Истеъдодли болалар фестивали
  • 30 Сентябрь 2014

Истеъдодли болалар фестивали

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган “Камалак юлдузлари — 2014” болалар ижодиёти фестивалининг туман, шаҳар ва вилоят босқичлари бошланди.

Айтиш жоизки, мамлакатимизда навқирон авлод истиқболини ўйлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар аниқ, манзилли ва кучли ижтимоий  муҳофазага йўналтирилгани, халқимизнинг руҳияти ва менталитетига мослиги, узлуксизлиги билан аҳамиятлидир. Бу жиҳатлар ўғил-қизларга пухта билим ва тарбия бериш, улардаги истеъдод ҳамда қобилиятни ўз вақтида аниқлаш, интеллектуал салоҳияти, орзу ва интилишларига мос касб-ҳунар танлашига яқиндан кўмаклашишга оид амалий чора-тадбирларда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Бинобарин, юртимизда ўтказилаётган кўплаб ижодий фестиваллар, фан олимпиадалари, кўрик-танловлар, спорт мусобақалари ана шундай иқтидор соҳибларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш имконини бермоқда.

“Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти республика фестивали бунинг яна бир амалий намунасидир. Юртимизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу ижодий беллашув истеъдодларнинг янги авлодини кашф этишда ўзига хос ўрин тутмоқда.

— Мазкур фестивалда 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган иқтидорли болалар қатнашишлари мумкин, — дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши раиси ўринбосари Сарвар Ашуров. — Саралаш босқичларида юртимизнинг минглаб фарзандлари мумтоз мусиқа, миллий чолғулар ижрочилиги, хонандалик, тасвирий ва амалий санъат, бадиий ижод каби йўналишлар бўйича ўз билим ҳамда истеъдодини намойиш қиладилар. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва пойтахт саралашида ғолиб бўлганлар фестивалнинг мамлакат босқичида иштирок этиш имконига эга бўлади.

О. ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn