Мулкдорлик бахти
  • 08 Ноябрь 2014

Мулкдорлик бахти

“Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли.”

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 36-моддаси.

“Фермерлар — мустақиллик қалдирғочлари”. Биз, қишлоқ хўжалиги ходимлари Президентимизнинг ўтган аср тўқсонинчи йиллари бошида айтган ушбу сўзлари моҳиятида нақадар теран ҳаётий ҳақиқат мужассам эканлигини йиллар ўтгани сайин теран тушуниб етаяпмиз. Биз қишлоқ мулкдори, ер эгасига айландик. Дунё ўрганса арзийдиган тажриба тўпладик. Хусусан, дастлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан машғул бўлган фермер хўжаликлари, айни пайтда қайта ишлаш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш каби кўплаб тармоқларда самарали фаолият олиб бормоқда.
Ўз фаолиятим мисолида айтай. Олий маълумотли иқтисодчиман. Ана шу соҳа бўйича олган билимларимни бугун фермер хўжалиги ривожида қўллаяпман. 1992 йилда акаларим билан биргаликда чорвачилик йўналишида иш бошлаган эдик. Ер эгасига айланганимга эса ўн уч йилдан ошди. Дастлаб ихтиёримиздаги ерлар бор-йўғи уч гектардан иборат эди. Ўтган даврда хўжалигимиз ривож топиб, экин майдонларимиз кенгайди. Ҳозир 191 гектар ер тасарруфимизда. Ҳар йили пахтадан ҳам, ғалладан ҳам юқори ҳосил олаяпмиз. Қолаверса, чорвачилик — қўшимча даромад манбаимиз. 16 та замонавий қишлоқ хўжалик техникаси — қанотимиз.
Мен яшаётган Мўминобод маҳалласида ҳамкасбларим кўп. Уларнинг барчаси — ерга меҳр қўйган деҳқонлар. Муҳими, ҳудудимиздаги фермер хўжаликлари ҳамда бошқа тадбиркорлик субъектларининг ривожи хонадонларимиз ободлиги, турмушимиз фаровонлигида ўз аксини топмоқда. Албатта, эришаётган ана шу ютуқларимизнинг ҳаммаси давлатимиз томонидан биз, қишлоқ хўжалиги тадбиркорлари — фермерларга яратилган имкониятлар натижаси, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва у асосида қабул қилинган қонунларимизнинг ҳаётий ифодасидир.

Баҳодир КЕНЖАЕВ,
Боёвут туманидаги «Аҳмадий» фермер хўжалиги раҳбари,
«Шуҳрат» медали соҳиби,
«Ташаббус — 2014» кўрик-танлови ғолиби.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn