Табиий мувозанатни сақлаш — долзарб вазифа
  • 15 Октябрь 2014

Табиий мувозанатни сақлаш — долзарб вазифа

Хабарингиз бор, шу ойда Урганч шаҳрида “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтади.

Унга тайёргарлик кўриш жараёнида ташкилий қўмита томонидан давра суҳбати ўтказилди. Йиғилишда Иқтисодиёт, Қишлоқ ва сув хўжалиги, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари, манфаатдор идоралар, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Шубҳасиз, сув ресурслари Орол денгизи ҳавзаси барқарор ривожланишини таъминлашда ҳал қилувчи омилдир. Минтақамиз шароитида сув ҳамиша ҳаёт, аҳоли фаровонлиги ва ободлиги манбаи бўлиб келган ҳамда у давлатлар тараққиёти суръатини белгилаб беради.
Шу маънода, Орол фожиаси ва уни бартараф этиш чора-тадбирлари ҳақида гапирар эканмиз, обиҳаётдан оқилона ва тежаб фойдаланиш, ҳудуддаги экологик ҳамда сув мувозанатини асраб-авайлаш, уларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш билан узвий боғлиқ эканини яхши англаймиз.
Орол денгизининг қуриши Марказий Осиё мамлакатлари экологиясига жиддий зарар етказди. Жумладан, Амударё ва Сирдарё бўйида тупроқ ҳамда ўсимлик дунёси деградацияси кузатилиб, флора ва фаунанинг кўплаб турлари йўқолиб кетди. Оқибатда ҳудуд биохилма-хиллигига ўнглаб бўлмас зарба берилди. Ҳар йили атмосферага қуриб бораётган денгиз тубидан 75 миллион тоннадан зиёд чанг ва зарарли тузлар кўтарилаётир.
Тадбирда мазкур муаммо долзарблиги алоҳида таъкидланиб, аҳоли генофондини муҳофаза қилиш, минтақанинг ижтимоий-иқтисодий равнақ топиши ҳамда ҳаёт сифатини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама этилди.
Тегишли вазирликлар ва ташкилотлар, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган ҳамда ўзаро ҳамкорликда амалга ошириш учун мўлжалланган лойиҳа таклифлари халқаро ташкилотлар ва донорлар эътиборига ҳавола этилди.
Маълумки, Ўзбекистон 2013 йилдан буён Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилиб келаяпти. Пойтахтимизда ушбу жамғарма Ижроия қўмитаси фаолият юритмоқда. Унинг фаолияти Орол денгизи минтақасидаги аниқ дастурлар ва лойиҳаларни рўёбга чиқариш йўлида халқаро ташкилотлар, молия институтлари ҳамда донорлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш, уларни бу жараёнга кенг жалб этишга йўналтирилгандир.
Ўзбекистон раислиги даврида Орол ҳалокатининг салбий асоратларини юмшатишга йўналтирилган кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳукумат томонидан соғлиқни сақлаш, сув таъминоти тизимини такомиллаштириш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув хўжалиги секторини янада янгилашга оид қарорлар қабул қилинди. Оролбўйида қатор лойиҳалар амалиётга жорий этилаяпти. Амударё дельтасида кичик сув ҳавзалари ташкил қилиш, қуриб бораётган денгиз туби ҳудудларида маҳаллий дарахт-бута ўсимликларидан иҳотазорлар яратиш, Тахтакўпир туманидаги аҳоли пунктларида тузсизлантирадиган қурилмали сув олиш иншооти қуриш шулар жумласидандир.

М. САИДОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn