Бағрикенглик ва эзгулик маскани
Версия для печати
  • 04 Ноябрь 2014

Бағрикенглик ва эзгулик маскани

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқарувининг жорий йил 9 ойидаги фаолияти якунларига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.

Эътироф этилганидек, маҳалла азалдан тарбия ўчоғи, миллий урф-одат ва анъаналар шаклланган, асрлар мобайнида такомиллашган шарқона бошқарув идораси сифатида ўзини ҳар томонлама намоён этиб келган. Истиқлол даврида унинг нуфузи ҳар қачонгидан юксалиб, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар жараёнидаги иштироки тобора кенгаймоқда. Хусусан, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар, имконияти чекланган ва ёлғиз қарияларга меҳр-мурувват кўрсатиш, оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантиришга кўмаклашиш, жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш ҳамда фуқаролик жамиятини ривожлантиришдаги ўрни ва аҳамияти, айниқса, беқиёс.
Бу борада Президентимиз раҳнамолигида кучли фуқаролик жамиятини қуриш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида маҳалла нуфузини юксалтиришга устувор вазифа сифатида эътибор қаратилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни пайтда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига оид қонун ҳужжатлари улар фаолиятини самарали йўлга қўйишда дастуриламал бўлаётир.
Ҳисобот даврида, “Соғлом бола йили” Давлат дастури ҳамда Фонд иш режасидан келиб чиқиб, фуқаролар йиғинлари зиммасига юклатилган вазифалар ижросини таъминлашга услубий ва амалий кўмаклашиш мақсадида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан муайян ишлар бажарилди. Аввало, фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун Фонд бўлимлари томонидан 873 та фуқаролар йиғини компьютер жамламаси, 920 таси мебель жиҳозлари билан таъминланди, 175 та  фуқаролар йиғини биноси реконструкция қилинди, 20 га яқин йиғинлар биноси эса янгидан қурилди.
Тадбирда вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтиришга жиддий эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Жумладан, миллий қонунчилик мазмун-моҳиятини аҳоли, хусусан, ёшлар орасида тушунтириш ишлари изчиллик билан давом эттирилмоқда. Аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигига кўмаклашиш ҳам доимий эътиборда бўлиб келаётир. Бу борада маҳаллаларда 34 мингдан ортиқ маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ишга туширилиб, 112 мингдан зиёд иш ўринлари яратилди. Натижада 39 минг нафардан ортиқ хотин-қизлар ҳамда 34 мингдан зиёд ёшлар ўзларининг доимий иш жойларига эга бўлди.
Йиғилишда ижтимоий ёрдамга муҳтож кишиларга доимий ғамхўрлик кўрсатиб келинаётгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, 5 минг нафарга яқин Меҳрибонлик, Мурувват уйлари тарбияланувчилари ҳамда ёлғиз кексалар, уруш ва меҳнат фахрийлари, ногиронларга зарур кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказиб берилди. Шу билан бирга, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар фарзандларининг никоҳ ва суннат тўйларини ўтказишга кўмаклашилди. Эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари сўлим оромгоҳларда бепул дам олиб қайтишди. Фуқаролар йиғинлари тавсияси билан кам таъминланган ёки боқувчисини йўқотган оилалар вакиллари, ёлғиз кексалар ҳамда уруш ва меҳнат фахрийларининг мамлакатимиздаги диққатга сазовор жойлар ҳамда истироҳат боғларига саёҳатлари уюштирилди.
Маҳаллаларда ўтказилаётган тадбирларда ёшларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш, уларни оммавий маданиятнинг салбий таъсири, миллий ҳаёт тарзимизга зид ғоялардан ишончли тарзда ҳимоя қилиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтиришга катта аҳамият қаратилаётгани таъкидланди. Бу борада “Маҳалламиз паҳлавонлари”, “Футболимиз келажаги” ҳамда “Отам, онам ва мен — спортчи оила” мусобақаларининг ўрни салмоқли бўлаяпти. Биргина жорий йилги “Футболимиз келажаги” республика кубоги мусобақалари 8402 та фуқаролар йиғинида ўтказилгани ва уларда 1,1 миллион нафарга яқин ёшлар иштирок этгани ҳам шундан далолат беради. Полвонлар баҳсларида 151 минг нафардан зиёд иқтидорли ўғил ва қизлар, оилавий  беллашувларда эса 255 минг нафарга яқин оилалар вакиллари қамраб олинди.
Шуларга уйғун равишда, Давлат дастури ҳамда Фонд иш режасидан келиб чиқиб, республикамиз бўйича 173 та болалар майдончаси қайта таъмирланди ва 152 таси янгидан қурилди. Айни чоғда ҳудудлардаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда касбий йўналиш бўйича тўгараклар, жисмоний тарбия ва спортга 757 минг нафарга яқин болалар жалб этилган. Қолаверса, ҳудудлардаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида ташкил этилган ижодий жамоалар — ашула ва рақс ҳамда эстрада ансамблларида жами 5061 нафар иқтидорли ўқувчининг иштироки йўлга қўйилган.
Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва кам таъминланган оилалар фарзандлари учун музей, ботаника боғлари, маданият ва истироҳат боғларига экскурсиялар ҳамда Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент шаҳарларига сафарлар ташкил этилгани ҳам тадбир иштирокчилари диққат марказида бўлди. Шу мақсадда ёшларда юксак маънавий фазилатлар, жумладан, катталарга ҳурмат, кичикларга ғамхўрлик, эзгулик ва инсонийлик, меҳрибонлик ва бағрикенглик ҳамда Ватани ва халқига садоқат туйғуларини юксалтириш мақсадида маҳаллаларда 3 мингга яқин семинарлар, тренинглар ўтказилди. Маҳаллаларда етук олим, психолог, ёзувчи, шоир, дин арбоблари иштирокида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларнинг ҳам ёшлар тарбиясидаги ўрни юқори бўлмоқда.
Умуман, “Соғлом бола йили” Давлат дастури ва Фонднинг иш режасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтган давр мобайнида жами 11 миллиард 465 миллион сўм маблағ сарфланди.
Якунда истиқболдаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn