Фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари
  • 15 Октябрь 2014

Фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари

Пойтахтимизда Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг “Мамлакатни янада модернизация қилиш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда оммавий ахборот воситалари ролини ошириш”  қўшма лойиҳаси бошланди.

Фуқаролик жамияти институтлари тизимида оммавий ахборот воситалари роли ва ўрнини кучайтириш, давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назорати амалга оширилишини таъминлаш, журналистларнинг вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари ахборот хизматлари билан алоқаларини яхшилаш, журналистлар малакаси ҳамда ихтисослашувини чуқурлаштиришни мақсад қилган мазкур лойиҳада юз нафардан зиёд соҳа ходимлари, PR-мутахассислар турли ижтимоий аҳамиятга эга масалалар, жамиятни сиёсий модернизациялаш ва демократлаштириш жараёнларига бағишланган семинарлар ҳамда давра суҳбатларида иштирок этмоқда.
Лойиҳа ишини “Замонавий ахборот хизматларининг ОАВ, жамоат ва сиёсий ташкилотлари билан ишлаш шакллари ва усуллари” мавзуидаги икки кунлик семинар бошлаб берди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликлар ахборот хизматлари вакиллари, марказий ҳамда ҳудудий нашрлар ходимлари қатнашди.
Таъкидланганидек, юртимизда фуқароларнинг ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини самарали рўёбга чиқариш, давлат органлари фаолияти очиқлигини ҳар томонлама таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Хусусан, Конституциямизда ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ҳамда уни тарқатиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Шулар асосида замон талабларига жавоб берадиган ташкилий-ҳуқуқий база яратилди. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг кучга кириши бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомига айланди.
Бинобарин, юртимизда мазкур йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтириш диққат марказида бўлиб келаётир. Ушбу жараёнларда Жамоат фонди ҳам қатор лойиҳалари билан иштирок этмоқда. Жумладан, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори ҳамда “Минтақавий мулоқот” (Словения) халқаро нодавлат ташкилоти билан қўшма лойиҳалар доирасида қатор тадбирлар ўтказилди. Уларда 30 дан зиёд семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ва анжуманлар ташкил этилди, 500 нафардан ортиқ ахборот хизматлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари, хорижий экспертлар қамраб олинди.
Интерактив руҳдаги навбатдаги семинарда мавзуга доир маърузалар тингланди, ахборот хизматларининг илғор тажрибаси тақдимоти ўтказилди. Унда тегишли таклифлар ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди. Тадбирда бу каби лойиҳалар соҳа вакиллари ўртасида тажриба ва фикр алмашиш, янги билим ҳамда кўникмаларга эга бўлиш учун қулай муҳит яратишга хизмат қилиши эътироф этилди.

М. ҚОСИМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn