 нафари иш билан таъминланди. Яна бир қанча битирувчи имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлади.
Айни пайтда режаларимиз кўп. Уларнинг ижросини таъминлашда ҳар соҳада пешқадам, зукко, фидойи опа-сингилларимиз бизга ҳамиша мададкор бўлишади. Зеро, амалга ошираётган барча эзгу ишларимиздан кўзланган пировард мақсад — юрт равнақига эришиш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, ёшларимиз келажаги учун мустаҳкам пойдевор қўйишдан иборатдир.

Сабоҳат ҲОЖИБОЕВА,
Норин тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn