Истиқлол саодати шукронаси
  • 30 Сентябрь 2014

Истиқлол саодати шукронаси

Тинчлик — дунёдаги энг бебаҳо неъмат. Бахтимиз шундаки, биз ана шундай хотиржамлик устувор бўлган юрт фуқароларимиз. Буни ҳар бир юртдошимиз теран англамоғи, қадрламоғи лозим.

 Зеро, тинчлик тараққиёт ва ривожланиш гаровидир. Бинобарин, мустақиллик туфайли Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар самаралари туфайли йилдан-йилга турмушимиз янада обод ва фаровон бўлиб бормоқда. Шундай экан, истиқлол халқимиз учун чексиз имкониятлар эшигини очиб берди, десак, айни ҳақиқат. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 26 сентябрда эълон қилинган “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ҳам мамлакатимизда инсон ва унинг манфаатлари нақадар юксак эътиборда эканлигининг яна бир далилидир.

Бу хайрли айёмда ташкил этиладиган турли маросимларда элимизнинг янада бахтли, дастурхонларимизнинг бундан-да тўкин бўлиши ҳар биримизнинг эзгу ниятларимиз ва саъй-ҳаракатларимизга боғлиқ эканлигини инобатга олсак, ушбу қарорнинг беқиёс аҳамиятини англаб етамиз.
Озод ва обод мамлакатимиз мўмин-мусулмонлари эмин-эркин бахтиёрликда яшаётганлари учун Аллоҳ таолога чексиз миннатдорлик изҳор қилиб, доимий равишда даргоҳига ҳамду санолар айтаяптилар.

Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан мусулмонларнинг диний маросимларини, ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун лозим бўлган барча шарт-шароит муҳайё қилинмоқда. Ислом маданиятига мансуб бўлган минг йиллик тарихга эга, ўтмиш қаъридан оламга нур таратиб келган муқаддас обидалар — масжид ва мадрасалар мўмин-мусулмонларга қайтариб берилди. Аждодларимиздан қолган тарихий меросимиз қайта тикланди, инсоний қадриятларимизнинг асосини ташкил этган Ислом дини таълимотларидан халқимиз яна баҳраманд бўла бошлади.

Истиқлол неъмати боис, алҳамдулиллоҳ, юртимизнинг ҳар бир гўшаси кундан-кун янгича чирой очмоқда. Айниқса, пойтахтимиз ва вилоятларимизда қад ростлаётган замонавий иншоотлар юртимиз гўзаллигига янада кўпроқ файзу тароват бахш этмоқда.

Президентимиз мамлакатимиз истиқлолининг 23 йиллигига бағишланган байрам тантаналарида таъкидлаганларидек, мустақиллик, истиқлол деган улуғ неъмат, аввало, халқимизга эркинлик ва озод ҳаётни берган, инсоний шаънимиз, миллий онгимиз, қадр-қимматимизни тиклаб, барчамизга ўзлигимизни англаш туйғусини, тилимиз, муқаддас динимизни, қадрият ва урф-одатларимизни қайтариб берган, Ватанимиз тарихида ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган буюк санадир.
Шундай экан, улуғ кунларда ният қиламизки, Аллоҳ таоло юртимиз фаровонлиги, элимиз тинчлигини янада зиёда қилсин. Истиқлолимизнинг нурафшон ёғдуси қалбларимизни мунаввар айлайверсин.

Шайх Абдулазиз МАНСУР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn