Шаҳрисабз: Қадимий, навқирон, бетакрор
  • 05 Ноябрь 2014

Шаҳрисабз: Қадимий, навқирон, бетакрор

Юртимизнинг қадимий масканларидан бири, афсонавий Шаҳрисабз нафақат гўзал ва сўлим табиати, балки тарихий обидалари билан ҳам маълум ва машҳурдир.

Ўтмишда гоҳ Гава, гоҳ Суғда, гоҳ Наутака, гоҳ Кеш номини олган мазкур шаҳар Юртбошимиз томонидан “Қашқа воҳасининг зумрад гавҳари” деб таърифланган. Бинобарин, истиқлол туфайли  Шаҳрисабзнинг 2700 йиллиги нишонланиши етти иқлимга таърифи кетган шаҳарни бутун дунёга яна бир марта овоза қилди. Кўҳна Шарқ архитектураси дурдоналари ҳисобланган кўплаб обидалар, миллий меъморчилик ёдгорликлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мерос объектлари рўйхатига киритилгани жаҳоний эътирофнинг ёрқин далилидир.
Айни пайтда бу ерда улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 февралдаги “Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорига асосан, ҳудудни архитектуравий режалаштириш, қиёфасини яхшилаш мақсадида 36 та объектда 97,5 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши белгиланган. Хусусан, шу кунларда Оқсарой мажмуасини Дорут-тиловат ва Дорус-саодат мажмуалари билан бирлаштирувчи хиёбонда иш қизғин. Бу ердаги одам нафасини қайтарадиган бетон майдонлар ўрнида гулзорлар билан ўралган яшил ҳудуд барпо қилинмоқда. Бу эса шаҳар марказида ўзига хос микроиқлимни вужудга келтиради. Ҳозир хиёбон атрофидаги Маданият саройи, “Чорсу” деҳқон бозорида реконструкция ишлари якунига етиб қолди.
Биласиз, Шаҳрисабзга келаётган сайёҳлар зиёрат ва саёҳатни Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойидан бошлашади. Шу боис унинг атрофи Ҳукумат қарори билан тасдиқланган бош режага кўра, тубдан ўзгартирилмоқда. Хиёбондан Дорут-тиловат мажмуаси ҳудудигача бўлган кўчалар энг замонавий тунги ёритиш мосламалари билан жиҳозланди. Яшил майдонларнинг суғориш тизимлари ҳам бутунлай янгиланди. Дастур асосида Абдушукур оғолиқ мадрасаси, Кунчиқар, Ҳовузак Мардон, Молик Аждар масжидлари, Коба карвонсаройи ва яна 7 та тарихий аҳамиятга эга бўлган иншоот қайта таъмирланиб, ўзгача қиёфа касб этиши кўзда тутилаётир. Бошқача айтганда, Амир Темур майдони, унинг ён-атрофини янада кенгайтириш, мазкур ҳудуддаги тарихий обидаларни боғлаб турадиган янги, гўзал хиёбон барпо этиш орқали бу маскан меъморий мажмуага айланмоқда.
Мустақиллик йилларида юртимизда йўл инфратузилмасини такомиллаштириш, янги автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш борасидаги ислоҳотлар аҳолига катта имконият ва қулайликлар туғдираяпти. Хусусан, Шаҳрисабзнинг йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 2014 — 2018 йилларда 560 миллиард 300 миллион сўмлик иш бажарилиши белгиланган. Айни пайтда Қаршидан Шаҳрисабзга олиб борадиган йўлнинг дастлабки қисми ҳамда Кичик ҳалқа йўлида кенг кўламдаги қурилиш ишлари давом этмоқда.
— 6 тасмадан иборат Кичик ҳалқа йўлида асфальт қопламанинг асоси мустаҳкамланмоқда, — дейди Чироқчи йўл хўжалиги фойдаланиш-таъмирлаш корхонаси раҳбари Баҳодир Қулбулов. — Бу эса кейинчалик йўл бузилишининг олдини олади. Ушбу трасса бўйлаб 8 та жойда турли кабеллар, ичимлик суви тармоқлари олиб ўтишга мўлжалланган ускуналар ўрнатиб чиқилди. Йўлнинг сифатли, узоқ йиллар хизмат қилиши учун унинг четига лотоклар ётқизилди. Мазкур йўлнинг Қарши — Шаҳрисабз қисмидаги 4 тасмали йўналишида ётқизилаётган 27 сантиметр қалинликдаги бетон қопламаси эса унинг мустаҳкам бўлишини, юк машиналари қатновига бардошлилигини таъминлайди.
Шу кунларда Ипак йўли кўчаси ҳам бутунлай ўзгача қиёфа касб этаётир. Ушбу ҳудудда тижорат банклари буюртмаси асосида қад ростлаётган 16 та кўп қаватли уйнинг биринчи қаватидан савдо дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ўрин олади. Бу уйларда аҳоли учун барча қулайлик яратилиши кўзда тутилган. Дўстлик маҳалласида тикланаётган замонавий кўп қаватли уй эса “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари учун мўлжалланган.
— Бу уй ҳозирги замон ёшларига мос, ўзига хос услубда шинам ва чиройли қилиб лойиҳалаштирилган, — дейди Қашқадарё темир йўл қурилиш ва таъмирлаш бошқармаси иш бошқарувчиси Шавкат Азимов. — Энг муҳими, бу иморат ҳам янгиланаётган ва яшараётган Шаҳрисабз кўркига кўрк бўлиб қўшилади.
Дастурда шаҳарнинг муҳандислик тизимларини модернизация қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шунга кўра, шаҳардаги газ таъминотини яхшилаш мақсадида 2014 йилнинг ўзида 13 километр газ тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш, 15 дона газ тақсимлаш шохобчасини алмаштиришга киришилди. Ҳозирги кунгача 8 та ўрта босимли газ тақсимлаш шохобчаси юқори босимлисига алмаштирилиб, Синабоғ, Дўстлик, Маърифат каби бир қанча маҳаллаларда табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида 4,6 километрлик қувурлар тортилди.
Дастур доирасида Осиё тараққиёт банки кредити асосида 129 километрлик “Қарши — Шаҳрисабз” автомагистрали тўрт тасмалига айлантирилмоқда. Шаҳарнинг Беруний, Низомий, Пахтакор кўчаларининг 8,5 километрлик қисми бутунлай янгиланаётир.  Жами 150 километрлик ички йўллар кенгайтирилаяпти. Шунингдек, “Шаҳрисабз” бош автобекатини қайта реконструкция қилиш, “Гулистон” массивида янги автобекат қуриш ишлари амалга оширилади. Ички йўлларда йўловчиларга хизмат кўрсатиш мақсадида 95 та “Isuzu” русумли автобус сотиб олиш режалаштирилган. Бу, албатта, шаҳар аҳолиси учун янада қулайлик яратади. Келгусида шаҳар кўчаларида электромобиллар қатновини йўлга қўйиш, сайёҳлар учун алоҳида йўналишлар ташкил этиш ҳам дастурдаги чора-тадбирлар режасига киритилган.
Ҳукумат қарори асосида шаҳардаги доим гавжум бўладиган деҳқон бозори “Шарқ” бозорига айлантирилмоқда. Республика шаҳарсозлик илмий тадқиқот институти мутахассислари томонидан лойиҳалаштирилган янги бозорда кенг ва замонавий расталар, маҳсулотлар учун совутқичли хоналар, ичимлик сув узатиш минораси, 300 та автомашинага мўлжалланган тўхташ жойи ва бошқа инфратузилма иншоотлари қурилиши амалга оширилади. Бошқача айтганда, “Шарқ” бозори ўз исмига монанд, барча қулайликка эга бўлган янада обод масканга айланмоқда.
Эзгу ташаббус билан амалга оширилаётган бундай бунёдкорлик ишлари Шаҳрисабзнинг нафақат мамлакатимиз, балки минтақадаги энг гўзал ва обод шаҳар, сайёҳлар оқими тўхтамайдиган доимий гавжум ҳамда йирик туризм маркази, таъбир жоиз бўлса, Марказий Осиёдаги асосий шаҳри азимлардан бири бўлишига хизмат қилаяпти.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ораста, зукко, ташаббускор Энг қудратли омил »