Энг улуғвор мақсад — фарзандлар камоли
  • 30 Сентябрь 2014

Энг улуғвор мақсад — фарзандлар камоли

Истиқлол йилларида таълим тизими, ёшларга қаратилаётган давлат сиёсати тубдан ўзгарди. Бунга биз Президентимиз томонидан чуқур ўйланган ва илмий асосланган, мамлакат ҳаётининг иқтисодий, ижтимоий соҳаларида кечаётган туб ўзгаришлар билан ҳар томонлама боғлиқ ҳолда ишлаб чиқилган, ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури эвазига эришдик, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.

Айнан ана шу фундаментал ижтимоий-сиёсий, илмий-педагогик асос мустақил Ўзбекистонда том маънода педагогик тафаккурнинг юксалиши, таълим тизимини ислоҳ қилишга қаратилган янги назарий, методик қоидалар ва инновацияларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалиётга жорий этилишини таъминламоқда.
Мамлакатимизда 9+3 тамойили асосида 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизимининг жорий қилингани, мактаб таълими етти тилда — ўзбек, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, туркман ва тожик тилларида олиб борилаётгани, Юртбошимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси тузилиб, ёшлар ўртасида спортни оммалаштиришнинг ноёб тизимига асос солингани халқаро миқёсда ҳам алоҳида эътироф этилмоқда. Шунингдек, юз минглаб фарзандларимизни оммавий равишда жисмоний соғломлаштириш ва спорт ҳаракатига жалб қилиш мақсадида йўлга қўйилган уч босқичли мусобақалар тизими — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинлари ёш авлодни вояга етказишда энг мақбул ва самарали тизим сифатида эътибор қозониб, хорижда ҳам кенг ўрганилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Чунки мазкур мусобақалар биринчи синф ўқувчиларидан тортиб, олий таълим муассасалари битирувчиларигача — ёш авлоднинг барча вакилларини қамраб олиши билан аҳамиятлидир.
Президентимиз мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма уч йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида: “Бир фараз қилайлик, биз бундан 17 йил олдин таълим соҳасини мутлақо ўзгартирган, янги, замонавий босқичга олиб чиққан дастурларни қабул қилмасак, бугун тез ўзгараётган глобаллашув даври, ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётган Интернет асрининг ўткир ва мураккаб талабларига муносиб жавоб бериш, мамлакатимизнинг тараққиётини, истиқболини таъминлаш, биз кўзлаган, келажаги буюк давлат қуриш деган улуғ мақсадни олдимизга қўйиш мумкинмиди?” дея ўта ҳаётий мулоҳазани ўртага ташладилар. Дарҳақиқат, бугунги муваффақиятларимиз ана шундай оқилона сиёсат туфайлидир.
Бугунги кунда БМТ маълумотларига қараганда, мамлакатимизда таълимга йўналтирилаётган харажатлар давлат бюджетининг 35 фоиздан ортиғини ташкил этмоқда. Бошқача айтганда, Ўзбекистон давлат бюджетидан ҳар йили 35 фоиз маблағ айнан таълим-тарбия соҳасига йўналтирилмоқда.
Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва етакчи халқаро бизнес-мактаблардан бири — “ИНСЕАД” томонидан 2012 йилда инсон капиталининг тараққиёт даражаси бўйича ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон 141 мамлакат орасида
53-ўринни, таълим тизимини ривожлантириш даражаси, жумладан, таълим мақсадлари учун ажратиладиган маблағлар бўйича эса дунёда бешинчи ўринни эгаллади.
Таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро миқёсда эътироф этилиши бежиз эмас. Чунки соҳани ривожлантиришга оид ҳужжатларда мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва узлуксиз таълимнинг ягона тизимини шакллантириш билан боғлиқ вазифаларни бажариш асосий мақсад этиб белгиланган.
Жумладан, мактаб таълим тизимини тубдан яхшилаш, ўқитиш сифатини такомиллаштириш, замонавий талабларга жавоб берувчи ўқув-моддий база ва таълим стандартларини яратиш, қишлоқ ҳамда шаҳар мактаблари моддий базаси ва жиҳозланишидаги тафовутларни босқичма-босқич бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишлар  юртдошларимиз дунёқарашини тубдан ўзгартириб юборгани, келажакка бўлган ишончини янада мустаҳкамлагани билан ҳам катта аҳамиятга эга.
Мамлакатимизда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида гапирганда Президентимизнинг 2008 йил 8 июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 — 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарорини ёдга олмаслик мумкин эмас. Зеро, ушбу ҳужжат таълим тизимининг янада жадал ривожланишига катта туртки берганини бугун ҳаётнинг ўзи исботламоқда.
Амалга оширилган ислоҳотлар самараси ўлароқ, юртимиздаги болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базаси тубдан янгиланиб, халқаро талаблар даражасига етди. Мазкур муассасаларга ўқувчи-ёшларни қамраб олиш кўрсаткичлари ошди. Хусусан, бугунги кунда 50 минг нафарга яқин ёшлар мусиқа ва санъат сирларини ўрганмоқда. Натижа ҳам шунга яраша салмоқли. Мусиқа ва санъат таълими муассасаларида таҳсил олаётган кўплаб ўқувчиларимиз Италия, Франция, АҚШ, Озарбайжон ва бошқа давлатларда ўтказиладиган нуфузли кўрик-танловларда мунтазам иштирок этиб, турли мукофотларни, Гран-при совринларини қўлга киритаётгани бизга фахр ва ифтихор бағишлайди.
“Агарки дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир”. Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганидек, ўқитувчилик — шарафли касб. Бугун мамлакатимизда ўқитувчилик касбини эъзозлаш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, муносиб меҳнат шароитини яратиш юзасидан ҳам улкан эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилмоқда.
Шу маънода, ҳар бир педагог нафақат юксак билим ва маҳоратга эга бўлмоғи, балки болаларни чин дилдан севиши, ўзидаги билимларни уларга сингдира олиши даркор. Бу эса умумтаълим мактабларини малакали ўқитувчи ҳамда мураббийлар билан таъминлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали тизимини яратиш, меҳнатини рағбатлантиришни янада кучайтиришни талаб этади.
Шу ўринда Президентимизнинг 2012 йил
10 декабрда қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини алоҳида эътироф этиш керак.
Шубҳасиз, ушбу ҳужжат мамлакатимизда замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг илғор услубларини жорий этиш йўли билан ўсиб келаётган ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, хорижий тилларни пухта биладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳада халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит ҳамда имкониятлар яратмоқда.
Хусусан, мазкур қарор асосида 1-синфдан бошлаб ўқувчиларга ҳафтасига икки соатдан чет тили фани ўқитилмоқда. Янги давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари асосида 1 ва 2-синфлар учун инглиз тилидан (“Kid’s English”), немис тилидан (“Deutsch macht spab”) ва француз тилидан (“Hirondelle”) дарслик мажмуалари ишлаб чиқилди.
Янги ўқув йилида барча таълим муассасалари қатори мактабларда ҳам Президентимиз Ислом Каримовнинг “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги маърузаси кенг ўрганилди. Бу орқали фарзандларимизга юртимиз улкан ва ноёб бойликлар макони, она-заминимизда қандай азиз-авлиёлар, буюк алломалар, олим ва мутафаккирлар камол топгани, биз қандай бетакрор мерос, қандай улуғ зотларнинг вориси эканлигимиз муфассал тушунтирилди.
Дунёнинг 200 дан ортиқ давлатлари орасида фақат Ўзбекистондагина 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида нишонланади.
Зеро, ўз келажагига бефарқ бўлмаган миллат, ёруғ ва фаровон кунларини ёш авлод истиқболида кўрадиган халқ таълим-тарбияга алоҳида эътибор қаратиб, устоз-мураббийларини ўзгача қадрлайди. Буларнинг барчаси Юртбошимизнинг “Ўзбекистон — келажаги буюк давлат” деган эзгу ғояси ҳаётда ўз исботини топаётганига яққол далилдир.

Файзулла АҲМЕДОВ,
Халқ таълими вазирлиги Бош бошқарма бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn