Тарих сабоқларидан хулоса чиқариб яшайлик
  • 08 Ноябрь 2014

Тарих сабоқларидан хулоса чиқариб яшайлик

ёхуд адабиётимизнинг яқин ўтмишига бир назар

Ўзбек адабиётининг тарихий илдизлари жуда теран. Ўзбек адабиёти деганда, узоқ тарихга эга бўлган, жаҳон адабиётини дурдона асарлар билан бойитган муҳташам адабиёт саройи кўз олдимизга келади.
Бугун ҳаётимизнинг барча соҳалари қатори адабиётимизда ҳам юз бераётган том маънодаги янгиланиш ва юксалиш жараёнини кузата туриб, кўнгилда беихтиёр: “Ана шундай қадим ва бой тарихга, теран илдиз ҳамда анъаналарга эга бўлган, ҳеч кимдан кам бўлмаган адабиётимизнинг мустамлака даврида аҳволи қандай кечган эди?” деган савол туғилади. Бу саволга жавоб излаганда, афсуски, кўп нохуш воқеаларга дуч келамиз.
Аввало, бу даврда тарихимиз сохталаштирилди, тарихий шахслар (айниқса, давлат арбоблари) ва диний уламолар ҳақида ёзиш мутлақо тақиқлаб қўйилди. Шундай асарлар пайдо бўлса, муаллифга дарҳол “ўтмишни қўмсамоқда”, “ўтмишни идеаллаштирмоқда” ёки “халқлар дўстлигини бузиб кўрсатди” деган тамғалар ёпиштирилди.
Чунончи, ўзбек тарихий романчилигининг тамал тошини қўйган Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романи ўз вақтида ман этилди, уни ўқиган одамлар таъқиб қилинди. Академик адиб Ойбекнинг “Навоий” романи ҳам 50-йилларда ноҳақ танқид ва хуружларга учраганини кўпчилик яхши билади. Роман муаллифи руҳий тазйиқларда қолди, шунинг оқибатида умрининг охирги ўн беш йилида тилдан қолиб яшади.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг Бобур Мирзога бағишланган, кейинчалик жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган “Юлдузли тунлар” номли тарихий романи ўтган асрнинг 80-йилларида Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетининг пленумида ғоявий жиҳатдан зарарли, деб ноҳақ қоралангани, шу туфайли нашриёт тортмасида беш йил чоп этилмасдан ётгани эсимда. 1983 йили Бобур Мирзо таваллудининг 500 йиллиги бутун дунёда нишонлангани ҳолда, улуғ шоир ва саркарда туғилган юртда тор доирада биргина мажлис ўтказилган эди, холос.
Адабий тазйиқлар ҳар қадамда учрар, ёзувчилар ҳукмрон мафкура руҳида ижод қилишга мажбур этилган эди. Миллий-диний қадриятларни нафақат улуғлаш, балки ўрганиш ҳам ман қилинарди. Масалан, ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Хожа Аҳмад Яссавий ижодини ўрганиш тақиқлаб қўйилди, ҳикматларини нашр этишга йўл қўйилмади. Унинг тил ва адабиёт тарихидаги хизматлари хаспўшланди. Унга таркидунёчиликни тарғиб этувчи диний-мистик оқим куйчиси, деган айбни қўйдилар. Шоир ижоди билан шуғулланган олимларга маъмурий жазолар кўрилгани ҳам маълум.
Ўша замондаги адабиётимизга беписандликнинг яна бир яққол намунаси ўзбек шоирларининг асарларини рус тилига таржима қилиш жараёнида намоён бўларди. Аксарият рус таржимонлари адабий ижодимизга ўз билганича, ўзбошимчалик билан ёндашишар, хоҳлаганча ўзгартиришар, таржима қилмай ташлаб кетишар, қисқартиришар эди. Шу сабабдан, кўпинча ўзбек шоири ўз шеърини русчада ўқиб, танимай қоларди.
Мисол учун, Алишер Навоий асарлари таржималарига мурожаат этайлик.
Албатта, бу ўринда адолат юзасидан эътироф этиш керакки, Н.И. Конрад, Е.Э. Бертельс, С.Н. Иванов сингари рус олимлари улуғ шоир ижодини холислик билан ўрганишга катта ҳисса қўшдилар. Чунончи, Евгений Эдуардович Бертельснинг “Навоий. Ижодий таржимаи ҳол тажрибалари” (1948 й.) китоби, “Навоий ва Аттор”, “Навоий ва Жомий” сингари тадқиқотлари Навоий шахсини ва унинг ижодидаги тасаввуф моҳиятини тўғри талқин этишда катта аҳамиятга эга бўлди.
Санкт-петербурглик шоир, таржимон ва олим, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Сергей Николаевич Иванов фаолияти ҳам диққатга сазовор. У мустабид тузум даврида ўзбек тилидан бевосита рус тилига таржима қила оладиган ягона таржимон эди, десак, муболаға қилмаган бўламиз. У ўзбек тилини мукаммал билар эди. Унинг Тошкентда босилган “Кровное слово” (1981 й.) мажмуасига мумтоз ва замонавий шеъриятимизнинг ўттиз нафар вакили ижодидан намуналар киритилган эди.
Сергей Иванов ўзини, асосан, Алишер Навоий ижодининг мухлиси ва таржимони деб биларди. У шоирнинг юзлаб ғазал, рубоий, фард, қитъа, туюқларини рус тилига меҳр билан таржима қилди. “Лисон ут-тайр” достонининг таржимаси (1970 й.) эса олимнинг таржимонлик фаолиятида юксак чўққи бўлди. Китобда улуғ шоиримизнинг 60 ғазали, 5 та мухаммаси, 35 дан ортиқ рубоийси, туюқ, қитъа, афоризмлари берилган. Туюқлар таржимаси, айниқса, диққатни тортади. Туюқ жанри фақат ўзбек адабиётига хос бўлган ҳодиса. Унда, одатда, уч қофия бўлиб, фақат омонимлардан ташкил топади. Бу жанрда асар яратиш ижодкордан катта истеъдодни талаб қилади. Сергей Иванов Навоийнинг 7 та туюғини маҳорат билан таржима қилиб, рус тилида жаранглата олгани эътирофга лойиқдир.
Лекин, афсуски, ўз ишига ана шундай фидойилик ва инсоф билан ёндашадиган мутахассислар кам эди.
Мана, қўлимизда Алишер Навоийнинг рус тилида нашр қилинган 920 бетлик салмоқли куллиёти (“Навои”. “Советский писатель”, М., 1983) турибди. Китобга ҳамма жанрлардан намуналар, жумладан, “Хамса” достонлари ҳам киритилган.
Рус тилига В. Державин таржима қилган “Ҳайрат ул-аброр” достони чиндан ҳам кишини ҳайратга солади. Борди-ю, ҳазрат Навоий бу таржимани кўрганларида, ҳайратланиб, достондаги йигирма мақолат ёнига йигирма биринчи мақолатни қўшиб, унда бадиий асарни қандай таржима қилиш, аслиятга ҳалол ёндашиш, муаллифга ҳурмат борасида баҳс юритган бўлармидилар? Гап шундаки, 63 бобли достон XIV бобдан бошланади ва, бор-йўғи, 16 та боб берилади.
“Смятение праведных” (“Художественная литература”, М., 2009) китобида эса достондан 41 боб киритилган, бу ерда ҳам 21 боб умуман таржима қилинмасдан, қисқартириб юборилган.
Навоий ўз достонларида ҳар бобга киришда матнда ифода этилмаган муҳим фикрни айтиб кетиш ниятида кичиккина, лекин залворли муқаддима илова қилади. Муқаддималарнинг ўзига хос жозибаси бор. Ўқувчи уни ўқиб, мутолаага тайёрланади. Лекин “Ҳайрат ул-аброр” (В. Державин) билан “Фарҳод ва Ширин” (Л. Пеньковский) таржималарида таржимонлар бу муҳим муқаддималарни ортиқча деб ҳисоблаб, ташлаб кетадилар ёки бир-икки сўз билан ифода қилишга уринадилар.
Юқорида айтганимиз, “Навои” куллиётида қуйидаги манзарани кўрамиз: “Фарҳод ва Ширин” — 54 бобдан 29 боб, “Лайли ва Мажнун” — 38 бобдан 25 боб, “Сабъаи сайёр” — 38 бобдан 15 боб, “Садди Искандарий” — 89 бобдан атиги 10 бобгина берилган, холос. Достонлар матнидаги қолдириб кетилган бобларсиз рус ўқувчиси Навоий даҳоси тўғрисида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиши, албатта, қийин.
“Ҳайрат ул-аброр” таржимасида таржимон яна ўз билганича иш тутган: достоннинг 12-бобидан бошларкан, бобга мазмунидан келиб чиқиб, ўзича: “О Низами и о Хосрове Дехлави”, 13-бобга “Об Абдурахмане Джами”, 62-бобга “Заключение” (?), 63-бобга “Рассказ о рабе” деб ном қўяди.
Яна бир мисол. “Навои” куллиётида “Соқийнома” асари Вс. Рождественский таржимасида берилган. Шоир соқийга мурожаат қилар экан, жанр анъанасига кўра, Жамшиддан бошлаб ўтган улуғ зотларни бир-бир эслаб ўтади ва шундай ёзади:
Қани Темур — шаҳи исломпаноҳ,
Ки жаҳон олди, чекиб хайли сипоҳ.
Жадду обо санга авлод қани?
Оға-ини санга аҳфод қани?
Кўриниб турибдики, ёнма-ён келган бу икки байтнинг бир-бирига алоқаси йўқ. Биринчисида қўшин йиғиб жаҳонни олган Темурбек йўқланмоқда. Иккинчи байт эса, умуман, бани башарга, дайри дунга (“санга” — умуман мажҳул шахсга) қараб қилинган мурожаатдир.
Энди бу байтларнинг таржимасига эътибор беринг:
Где хан Тимур, что мир завоевал?
Он с армией бессчетной прахом стал.
Нет ни детей его — твоих отцов,
Нет внуков — старших братъев-храбрецов.
Шоир, биринчидан, Темурбекни “хон” деяётгани йўқ, чунки Амир Темур ўзини ҳеч қачон хон атамаган. Иккинчидан, беҳисоб қўшини билан жаҳонни олди, дейилмоқда, холос. Таржимон эса ўйлаб-нетиб ўтирмай, Темур қўшини билан хоки туроб бўлди, деб аслиятда йўқ гапни қўшиб юборади, кейинги байтни унга ноўрин тиркаб қўяди. Мустамлака замонида бундай йўл тутмоқ бемалол эди-да. Натижада шоир ҳақида, у мансуб тарих ҳақида нотўғри тасаввурлар пайдо бўлади. Ҳолбуки, Алишер Навоий Соҳибқиронни маърифатпарвар подшо сифатида улуғлаб, “Мажолис ун-нафоис” асарида еттинчи мажлисни ҳурмату эҳтиром кўрсатиб, Амир Темур номи билан бошлаган эди.
Бундай ҳолатларни кўрганда, муҳтарам Юртбошимизнинг “Совет даврида бизга иккинчи сорт одамлар сифатида қарашар эди”, деган сўзлари қайта-қайта эсга тушаверади. Фақат одамларгина эмас, балки Ўзбекистондаги ҳамма нарса “иккинчи сорт” деб қабул қилинарди. Қадриятлар, урф-одатлар, тарих, маданият, барча-барчаси... Жумладан, адабиёт ҳам.
Яқинда китобларни варақлаётиб, бир адабий тадқиқотдаги “Чиғатой тили”, “Чиғатой адабиёти” атамаларига кўзим тушди. Ажабо, бизнинг катта ва бой адабиётимиз, бизнинг она тилимиз нега шундай аталган экан? Ким атаган? Қачон атаган?
Келинг, бу ўринда, аввало, узоқ тарихга юз буриб, “Чиғатой ким эди?” деган саволга жавоб топиб олайлик.
Чиғатой (туғилган йили номаълум — вафоти 1242 й.) Чингизхоннинг иккинчи ўғли.
1224 йилда Чингизхон ўғилларига мулк улашади. Чиғатойга ҳам катта ҳудуд инъом этилади. Бу ҳақда муаррих Абулғозий шундай маълумот беради: “...Мовароуннаҳрни ва Хоразмнинг баъзисини, билоди уйғур ва Кошғар, Бадахшон, Балх, Fазнидин то Синд сувигача анга бериб эрди. Бу айтилган вилоятнинг ҳеч қайсисига ўзи борган йўқ. (Таъкид бизники – М.А.) Аммо доруғалар қўйиб эрди. Ўзи Ўгадойнинг қатинда эрди.” (Абулғозий. “Шажарайи турк”. Т, 1992. 93-бет). Шундан сўнг Мовароуннаҳрни Чиғатой улуси деб атай бошладилар.
1224 йилдан ўн саккиз йил давомида Чиғатой бу ҳудуд ҳукмдори бўлган. Мўғулларнинг босқинчилик юришларида у Чингизхон билан бирга бўлиб, Хитойга юришда, Мовароуннаҳрни истило этишда ғоят шафқатсизлик кўрсатган. Ака-укалари Жўжи ва Ўгадойлар билан биргаликда Ўтрорни олишда, Урганчни қамал қилишда қатнашган. 1221 йилнинг 25 ноябрида Жалолиддин Мангуберди билан Синд дарёси бўйида юз берган аёвсиз жангда иштирок этган. Синд дарёсидан от солиб ўтиб кетган Хоразмшоҳ Жалолиддинни таъқиб этиш, тутиб келишга юборилган.
Чиғатойнинг қишки ва ёзги ўрдаси бўлиб, ҳар иккиси ҳам Или водийсида (ҳозирги Хитойнинг ўулжа шаҳрига яқин, Или вилояти) эди. Мирзо Улуғбек шундай ёзади: “Айтадиларки, Чиғатойхон айшу ишрат ва овни жуда севган. Кўпинча вақтини ўша ишларга сарф этган...” (Мирзо Улуғбек. “Тўрт улус тарихи”. Т, 1994. 298-бет.)
Чингизхон вафотидан (1227 й.) сўнг Чиғатой бирон марта жангларда қатнашмаган, Мовароуннаҳрга ҳам келмаган, улусни идора қилишни аввал Маҳмуд Яловочга, кейин унинг ўғли Масъудбекка (1238-1289 й.лар) топшириш билан кифояланган.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, Чиғатой вафотидан буён етти юз эллик йилдан зиёд вақт ўтибдики, унинг номи нима учун ҳали-ҳануз Ўзбекистон топонимикасида мавжуд? Нима учун жойлар унинг номи билан аталган, унинг номидаги маҳаллаларда яшаймиз?
Энг ачинарли жиҳати, масалага нохолис ёндашув туфайли жаҳонда нафақат юртимиздаги жойлар, балки юртнинг ўзи, тили, адабиётини ҳам Чиғатой номи билан атайдиган бўлиб қолишган! Ҳатто бутун бошли миллатни ҳам ўзбек эмас, “чиғатой” дейиш одат тусини олган.

Илгари тилимизнинг тарихи ва қонуниятлари, номланиши, адабиётимизнинг даврлаштирилиши билан, асосан, В. Радлов, В. Бартольд, Н. Поппе, А. Самойлович, Ф. Кўпрулизода, А. Кримский, М. Массон сингари хорижий олимлар шуғулланганини инобатга олсак, “Чиғатой тили”, “Чиғатой эли”, “Чиғатой адабиёти” каби терминларнинг пайдо бўлиши ва томир ёйишида, бундай қарашларнинг дунё илм-фанида тарқалишида “четдан келиб бизнинг тилимизга турли номлар беришни яхши кўрадиган туркологлар”нинг (П. Қодиров ибораси) хизматлари катта бўлгани англашилади.
Масалан, В. Бартольд шундай ёзади: “Под влиянием блестящего расцвета тюркской литературы в чагатайском государстве (?) при Тимуридах этот восточнотюркский литературный язык (?) как на Востоке, так и в европейской науке получил название “чагатайского” (В.В. Бартолъд. Сочинения. V том. М., 1968. стр.606). Яъни: “Темурийлар давридаги чиғатой давлатида (?) барқ уриб яшнаган турк адабиёти таъсирида бу шарқий-турк адабий тили (?) Шарқда ҳам, Европа фанида ҳам “чиғатой” номини олди”.
Аввало, бу ерда қайси давлат ҳақида сўз кетмоқда, маълум эмас. Агар Чиғатой улуси кўзда тутилаётган бўлса, у XIII аср охирига келиб мутлақ мавқеини қўлдан бой берган эди.
Албатта, бу ўринда “Нега чиғатой давлати деб аталиши керак экан?” деган савол ҳам туғилади. У қайси давлат эди? Бу даврда юртимизда ҳеч қанақа чиғатой давлати эмас, балки Амир Темур асос солган Турон салтанати ҳукм сурар эди-ку. Тилимизнинг ўз номи бор, уни шарқий-турк адабий тили, деб аташга асло ҳожат йўқ эди.
В. Радлов тахминига кўра ҳам (“Темир Қутлуғ ва Тўхтамиш ёрлиқлари” мақоласига қаранг) чиғатой адабий тили аслан Шарқдан келиб чиққан эмиш. Лекин “Шарқ” тушунчаси сўзнинг ўзидан ҳам кенг бўлганидан, олимнинг тахмини ноаниқ бўлиб қолади.
Энди шарқшунос олим А. Самойловичнинг “Чиғатой тили” тарихини олти асрга қандай жойлаганини кўздан кечирайлик: 1. Чиғатой адабий тилининг олтин даври (XV–XVI асрлар); 2. Чиғатой адабий тилининг инқирози (XVII–XVIII асрлар); 3. Чиғатой адабий тилининг қайта жонланиши (XIX аср ва XX асрнинг боши).
Бу маълумотлар ўзбек филологияси факультетлари учун 1984 йилда чиқарилган дарсликка киритилгани ва кўп йиллар давомида ўқитиб келинганига нима дейсиз?
Ёки мана бу фикрга эътибор қаратинг:
“Во второй половине IХ/ХV в. чагатайская литература в лице Мир Али-Шира... достигла своего апогея” (В.В. Бартольд. Сочинения. V том. М., 1968. стр.608.). Яъни: “IХ/ХV асрда Мир Али-Шер... сиймосида чиғатой адабиёти ўзининг авж нуқтасига чиқди”. Ана холос!
Юқоридаги Бартольддан келтирилган икки иқтибос унинг “Ислом энциклопедияси” деган машҳур нашр учун ёзилган “Чиғатой адабиёти” мақоласидан олинди.
Бир оз тарих: “Ислом энциклопедияси”нинг (Тhе Еnсусlореdia оf Islam) илк нашрини тайёрлаш ишлари 1900 йилда Голландиянинг Лейден университетида бошланган. Унда немис, голланд, француз, инглиз олимлари қатнашган. Натижада 1939 йилда 5 жилддан иборат энциклопедия уч тилда — немис, инглиз, француз тилларида бир вақтнинг ўзида босиб чиқарилиб, бутун Европага тарқалган. 1954 йилда энциклопедиянинг иккинчи нашрига киришилган ва 2002 йилда охирги 11-жилд чоп этилган. Юқорида зикр этилган мақола ҳам шу тахлит дунёга тарқалиб кетган.
Энди Алишер Навоийнинг ўзига мурожаат этайлик. Шоир “Лисон ут-тайр” достонининг “Бу китобда тахаллус тағйирининг узри” бобида:
«Шеър санъатин ки қилдим ибтидо,
Турк алфози била қилдим адо”, — дейди, “чиғатой тили билан ёздим”, демайди.
“Фарҳод ва Ширин” достонидан:
Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдур,
Муайян турк улуси худ менингдур!
Эътибор беринг: шоир “Чиғатой улуси” эмас, “Турк улуси” демоқда!
“Сабъаи сайёр» достонидан:
Ўнгда туркинавоз уруб достон,
Кўзғолиб ҳар навосида Туркистон...
“Садди Искандарий” достонидан:
Муғанний, келу черт туркона соз,
Мақоми “Наво”, йўқса “Туркий Ҳижоз”.
Навоийнинг ашъоридин неча байт,
Менинг ҳасби ҳолим топиб туркий айт!
Шуниси эътиборга сазоворки, улуғ шоир ўз асарларида “Чиғатой эли”, “Чиғатой тили”, “Чиғатой адабиёти” деган ибораларни мутлақо қўлламайди. Она тилимиз масалаларига бағишланган “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида тилимизга нисбатан “Турк эли тили” атамасини ишлатади, “Чиғатой тили” иборасини эсламайди. Фақат бир жойда — “Мезон ул-авзон” рисоласи муқаддимасида: “Турк тили билан қалам сурдум” сўзларидан кейин “чиғатой лафзи била рақам урдум” дейди. “Наводир ун-ниҳоя” девонида “чиғатой” сўзи шахс номи, “Фавойид ул-кибар” девонида эса қавм номи сифатида тилга олинади. Бошқа ҳеч қайси асарда бу сўз учрамайди, учраса ҳам этник атама вазифасини бажаради, холос.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур Андижон шаҳрини таърифлар экан: “Шаҳр ва бозорисида туркий билмас киши йўқтур. Элининг лафзи қалам била росттур. Ани учунким, Мир Алишер Навоийнинг мусаннафоти бовужудким Ҳирийда нашъу намо топибтур, бу тил биладур”, деб гувоҳлик беради (“Бобурнома”, Т., 2002. 34-бет) ва бу билан Турон юртида (бу ерда Андижондан Ҳиротгача) туркий тил адабий тил эканини (таъкид бизники – М.А.) исботлайди, чиғатой тили ҳақида эса, табиийки, бирон сўз демайди.
Яна Алишер Навоий ҳақида “Бобурнома”да айтилган сўзларга ҳам диққатни қаратайлик: “Алишербек назири йўқ киши эрди. Туркий тил била то шеър айтубдурлар, ҳеч ким онча кўп ва хўб айтқон эмас» (Ўша китоб. 132-бет.). Бунда чиғатой тили ҳақида имо-ишора ҳам йўқ... Шундоқ экан, Алишер Навоий қандай қилиб “чиғатой” шоири бўлсин?
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, марҳум устозимиз Пиримқул Қодиров “Адабий тилимизнинг олтин кўприги” мақоласида худди шу мавзу — чиғатой тили, чиғатой адабиёти ҳақида жуда ўринли фикрларни ўртага ташлаб, жумладан, шундай ёзган эди:
“Амир Темур 1370 йили Марказий Осиёда давлат тепасига келгандан кейин Чиғатой авлодлари бу ҳудуддан қувилган, Мовароуннаҳр яна қадимий номи билан Турон ва Туркистон деб атала бошлаган эди. Чиғатой исми энди фақат туркийлашган бир мўғул уруғининг оти ёки “Чиғатойтепа”, “Чиғатой қабристони” каби жой номлари сифатида сақланиб қолган эди. Шунга қарамай, сунъий ясалган “чиғатой тили” тушунчасини Алишер Навоий ва Бобур Мирзо тилига нисбатан ҳам татбиқ этиш, яна бу сохта атама тарихини XX асргача чўзиб келиш илм-фанга эмас, фақат қарам қилинган халқларнинг юксак маданиятини камситишга хизмат қиладиган ғайриилмий бир сиёсат эди.
Афсуски, айрим ўзбек олимлари тил тарихига оид китобларида “чиғатой тили” иборасининг моҳиятига эътибор бермай келадилар. Университетларнинг филология факультетлари учун ўқув қўлланма сифатида 1994 йилда нашр этилган китобда шундай сатрлар бор: “Туркшуносликда баъзан чиғатой адабиёти ва чиғатой тили, чиғатой туркийси атамалари учрайди. Бу ўриндаги чиғатой адабиёти атамасини ўзбек мумтоз адабиёти деб тушунмоқ керак. Чиғатой тили атамаси эса эски ўзбек адабий тилини англатади”.
Бу маълумотни талабалар онгига ўқув қўлланма орқали етказиб бераётган тилшунос олимларимиз бир лаҳза ўйлаб кўрмайдиларки, Чиғатой ўзи ким бўлганки, бутун бир адабий тилни, ҳатто Алишер Навоий давридаги мумтоз адабиётни “Чиғатой тили”, “Чиғатой адабиёти”деб аташ керак?”
Атоқли адибимизнинг фикрларига тўла қўшилган ҳолда, бир жиҳатни айтиб ўтиш лозим. Адабиётшунос, тилшунос олимларимиз орасида, гўёки “Чиғатой тили”, “Чиғатой адабиёти” сингари атамалар XIII асрдан бошлаб мавжуд, деган қарашларни илгари сурувчилар ҳам учраб туради. Бундай ёндашув асоссиз даъволардан ўзга нарса эмас.
Тарихга назар солинса, мўғуллар босқини туфайли ўлкамиз “Чиғатой улуси” деб атала бошлангандан кейин мустамлака юртда адабиёт, илм-фан таназзулга юз тутди. XIII асрда адабиётимизда кўзга кўринарли бирон бир асар яратилмагани бунинг исботи.
Бурҳониддин Рабғўзийнинг “Қисас ул-анбиё” асари милодий 1310 йилда, Хоразмийнинг “Муҳаббатнома” достони 1353 йилда — булар энди ХIV аср бўлади — яратилди. Амир Темур давлат ҳукмдори бўлганидан сўнггина адабиётнинг, илм-фан, санъат ва маданиятнинг ривожланиши учун беқиёс имкониятлар пайдо бўлдики, бу бутун жаҳонга маълум.
Афсусланарли жойи шундаки, жаҳонда ўзбек адабиётини Чиғатой адабиёти деб тушуниш ҳали-ҳануз давом этмоқда. Ҳатто бугунги кунда ҳам хорижий газета-журналларга, интернет сайтларига кўз ташланса, адабиётимиз баъзан “Чиғатой адабиёти” сифатида талқин қилинаётганини кўриш мумкин. Буни қандай тушуниш керак?
Муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримов шу йил 15-16 май кунлари Самарқандда бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимида: “Тарихни билмаган киши ҳар қадамда хатога йўл қўяди, ўз тарихи билан фахрланмайдиган халқ эса ўз келажагини тасаввур қилолмайди”, дея муҳим ҳақиқатга барчамизнинг эътиборимизни яна бир бор қаратгани бежиз эмас.
Шундай экан, тарих сабоқларини ҳеч қачон унутмайлик. Жафокаш юртимиз ўтмишда кўп босқинчиларни кўрди, ҳар бири келиб, юрт эгаси бўлган халқдан сўрамай-нетмай, ўзича унга янги номлар қўйди, чунончи, Трансоксания, Мовароуннаҳр, Чиғатой улуси дегандек... Миллий қадриятлар, маданияту маънавият поймол этилди, тарих топталди, тарихий ҳақиқатлар яширилди.
Яратганга минг шукрки, мана, йигирма уч йилдан буён қадим Ўзбекистон юртида мустақиллик ҳукм сурмоқда, ўзбек халқи қаддини баланд кўтариб, жаҳон ҳамжамиятидаги ўз ўрнини мустаҳкам эгалламоқда.
Шундай экан, бугунги кунда адабий жамоатчилигимиз, адабиётшунос, тилшунос, тарихшунос олимларимизнинг “чиғатой тили”, “чиғатой адабиёти” деган ўйлаб чиқарилган, сунъий терминларни тубдан қайта кўриб чиқишлари, ислоҳ қилишлари замон талаби бўлиб қолмоқда. Бунда чиғатой тили эмас, эски ўзбек тили, чиғатой адабиёти эмас, ўзбек мумтоз адабиёти (бу термин кейинги пайтларда изчил қўлланилаётгани эътиборга лойиқ) терминларини фаол муомалага киритиш лозим. Бунинг учун, аввало, ўзимиз жон куйдиришимиз, ўзимиз астойдил ҳаракат қилишимиз керак.
Барчамизга яхши маълумки, биз ниҳоятда улкан адабиётнинг ворисларимиз. Аммо, ўйлаб кўрайлик, аввало ўзимиз адабиётимизнинг кўламини бор-бўйи билан тасаввур қила оламизми? Уни ўзимиз ҳамиша ҳам сезиб, ҳис қилиб, унга нисбатан юксак фахру ифтихорни юракдан ҳис эта оламизми?
Биз бу залворли маънавий мероснинг қадрига етиб, янги тадқиқотлар олиб боришимиз, чуқур ўрганишимиз керак. Бу қутлуғ юмушга кўпроқ ёшларни жалб этиш мақсадга мувофиқдир. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда мумтоз адабиётимиз намуналарини жамлаб (бунга замонавий адабиёт ҳам киради), кўп жилдлик туркум нашр этишни режалаштирмоқда. Токи, бу китоблар ҳар бир таълим муассасаси, шунингдек, шахсий кутубхоналардан ўрин олсин.
Олий ўқув юртларимизда адабиётимизни ўрганиш муаммоларига бағишланган анжуманларни йўлга қўйиш лозим. Бундай эзгу саъй-ҳаракатлар, айниқса, ёш авлод тарбияси учун муҳим аҳамият касб этишини унутмайлик.
Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида ўзбек адабиёти намуналарини бевосита она тилимиздан жаҳон тилларига таржима қилиш борасида зарур ва долзарб фикрлар билдирилган. Лекин ҳали бу имкониятдан тўла фойдаланаяпмиз, деб айтолмаймиз. Бу борада бажарилиши керак бўлган муҳим ишлар олдимизда турибди.
Шу ўринда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан кейинги йилларда ўзбек тилидан бевосита бошқа тилларга таржима қилинган бир қатор китоблар нашр этилганини таъкидламоқ жоиз. Чунончи, корейс тилида “Йигирманчи аср ўзбек шеърияти” (2011 й.), “Йигирманчи аср ўзбек ҳикоялари” (2014 й.), инглиз тилида ўн саккиз нафар ўзбек шоирининг шеърлари жамланган “Қалбим сенга интилади” (2011 й.) китоби, ўафур ўуломнинг “Шум бола” (2013 й.) қиссаси, немис тилида Абдулла Қаҳҳорнинг “Анор” ҳикоялар тўплами (2013 й.) нашр қилинди. Чўлпоннинг “Халқ” шеъри 14 тилда (2011 й.), Муҳаммад Юсуфнинг “Ёшлар мадҳияси” шеъри 18 тилда (2014 й.) алоҳида китоб ҳолида дунё юзини кўрди. Ёзувчилар уюшмасида Алишер Навоийнинг ғазал ва рубоийларидан ташкил топган мажмуасини жаҳоннинг ўн тўрт тилига таржима қилиш лойиҳаси устида иш бошланди.
Республика “Истеъдод мактаби” ёшлар семинари анжуманлари ва минтақавий йиғинларда ёш таржимонлар шўъбаси фаолияти йўлга қўйилиб, уларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан истеъдодли ёшларнинг қизғин иштирок этаётгани кўнгилларда умид уйғотади.
“Агар биз Ўзбекистонимизни дунёга тараннум этмоқчи, унинг қадимий тарихи ва ёруғ келажагини улуғламоқчи, уни авлодлар хотирасида боқий сақламоқчи бўлсак, — деб ёзади давлатимиз раҳбари “Юксак маънавият — енгилмас куч” китобида, — авваламбор буюк ёзувчиларни, буюк шоирларни, буюк ижодкорларни тарбиялашимиз керак. Нега деганда, улуғ адиб Чўлпон айтганидек, адабиёт яшаса — миллат яшайди.”
Бу сўзлар ҳамиша биз, адабиёт аҳлининг, ёзувчи ва шоирларнинг қалбларимизга бемисл куч беради, шижоат бағишлайди.

Муҳаммад АЛИ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn