Фуқаролик жамиятининг муҳим институти
  • 11 Ноябрь 2014

Фуқаролик жамиятининг муҳим институти

Айбланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланади.
Тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади.

(Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 116-моддасидан).

Тараққий этган демократик жамиятда адвокатга мурожаат қилмаган фуқаро камдан-кам топилади ва бу табиий ҳолдир. Чунки ҳар қандай жамиятда яшаётган инсон хилма-хил муносабатларга киришади, фаолият юритади, шу аснода у ёки бу муносабат-ҳамкорлик жараёнида тушунмовчилик, келишмовчилик ва зиддият келиб чиқиши эҳтимолдан холи эмас. Мана шундай шароитда фуқаро, биринчи навбатда, адвокатга мурожаат қилади. Адвокат эса ўзига хос “тез ёрдам” вазифасини ўтайди. Зеро, малакали адвокат чигал вазиятларга ойдинлик киритилишида кўмак беради, ғайриқонуний хатти-ҳаракатлардан фуқарони ҳимоя қилади, вазиятнинг кескинлашувига йўл қўймайди.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда барча жабҳада қонун устуворлигини таъминлаш, давлатимиз Конституциясига мувофиқ инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини олий қадрият даражасига кўтариб, жамиятда ижтимоий адолатни  қарор топтириш саъй-ҳаракатлари тизимли олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг
1996 йилда қабул қилинган “Адвокатура тўғрисида”ги ва 1998 йилдаги “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунлари мамлакатимизда, аввало, адвокатура институтининг ҳуқуқий асосини яратган ва мустаҳкамлаган бўлса, иккинчи томондан, ҳар икки ҳужжат жамиятда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ғоятда муҳим аҳамият касб этди.
Президентимизнинг 2008 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони доирасида мазкур соҳа янада ривожланиш босқичига чиқди.
Адвокатнинг фаолият доираси ниҳоятда кенг — у суриштирув, тергов ва суд мажлисларида ҳимоячи, қонуний вакил сифатида иштирок этиб, ўзига мурожаат қилувчининг ҳуқуқи, эркинликлари ва манфаатларини ҳимояловчи шахсдир. Бинобарин, адвокат доимий равишда малакасини ошириб бориши, зиммасидаги масъулиятли вазифани виждонан адо этиши, касб одоби меъёрларига риоя қилиши зарур.
Давлатимиз раҳбарининг юқорида келтирилган Фармони ҳамда “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси, шунингдек, адвокатуранинг ўзини ўзи бошқарувига асосланган марказлашган тизими ташкил этилди.
Натижада соҳага доир қонунчилик базасини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ҳамда ҳуқуқий тартибга солишнинг яхлитлиги таъминланди. Қолаверса, адвокатура фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, улар бўйича таклифлар тайёрлаш, адвокатларнинг фаолияти билан боғлиқ бўлган таъқиблар, чеклашлар ва тажовузлардан ҳимоя қилиш, уларни касбий тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш билан боғлиқ масалалар ўз ечимини топди. 
Қонунга кўра, адвокатнинг, жиноят ишини юритишга масъул давлат органлари ва мансабдор шахсларига боғлиқ бўлмаган ҳолда, жиноят процессининг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқи мустаҳкамланди. Жиноят процессида ўз манфаатларини ҳимоя қиладиган шахслар қаторида бўлган гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг ҳуқуқий ҳолатига муносабат тубдан ўзгарди. Адвокат ишда иштирок этиши учун адвокатлик гувоҳномасини кўрсатганидан ва муайян ишни юритишга ваколатли эканини тасдиқловчи ордерни тақдим этганидан кейин ҳимоясида бўлган шахс билан учрашувларни монеликларсиз амалга ошириши учун қонуний шароит яратилди.
Жиноят процессига гувоҳнинг адвокати деган алоҳида норма киритилди. Шу билан бирга, жиноят процессида шундай қоидалар жорий этилдики, энди шахсга унинг ҳаракатланиши чекланган пайтдан бошлаб биринчи қўнғироқ ҳуқуқи, адвокат талаб қилиш ва ўзига қарши гувоҳлик бермаслик ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилди.
Бугунги кунда республикамизда фаолият юритаётган адвокатлар фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини нафақат жиноят процессида, балки фуқаролик, хўжалик судларида ҳам ҳимоя қилмоқда. Фуқароларимизга уларни қизиқтирган барча ҳуқуқий масалалар бўйича малакали маслаҳатлар бериб келмоқда.
Мухтасар айтганда, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш жараёнида адвокатура фаолиятини янада такомиллаштиришга устувор эътибор қаратилиб, бу борада мустаҳкам қонунчилик базаси шакллантирилди. Бу эса пировард мақсад — инсон ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишда мазкур институтнинг обрў-эътибори ҳамда аҳамиятини оширмоқда. 

Шуҳрат СОДИҚОВ,
Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси
раисининг ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn