Билимли, мард ва садоқатли ўғлонлар
  • 07 Февраль 2014

Билимли, мард ва садоқатли ўғлонлар

тинч ва осойишта ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчидир

Президентимизнинг 2013 йил 20 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, шу кунларда юртимиздаги барча мудофаа ишлари бошқармалари йиғин пунктларида йигитларни муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатиш маросимлари бўлиб ўтмоқда.
Хусусан, белгиланган синовлардан муваффақиятли ўтиб, аскар бўлишга муносиб, деб топилган Тошкент вилоятилик бир гуруҳ ёшлар ҳам куни кеча ўз бурчларини адо этиш учун хизмат жойларига жўнаб кетишди. Тошкент вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида шу муносабат билан ташкил қилинган тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши вакиллари, чақирилувчиларнинг ота-оналари йигитларга оқ йўл тилашди.
Зангиоталик Авазхон Саидорифхўжаев ўтган йили касб-ҳунар коллежини тамомлади. Ўқиш давомида чет тилларни, ахборот-коммуникация технологияларини мукаммал ўрганди. Шу билан бирга, спорт билан жиддий шуғулланди. Бу ҳаракатлари ўтказилган синовларда юқори балл тўплашида жуда асқотди. Унинг мақсади — муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаб қайтиш ва ўзи орзу қилган олий ўқув юртида таҳсилни давом эттириш экан.
— Авазхон катта ўғлимиз бўлгани учун, очиғи, кузга бориб уйлантириш ниятимиз ҳам йўқ эмасди, — дейди чақирилувчининг онаси Ҳилола ўаниева. — Лекин у бундан аввал армияга бормоқчи эканлигини айтди. “Муддатли ҳарбий хизматдан сўнг ўқиб, яхши бир соҳанинг эгаси бўлай, уйланиш бўлса қочмас”, деди. Унинг орзуларидан қувониб, шундай ақлли ўғлимиз борлигидан фахрландик.
Дарҳақиқат, бугунги кунда ҳарбий хизмат йигитлар учун, том маънода, шон-шараф ишига айланди. Улғайиб, камолга етган ёшларимиз ўз хоҳиш-иродалари билан аскар бўлишга интилишмоқда. Ўз навбатида, чақирув даврида муддатли ҳарбий хизматга энг муносибларни саралаб олиш, тиббий кўрик, синов ва имтиҳонларни юқори савияда ташкил этишга барча шарт-шароит яратилган. Чақирув комиссияларининг ишида ошкоралик ва самарали жамоатчилик назорати таъминланган. Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида ўтган вақт мобайнида бир қатор чақирув ҳамда йиғин пунктлари реконструкция ва модернизация қилингани ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этаётир.
Жумладан, Тошкент вилоятининг 18 та туман ва шаҳаридаги мудофаа ишлари бўлими ҳамда бошқармасида ана шундай модернизация тадбирлари бажарилди. Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида эса икки қаватли қўшимча бино фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Юқори Чирчиқ тумани мудофаа ишлари бўлими чақирув пункти янги бинога кўчиб ўтди. Буларнинг ҳаммаси чақирув сифатини янада оширишга катта туртки берди.
— Оилада икки ўғилмиз, — дейди қибрайлик Элёр Мўминов. — Бундан тўрт йил аввал муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган акам ҳозир ҳарбий соҳада фаолиятини давом эттирмоқда. Унга ҳавасим келиб, армияга боришни ният қилдим, астойдил тайёргарлик кўрдим. Бугун орзуим ушалганидан жуда бахтиёрман.
* * *
Сурхондарё вилоятида ҳам йигитларни муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатиш маросимлари қизғин давом этмоқда.
Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида ташкил қилинган шундай тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийлар, меҳнат фахрийлари ҳамда чақирилувчиларнинг ота-оналари қатнашди.
Таъкидланганидек, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини ошириш йўлида ҳаётга татбиқ этилган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, Қуролли Кучларимизни ташкил қилиш ҳамда бошқаришнинг мутлақо янги тизими вужудга келди, унинг сафини тўлдириш такомиллаштирилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, муддатли ҳарбий хизмат бир йил этиб белгиланди. Президентимизнинг 2008 йил 20 ноябрдаги “Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан, фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга йилига бир марта — февраль-март ойларида чақириш йўлга қўйилди.
— Фуқаролар муддатли ҳарбий хизматга танлов асосида саралаб олинаётгани, чақирув комиссияларининг ишида ошкоралик ва самарали жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида улар таркибига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси вакиллари жалб қилингани ўзининг ижобий натижаларини бермоқда, — дейди Сурхондарё вилояти мудофаа ишлари бошқармаси масъул ходими, майор Жавлон Исмоилов. — Сафда турган йигитларга бир қаранг-а. Бўйлари баланд, қадди-қомати келишган. Бу ёшлар лицей ва коллежларда, замонавий шароитларда таълим-тарбия олишган. Шунинг учун ҳам ахборот, компьютер технологияларини, хорижий тилларни пухта билишади. Энг асосийси, улар ҳаёт ҳақида ўзларининг мустақил фикри ва қарашига, юксак ахлоқий-маънавий фазилатларга эга. Юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни таъминлашга ўз ҳиссасини қўшишга интилаётган мана шундай фарзандларимиз билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак, арзийди.
— Жудаям ҳаяжондаман, — дейди ўғли Шаҳбоз Норқобиловни кузатишга келган Термиз шаҳрилик Олмахон Эшпўлатова. — Ҳар бир ота-она учун фарзандининг камолга етиб, куч-қувватга тўлганини кўришдан ортиқроқ бахт, қувонч бўлмаса керак дунёда. Армия ёшларни тарбиялашда ўзига хос мактаб бўлиб, уларни мустақил фикрлашга ўргатади, дунёқарашини кенгайтиради. Ватанга дахлдорлик ҳис-туйғусини шакллантиради. Умуман, етук инсон бўлишида катта ёрдам беради. Бугун ўғлимнинг ҳарбий либос кийиб турганини кўрганимда, шулар хаёлимдан ўтди. Насиб қилса, Шаҳбоз муддатли ҳарбий хизматни тамомлаб, олий ўқув юртига ўқишга киради ва келажакда юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган инсон бўлади.
Тантанага йиғилганлар ана шундай эзгу ниятлар ила муддатли ҳарбий хизматга отланганларга муваффақият тилашди.

Fайрат ШЕРАЛИЕВ,
Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.


Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Қисқа сатрларда Самарали ижтимоий шериклик »