Мезоннинг фараҳбахш ҳавоси
  • 09 Октябрь 2014

Мезоннинг фараҳбахш ҳавоси

Юртимизда ҳозир айни мезон. У одатда ўзининг майин, этни бир оз жунжиктирувчи шамоллари билан дохил бўлади. Халқимиз уни “Мезон шамоли” деб атайди. Кузатган бўлсангиз, у елганда, ҳавода оппоқ момиқ толалар кўзга ташланади. Бу — “ҳаво мезони”. Одатда унинг ингичка ёки йўғонлигига қараб, қишнинг қандай келиши чамаланади.

Кўп йиллик кузатишларга кўра, ҳаво мезони ингичка бўлса, қиш енгил, қалин бўлса, қаттиқ ўтар экан. Агар унинг қайси бир қисмида, дейлик, ўртасида “тугун” бўлса, қаҳратон қишнинг қоқ ярмида забтига олар эмиш. 
Мезон — шамсий йил тақвимига биноан, еттинчи ой. Унинг бундай аталиши замирида ҳам маъжозий маъно мужассам.
Гап шундаки, Наврўзда кун ва тун тенг келса, бу ҳол мезонда яна бир бора такрорланади. Зеро, мезон сўзи тилимизда “тенглик”, “меъёр”, “ўлчов” деган маъноларни англатади.  
Халқимиз бу ойни “табиатнинг эҳсони” дея таърифлайди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки йил бошидан қилинган меҳнат самараси айни шу пайтда юзага чиқади. Мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари ва пахта ҳосили йиғиштириб олинади.
Халқимизнинг “Мезон шамолини едирмай, куз мевасини узма”, деган ажойиб мақоли бор. Бунинг маъноси шуки, мезон кирмасдан туриб, нисбатан эрта териб олинган ҳосилни узоқ сақлаб бўлмайди. Шу боис деҳқонлар қиш ва баҳор мавсумлари учун жамғариб қўйиладиган қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини, айниқса, мева-чевани мезон шамолига едиргач узиб олади. Зеро, мезоннинг майин шабадасида ҳикмат кўп.
Қуёш мезон буржига оғгач, Ўзбекистонимиз табиати янада мафтункор бўлиб кетади. Теварак-атрофни ажиб гўзаллик чулғайди. Айниқса, дов-дарахтларнинг барглари олтин тусда товланиб, пойингизга тўшала бошлайди. Қуёшнинг ёқимли тафти вужудингизга ҳузур ва ором бағишлайди...
Дарҳақиқат, куз офтоби инсон соғлиғига кони фойда. Шунинг учун қиш давомида соғ-саломат юрай, деган кишиларга офтоб нурида кўпроқ тобланишни маслаҳат беришади. Ахир “Куз офтобига қизингни қўй”, деб бекорга айтилмаган.
ўаллакорлар мезонда ерни шудгор қилишни якунлаб, келгуси йил ҳосили учун дон сочишга  киришади. Боғбонлар эса ой охирига бориб, дарахтларга шакл бериш, ўғитлаш, ток ва анорларни кўмиш сингари агротехника тадбирларини бажарадилар. Нега деганда, мезон деҳқончиликда асосий агротехника юмушлари поёнига етадиган сўнгги ой ҳисобланади. Халқ мақолида айтилганидек, “Мезондан сўнг ёз бўлмас”.
Мезон ойида ерга шудринг тушади, куз ёмғирлари бошланади. Шу маънода, у деҳқонлар учун энг қизғин меҳнат мавсумидир.  Чунки ақраб яқин. Ҳадемай, у совуқларни чақириб кириб келиши ҳақиқат.


С. ИБОДУЛЛАЕВ
тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn