Кўламли ислоҳотлар ва турмуш ободлиги
  • 04 Ноябрь 2014

Кўламли ислоҳотлар ва турмуш ободлиги

Тошкент шаҳар ҳокимлигида Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 5 майда имзоланган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни ижроси доирасида матбуот анжуманлари ташкил этилди.

Оммавий ахборот воситалари ходимлари билан очиқ мулоқот тарзида ўтган мазкур тадбирларда пойтахтимизнинг Сергели, Олмазор, Учтепа ва Шайхонтоҳур туманларида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг амалга оширилиши, аҳоли турмуш даражасини янада юксалтириш, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган авлоднинг ҳар томонлама баркамол вояга етишига кўмаклашиш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.
Таъкидланганидек, иқтисодиётни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш, хорижий сармояларни жалб этиш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш борасидаги тизимли чора-тадбирлар натижасида мазкур туманларда саноат маҳсулотлари, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, экспорт ҳажми муттасил ошиб бормоқда.
Буни Сергели тумани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Хусусан, яратилган янги иш ўринларининг асосий қисми кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келади. Қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчиллик касб этмоқда. Ўтган тўққиз ойда кичик бизнесни ривожлантириш учун 63 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди, давлатга тегишли объектлардаги 15,7 гектар ишлаб чиқариш майдони 564 та тадбиркорлик субъектига ижарага берилди ҳамда бу майдонларда янги ишлаб чиқариш линиялари йўлга қўйилди. Туманда ташкил этилган “Ягона ойна” маркази тадбиркорларга амалий-ҳуқуқий кўмак бериб келаётир.
Пойтахтимизнинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва инвестиция имкониятлари ошиб бораётган туманларидан яна бири — Олмазор туманида  аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2014 йилнинг ўтган даври мобайнида бу ерда 9 минг 161 иш ўрни яратиш кўзда тутилган бўлса, амалда ўн мингдан зиёд киши иш жойига эга бўлди.
Бугунги кунда тумандаги саккизта касб-ҳунар коллежида 18 мингдан зиёд ўқувчилар жаҳон андозалари даражасида таълим-тарбия олмоқда. Битирувчилар бандлигини таъминлаш чоралари кўрилаётир.
Худди шундай, Учтепа туманида ҳам мавжуд 8 та ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини битирган 3 минг 200 нафардан зиёд ёш мутахассисларнинг 64 фоизи ҳозирги кунда муқим иш жойи ҳамда даромад манбаига эга. Битирувчиларнинг яна бир муайян қисми “Устоз — шогирд” анъанаси асосида миллий ҳунармандчилик бўйича маҳорат сирларини ўрганмоқда.
Саноати жадал суръатда ривожланаётган Шайхонтоҳур туманида 11 йирик ва 247 та қўшма корхона истеъмол бозорига рақобатбардош маҳсулотлар етказиб бермоқда. 4 мингдан зиёд кичик бизнес субъектлари ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг такомиллашувига, шунингдек, туман аҳолиси бандлигини таъминлаш ҳамда турмуш фаровонлигини оширишга муносиб улуш қўшмоқда.
Ушбу туманларда ижтимоий объектларни қиш мавсумига тайёрлаш, айниқса, кўп қаватли уйларнинг том ва йўлакларини таъмирлаш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ўз вақтида бажарилиб, мазкур масалада аҳолидан тушаётган шикоят ва мурожаатлар имкон қадар ижобий ҳал этилмоқда.
Матбуот анжуманларида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, истиқболдаги вазифалар хусусида батафсил маълумот берилди, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn