Энг қудратли омил
  • 05 Ноябрь 2014

Энг қудратли омил

“Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади.

Мактаб ишлари давлат назоратидадир.”

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддаси.

Жорий йил Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан пойтахтимизда бўлиб ўтган тантанали тадбирда иштирок этдим. Унда Президентимизнинг биз, соҳа вакилларига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди.
“...Дунёда “ўзбек модели” деб тан олинган, мамлакатимиз миллий тараққиёт стратегиясининг ажралмас қисми бўлган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини ўз вақтида қабул қилиб, амалга оширганимиз янги ҳаёт, янги жамият қуришда энг кучли, айтиш мумкинки, энг қудратли омил бўлиб, нафақат таълим соҳасини, балки одамларимизнинг дунёқарашини, бутун ҳаётимизни тубдан ўзгартириб юборгани ҳақида бугун ҳар қанча ғурурланиб, фахрланиб гапирсак, арзийди...” Мана шу сўзларнинг ҳаётдаги тасдиғини ўзим, оддий бир ўқитувчи сифатида ҳар куни кўриб, ҳис этиб тураман.
Ўттиз беш йилдан бери синф доскасига мавзу ёзаман, дафтар текшираман, ўқувчилар зеҳнини баҳолаб бораман. Айтмоқчиманки, биз тенги авлод собиқ тузум давридаги маориф тизими билан ҳозирги таълим ислоҳотларини солиштириш имконига эгамиз. Авваллари ёшларни ўқитардик, лекин уларнинг кўнглига йўл топиш, орзу-умидларига қанот бериш муҳимлиги ҳақида кўп қайғурмас эдик.
Замон шундай эдики, беш-олти соат дарс тинглаб, чарчаган бола уйига бориб дам олиш, дарс қилиш, қўшимча адабиётларни ўзлаштириш, спорт билан шуғулланиш ўрнига дала ишларида қатнашишга мажбур эди.
Касбимиз тақозоси юзасидан ота-оналар билан тез-тез учрашиб, суҳбатлашиб турамиз. Бундай йиғинларда гап, албатта, фарзандларимиз таълим-тарбияси устида боради. Биласизми, уларнинг гап-сўзлари, юз-кўзларидан ўғил-қизлари камолидан мамнунлик, эртанги кунидан хотиржамлик ҳисси яққол сезилади.
Дарҳақиқат, юртимизда таълим-тарбия соҳасига тараққиётнинг ҳал қилувчи омили сифатида қаралаётганидан ҳар қанча қувонсак, фахрлансак арзийди. Яқинда бир йиғилишда эътироф этилди, Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастурига кўра, биргина  вилоятимизда 700 га яқин умумтаълим мактаби тубдан янгиланибди. Яна таълим даргоҳларида 350 дан ортиқ янги спорт иншоотлари бунёд этилганини айтмайсизми?! Ўқув масканларининг замонавий таълим жиҳозлари, ўқув дастурлари ва дарсликлар билан барқарор таъминланиши туфайли ёшларимиз табиий фанларни, чет тилларини яхши ўзлаштиришаётир. Дунёқараши кенг, фикри тиниқ авлод бўлиб улғайишмоқда.
Ўзим ишлаётган Олмалиқ шаҳридаги 22-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиларидан қиёс. Биласизми, улар баъзан, режадаги дарс машғулотларидан оладиган маълумот ва кўникмалар билан қониқишмайди. Жуда кўп ахборотга эга бўлишни исташади. Масалан, математик бўлганим боис шу соҳага қизиққан ўқувчиларимиз учун “Ёш математиклар” тўгарагини очдик. Яхши самара берди. Мақтанишга йўйманг-у, шогирдларимиз табиий фанларни ўзлаштиришда бошқа тенгқурларидан анча ўзиб кетишган. Буни уларнинг фан олимпиадаларида эришаётган натижалари ҳам яққол тасдиқлайди.

Махбурат ТУРДИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn