Нотариат институти истиқболи
  • 04 Ноябрь 2014

Нотариат институти истиқболи

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида “Нотариат институти: ислоҳот ва истиқболлар” мавзуида анжуман ўтказилди.

Тадбирда юртимизда нотариал идоралари изчил фаолият юритаётгани, айни чоғда қабул қилинган йигирмадан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нотариат институтини тартибга солиш ва такомиллаштириш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда дастуриламал бўлаётгани таъкидланди. Чунончи, “Нотариат тўғрисида”ги Қонунда бу  институт ҳуқуқий мақоми ва фаолияти билан боғлиқ масалалар ўз ифодасини топган. Президентимизнинг 2010 йил 5 майдаги “Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ эса 2010 йилдан бошлаб хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолияти тугатилди. Бу, шубҳасиз, давлат нотариал идораларининг самарали тармоғини тузиш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмини яратишга хизмат қилмоқда.
“Адлия органлари ва муассасалари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига, шу жумладан, “Нотариат тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимча ва ўзгартишларга кўра, нотариусларга қўйиладиган малака талаби кучайтирилди, нотариус стажёри ва нотариус ёрдамчиси институтлари жорий этилди.
Бу борада олиб борилган саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, шу йилнинг тўққиз ойи давомида давлат нотариуслари томонидан 4 миллиондан ортиқ нотариал ҳаракатлар бўйича жисмоний ва юридик шахсларга битим ва аризалар лойиҳаларини тузиш, шунингдек, нотариал ҳаракатларнинг амалга оширилишига доир масалалар юзасидан тушунтиришлар берилиб, ҳуқуқий хизматлар кўрсатилди.
Анжуманда сўзга чиққанлар бугунги кунда мамлакатнинг иқтисодий ўсишини таъминлаш, янги иш ўринлари ташкил қилиш, аҳоли даромадлари ва фаровонлигини оширишда тобора муҳим ўрин тутаётган кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашда ҳам нотариат институтининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётганини эътироф этишди.
Қизғин мулоқот жараёнида давлат нотариал идоралари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, юридик хизмат кўрсатиш сифатини кенгайтириш, ҳудудларда нотариал идоралари томонидан ташкил этилган “бепул маслаҳат” кунларида фуқаролар ва юридик шахсларга ҳуқуқий кўмак беришнинг муҳим жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn