Бебаҳо мерос эъзози
  • 07 Ноябрь 2014

Бебаҳо мерос эъзози

Инсоният тамаддуни, илм-фан ва маданият равнақига бениҳоя катта ҳисса қўшган буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино мероси ҳали ҳам кўплаб халқаро тадқиқот институтлари томонидан ўрганилмоқда.

Унинг тиббиёт, фалсафа, физика, мусиқа, адабиёт, мантиқ, психология каби фанлар ривожига оид асарлари барчанинг ҳайрати ва эътирофига сазовор бўлиб келаяпти.
Хусусан, Президентимиз Ислом Каримов шу йилнинг 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференцияда “Ислом оламининг энг машҳур файласуфи ва қомусий алломаси ҳамда инсониятнинг энг буюк мутафаккирларидан бири” деган унвонга сазовор бўлган  бобокалонимизнинг ҳаёти ҳамда фаолияти авлодларда алоҳида ғурур ва эҳтиром туйғуларини уйғотишини мамнуният билан таъкидлади. Айни пайтда алломага жаҳоннинг бир қатор шаҳарларида ҳайкаллар ўрнатилгани, унинг номи билан аталувчи бир неча ўқув юртлари фаолият кўрсатаётгани, ўнлаб асарлари турли тилларга таржима қилингани бунинг яққол тасдиғидир.
Дарҳақиқат, замондошлари томонидан “Шайх ур-раис”, яъни “Донишмандлар сардори” дея таъриф этилган буюк аждодимизнинг  ноёб қўлёзмалари ҳозир кўплаб мамлакатлардаги турли илмий муассасалар ҳамда музейларда сақланмоқда. Чунончи, улуғ аждодимизнинг “Тиб қонунлари” деб аталган бебаҳо фундаментал асари  кейинги бир неча юз йиллар учун тиббиёт фанлари тараққиётининг асосий йўналишларини олдиндан белгилаб берди. Амалий тиббиёт ва фармакология соҳаларининг энг муҳим методологиясига асос солди. Шу боис бу асар Европада XV асрда чоп этилган дастлабки китоблардан бири бўлган ва ўарбдаги етакчи университетларда тиббиёт илми қарийб 500 йил давомида айни шу китоб асосида ўқитиб келинган.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда ҳам буюк мутафаккирнинг ҳаёти, ижоди ва фаолиятини тўла тадқиқ этиш, унинг асарларидаги эзгу ғояларни ёш авлод онгига сингдириш, уларни бой тарихимизга эҳтиром руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бухорода Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ибн Сино жамоат фонди ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган “Ибн Синонинг илмий-маънавий мероси — башарият учун бебаҳо хазина” мавзуидаги илмий-амалий анжуманда ана шулар хусусида сўз юритилди.
Тадбирда юртимиз олим ва тадқиқотчилари томонидан бобокалонимиз маънавий меросининг ўрганилмаган қирраларига оид маърузалар қилинди. Улуғ юртдошимиз таълимотининг ҳар томонлама соғлом авлодни камол топтиришдаги аҳамияти нечоғли юксаклиги айтиб ўтилди.
Конференция иштирокчилари Абу Али ибн Сино номи билан аталувчи фавворалар хиёбони очилишида қатнашди. Аллома таваллуд топган Пешку тумани Афшона қишлоғидаги тиббиёт касб-ҳунар коллежида яратилган шароитлар ҳамда бобокалонимиз ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи музей билан танишди.
Конференцияда Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи М. Эсонов сўзга чиқди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Эзгу ташаббус Мулкдорлик бахти »