Мустақил, ягона ва яхлит тизим
  • 08 Ноябрь 2014

Мустақил, ягона ва яхлит тизим

“Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси ташкил этилганининг 20 йиллиги мамлакатимизда катта шодиёна сифатида тантана қилинди.

Айниқса, Президентимизнинг йўллаган табриги ўз таркибида 70 минг нафар юқори малакали ишчи ва хизматчини бирлаштирган аҳил меҳнат жамоамиз кўнгилини тоғдек кўтарди, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.
Табрикда, жумладан, шундай сўзлар бор:  “Ўзбекистон темир йўллари ўзининг 20 йиллик тарихи давомида мураккаб шаклланиш ва жадал ривожланиш йўлини босиб ўтди ва бугунги кунда юртимизнинг барча минтақаларини ишончли боғлаш учун бамисоли қон томирлари каби ҳаётий зарур бўлган темир йўл транспорти коммуникацияларининг мустақил, ягона ва яхлит тизими сифатида самарали фаолият кўрсатмоқда”. 
Дарҳақиқат, бугунги кунда темир йўллар юртимиз транспорт тизимининг муҳим бўғини сифатида юк ва йўловчи ташишда етакчилик қилмоқда. Компания ташкил этилган кундан буён 1 миллиард 400 миллион тонна юк ташилгани, 350 миллион нафар йўловчи ўз манзилига бехатар етказиб қўйилгани бунга яққол мисол бўла олади.
Давлатимиз томонидан соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳаракатдаги таркиб янгиланаётгани қулай, ишончли ва хавфсиз хизмат кўрсатиш имконини бераяпти. Бунга 30 йиллик меҳнат фаолиятим давомида ўзим гувоҳман.
Очиғи, ҳозирги шароит билан бундан 25-30 йил олдингиси ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Буни, айниқса, биз, машинистлар яхши биламиз. Негаки, илгари йўлларнинг сифати ҳам, ҳаракат таркиби ҳам талабга жавоб бермас эди. Шу боис узоқ йўлга чиқиш ўта машаққатли юмуш саналарди. Бир марта рейсни амалга оширгач, локомотивлар таъмирталаб бўлиб қолишини айтмайсизми?
Бугун-чи? Йўлда юриб чарчоқ нималигини билмаймиз. Юртимиз аҳолиси ва меҳмонларига энг замонавий, юксак самарали локомотивлар ҳамда ҳар томонлама қулай вагонларда хизмат кўрсатаяпмиз. Бундан ҳамма хурсанд. Айниқса, ёши улуғ кишилар манзилларига эсон-омон етиб олишгач, қўлларини дуога очиб, шундай эзгу ишларнинг бошида турганлар шаънига илиқ сўзлар айтади, тинч ва осуда Ўзбекистонимиз янада гуллаб-яшнасин, дея фотиҳа қилишади.
Шундай пайтларда темир йўл тизимида меҳнат қилаётганимдан, шу касбни танлаганимдан, эл корига яраётганимдан ич-ичимдан қувонаман, руҳиятимда чексиз кўтаринкилик уйғонади.

Мухаммад ЮЛДАШЕВ,
«Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик компаниясининг Қўқон локомотив депоси тепловоз машинисти,
«Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn