Самарали ижтимоий шериклик
  • 08 Февраль 2014

Самарали ижтимоий шериклик

хотин-қизлар манфаатларини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бошқарувининг йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда қўмитанинг 2013 йилдаги фаолияти якунлари ва Соғлом бола йилидаги устувор вазифалар таҳлил қилинди.
Унда тегишли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмиталари раислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова ва бошқалар томонидан эътироф этилганидек, мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги нуфузини юксалтириш, оила, никоҳ муносабатларини тартибга солиш, ёш оилаларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш, улардаги соғлом ва барқарор муҳитни асраш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган ишлар изчил амалга оширилмоқда.
Айниқса, хотин-қизларнинг ҳаётимиздаги фаол иштирокини таъминлаш, меҳнат ва ўқиш шароитларини яхшилаш, истеъдодли қизлар салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлар самарали ташкил қилинаётир. Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борада дастуриламал бўлмоқда.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан вазирлик ва идоралар, корхона ва ташкилотлар, таълим-тарбия муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда ижтимоий дастурларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга катта эътибор қаратилгани таъкидланди. Бундай кенг кўламли ҳамкорлик маҳаллаларда умумтаълим мактабларининг 9-синфини тамомлаган ўқувчиларни ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига тўлиқ қамраб олиш, ташаббускор, фаол ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса, қизларни касб-ҳунарга йўналтириш, оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта турмуш, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳлар, оилавий ажримларнинг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда.
“Обод турмуш йили” Давлат дастури ижросида, хусусан, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, чекка ҳудудларда яшаётган опа-сингилларимиз турмуш шароитини яхшилаш, оилалар мустаҳкамлигини асраш борасида кўрилган аниқ чора-тадбирлар самараси ўлароқ, бу борада ижобий кўрсаткичларга эришилди. Чунончи, ўтган йили тижорат банклари томонидан хотин-қизлар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш учун 700 миллиард сўмга яқин кредитлар ажратилгани, натижада минглаб аёллар тадбиркорликни йўлга қўйиб, оиласи, юрт учун наф келтираётгани бунинг ёрқин далилидир. Шу билан бирга, таълим масканларидаги “Ораста қизлар” тўгараклари, маҳаллаларда “Ораста ёшлар” ахборот-маслаҳат гуруҳлари фаолиятининг йўлга қўйилгани йигит-қизларнинг ўз саломатлиги, оила олдидаги масъулиятни теран англаши, Ватан тараққиётига дахлдорлик туйғусини янада кучайтиришда долзарб аҳамият касб этмоқда. 
Бундан ташқари, хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларда тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳар йили минглаб ҳомиладор аёлларни соғломлаштириш, ривожланишида нуқсони бўлган гўдаклар туғилишининг олдини олишда намоён бўлмоқда.  
Йиғилишда Соғлом бола йилида амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Жисмоний ва маънавий жиҳатдан соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш, айниқса, қизларни спортга кенг жалб этиш, хотин-қизлар манфаатларини таъминлашда вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, ННТ, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Тадбирда ҳисобот даврида йўл қўйилган айрим камчиликлар танқид қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилди.
Якунда муҳокама этилган масалалар бўйича аниқ чора-тадбирлар ва истиқболли режалар белгилаб олинди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn