Мавсум масъулияти
  • 25 Сентябрь 2014

Мавсум масъулияти

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудида иқтисодиёт тармоқлари, уй-жой фонди, ижтимоий соҳа ва ишлаб чиқариш инфратузилма объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари қизғин паллага кирган.

Мазкур жараёнда газ-транспорт ва энергия таъминоти иншоотларининг барқарор ишлашини ҳамда табиий газ, кўмир ва электр энергияси узлуксиз етказиб берилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Пировардида тураржой ва бошқа иншоотларни таъмирлаш, иситиш тармоқларини созлаш юмушлари изчил давом эттирилмоқда. Бу борада Навоий вилоятида ҳам изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Хусусан, мавсумни бекаму кўст, талафотларсиз ўтказишга аҳд қилган маҳаллий мутасаддилар Президентимизнинг жорий йил июль ойида қабул қилинган “Иқтисодиёт тармоқлари, кўп қаватли уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини 2014/2015 йил куз-қиш мавсумига барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида белгиланган чора-тадбирларнинг изчил ижросини таъминламоқда. Хусусан, айни пайтда кўп қаватли уйларнинг том, ертўла қисмлари, ички иситиш тизимлари ва муҳандислик-коммуникация объектлари мавсумга шай ҳолатга келтирилмоқда. Иситиш ва ёритиш, иссиқ ва совуқ сув таъминоти тармоқлари, ер ости коммуникация жиҳозлари ҳамда канализация воситалари созлиги назоратдан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилаётир.
Масалан, вилоятнинг Навоий, Зарафшон шаҳарлари ва туман марказларида 1427 та кўп қаватли уй мавжуд. Бу эса мазкур ҳудудларда аҳоли нисбатан зич яшашини англатади. Шу боис ана шу биноларда мавсумга тайёргарлик ишлари анча эрта бошланди. Уларни таъмирлаш ва соз ҳолатга келтириш юмушларига Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли уй-жой-коммунал хўжалиги бошқармаси ҳамда 24 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ходимлари жалб этилди. Натижада ўтган қисқа муддатда Навоий ва Зарафшон шаҳарлари ҳамда Учқудуқ туманида жойлашган жами 126 та кўп қаватли уй-жой жорий таъмирдан чиқарилди. Қолган тураржой биноларида ҳам мавсумга тараддуд ишлари жадал давом эттирилмоқда. Бинобарин, қарийб мингта кириш йўлакларига рақамли қулф ўрнатилди. Кармана ҳамда Хатирчи туманларида эса 12 та кўп қаватли уйнинг том қисмига замонавий қопламалар ётқизилиб, бинолар фасад қисмлари шаҳарсозлик анъаналарига мос равишда пардозланаяпти.
Замонавий синфхоналарнинг нафақат ёруғ, шинам ва қулайлиги, балки қишда мўътадил ҳароратга эга бўлиши ҳам муҳим талаб ҳисобланади. Шу боис халқ таълими тизими муассасаларини мавсумга ҳозирлаш ишлари ҳам алоҳида диққат-эътиборда. Барча мактаб ва болалар боғчаси қишга тайёр ҳолга келтирилмоқда. Чунончи, шу кунгача 10 та умумтаълим мактаби, 20 та мактабгача таълим муассасаси ва 2 та тиббиёт муассасасида мукаммал, 15 та мактаб, 40 та боғча ҳамда 5 та тиббиёт муассасасида эса жорий таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланди.
Вилоятнинг чўл бағрида жойлашган, табиий газ етиб бориши қийин бўлган олис қишлоқлари аҳолиси, шунингдек, ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектлари, иқтисодиёт тармоқларини муқобил ёқилғи билан таъминлаш мақсадида жами 28 минг 566 тонна кўмир жамғариш ишлари амалга оширилаётир. Бундан ташқари, 7,8 км. сув, 248 км. иссиқлик, 3184,6 км. электр тармоқлари ҳамда 1046 та трансформатор пункти таъмирланди.
Ҳадемай, ёғингарчилик мавсуми бошланади. Шундай экан, бу даврга тайёргарлик ишларини ўз вақтида адо этиш нафақат таъминот корхоналари, балки барчамизнинг зиммамиздаги муҳим вазифа эканлигини ёдда тутайлик.

Амриддин АБДУРАҲМОНОВ,
Навоий вилояти ҳокимлиги Уй-жой-коммунал хўжалиги соҳасида ислоҳотларни
амалга ошириш департаменти бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn