Ораста, зукко, ташаббускор
  • 05 Ноябрь 2014

Ораста, зукко, ташаббускор

Пойтахтимизда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Халқ таълими вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда  қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Ораста қизлар” кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилди.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда парламент аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари, хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла фаоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Таъкидлаб ўтилганидек, Президентимиз раҳнамолигида ёш авлоднинг юксак интеллектуал салоҳиятли, чуқур билим ва замонавий дунёқараш эгалари бўлиб вояга етишини таъминлаш, хусусан, иқтидорли, фаол, изланувчан, ташаббускор қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни муносиб рағбатлантириш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Айни чоғда қизларни 12 йиллик узлуксиз таълим билан қамраб олиш, уларнинг саломатлигини асраш, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шарт-шароит яратиш, касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар ўзининг ижобий натижаларини кўрсатаётир. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил
6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янада кенгайтиришда дастуриламал бўлмоқда.
Ўз навбатида, Республика Хотин-қизлар қўмитаси томонидан амалга оширилаётган турли лойиҳалар, акциялар, ўтказилаётган маънавий-маърифий кўрик-танловлар ёшларда миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғусини ошириш, маънавиятини янада юксалтиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Чунончи, 2011 йилда қўмита ташаббуси билан республикадаги ўқув муассасалари қошида ташкил этилган “Ораста қизлар” тўгараклари бугун ўз сафига минглаб қизларни қамраб олгани билан муҳим аҳамият касб этади. Бинобарин, қизларда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, ўз хонадони, маҳалласи ва атроф-муҳитнинг тозалигига эътиборни кучайтириш, экологик ҳамда тиббий маданиятни юксалтириш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш, оила, никоҳга оид тушунчаларни кенгайтиришда мазкур тўгараклар фаолияти самарали бўлмоқда.
“Соғлом бола йили” Давлат дастурида ҳам “Ораста қизлар” тўгараклари ишини янада кенгайтириш, иқтидорли қизларни рағбатлантириш борасида аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Шунга кўра, жойларда ўтказилган “Ораста қизлар” кўрик-танловининг қуйи босқичларида 35 минг нафарга яқин қизлар қатнашди. Ҳар бир туман, шаҳардан бир нафардан фаол, етакчи иштирокчи танлаб олиниб, муайян ҳудуд жамоаси шакллантирилди.   
— Танловдан жуда катта таассуротлар олдик, — дейди Сурхондарё вилоятининг “Сурхон гавҳари” жамоаси сардори Эъзоза Жабборова. — Унда  турли йўллар билан кириб келаётган ёт ғоя ва мафкуралар таъсиридан ҳимояланиш, ўз уйимиз, маҳалламиз, Ватанимиз ободлигини таъминлаш, оила муқаддаслигини теран англаб етишга оид билимларимизни синовдан ўтказдик. Айни чоғда жамоамиз билан олган билимларимиз мазмун-моҳиятини “Тенгдош — тенгдошга” тамойили асосида дугоналаримизга етказиш, шу орқали улар ўртасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга ҳисса қўшишни мақсад қилаяпмиз.  
Кўрик-танловда Наманган вилоятининг “Наманган гуллари”, Тошкент вилоятининг “Намуна”, Қашқадарё вилоятининг “Нафосат”, Сурхондарё вилоятининг “Сурхон гавҳари” жамоалари ғолиблар қаторидан жой олди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.



Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn