АКТ соҳасидаги навбатдаги муваффақият
  • 08 Ноябрь 2014

АКТ соҳасидаги навбатдаги муваффақият

Мамлакатимизда иқтисодиётнинг барча тармоғига ва кундалик ҳаётимизга ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш масаласига жуда катта эътибор қаратилаяпти.

Ушбу жараёнда ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш, улар билан ҳамкорлик қилишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Жумладан, юқори технологиялар соҳасида илғор мамлакатлардан бири саналган Корея Республикаси бу борада Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкорига айланган.
Президентимизнинг 2012 йил сентябрь ойида Корея Республикасига давлат ташрифи чоғида ахборотлаштириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди. Жанубий кореялик мутахассислар “электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш борасида Ўзбекистон Республикасига яқиндан кўмаклашмоқда. Зеро, ушбу давлат “электрон ҳукумат”нинг ривожланиш даражаси бўйича, мана, бир неча йилдирки, БМТнинг жаҳон рейтингида етакчилик қилиб келаётир.
Корея Республикасининг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида нуфузли саналган Ахборот жамияти миллий агентлиги юртимиздаги тегишли муассасалар билан идоралараро ягона ахборот тизимини яратиш, лойиҳаларни режалаштириш ва бошқариш, кадрларни қайта тайёрлаш каби қатор йўналишларда истиқболли лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Мазкур агентлик ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университети ўртасида имзоланган англашув меморандумига асосан, ТАТУ қошида Ўзбекистон — Корея ахборот алмашиш маркази ташкил этилган. АКТнинг энг сўнгги ютуқлари билан жиҳозланган ушбу марказда Корея Республикаси мутахассислари томонидан талабаларга ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ўқув-курслари, дастурий маҳсулотлар кўргазмалари, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимлари учун “электрон ҳукумат” ҳафталик ўқув курслари, масофавий таълим шаклида семинар-тренинглар ўтказиб келинмоқда.
Маълумот сифатида айтиб ўтиш жоизки, Корея Республикаси ҳукумати дунёнинг 40 га яқин давлатида шундай марказлар фаолиятини йўлга қўйган. Улар ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий алоқаларни ривожлантириш мақсадида Корея Республикасининг Фан, ахборот-коммуникация технологиялари ва келажакни режалаштириш вазирлиги (Ministry of Science, ICT & Future Planning) томонидан муайян ишлар амалга оширилаяпти. Хусусан, яқинда Пусан шаҳрида Ахборот жамияти миллий агентлиги билан ҳамкорликда ахборот алмашиш марказлари алоқаларига бағишлаб ташкил этилган “2014 1stGlobal IAC Networking Conference” халқаро анжумани бунга бир мисолдир. Мазкур тадбирда 40 га яқин мамлакатнинг ахборот алмашиш марказлари вакиллари қатнашди. Тақдимот ва муҳокамалар чоғида иштирокчилар ўз марказларидаги мавжуд имкониятлар, уларда ташкил этилган ўқув жараёни, кадрлар тайёрлашга қўшаётган улушлари, ўқувчилар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ва бошқа амалий ишлар хусусида батафсил маълумот бердилар.
Эътиборлиси, Ўзбекистон — Корея ахборот алмашиш марказининг фаолияти анжуман ташкилотчилари ва иштирокчиларида жуда катта қизиқиш уйғотди. Натижада у энг фаол марказ сифатида эътироф этилди ва биринчи ўринга муносиб деб топилди.
— Ушбу муваффақият мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини изчил ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор самарасидир, — дейди Ўзбекистон — Корея ахборот алмашиш маркази раҳбари Ойбек Жўраев. — Ана шу эътироф туфайли ажратиладиган молиявий кўмак эвазига марказимиз моддий-техник базасини янгилаш, фаолиятини янада кенгайтириш ва ривожлантириш имкониятига эга бўлдик.

Шавкат ОРТИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn