Телекоммуникация воситалари ва замонавий хизмат турлари
  • 25 Сентябрь 2014

Телекоммуникация воситалари ва замонавий хизмат турлари

Мамлакатимизда Ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги қизғин давом этмоқда. Мазкур нуфузли тадбир доирасида кеча Тошкент, Урганч ва Гулистон шаҳарларида “ICTExpo — 2014” миллий кўргазмаси ўз ишини бошлади.

Кўргазма бир пайтнинг ўзида учта шаҳарда ўтказилишидан кўзланган мақсад жойларда ахборот технологиялари ҳаётимизга кенг жорий этилаётганини намойиш қилишдир. Ташриф буюрувчилар бу ерда йўлга қўйилган видеокўприк орқали реал вақт тартибида ҳар учала тадбир фаолияти билан яқиндан танишишлари, иштирокчилар томонидан тақдим этилаётган илғор технологиялар ва замонавий хизмат турлари, АКТ соҳасидаги энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлишлари мумкин.
“ICTExpo — 2014”да мамлакатимиз компаниялари билан бир қаторда, Жанубий Корея, Хитой, Япония ва бошқа давлатларнинг телекоммуникация ускуналари, компьютер технологиялари ҳамда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчилари, коммуникация хизматлари кўрсатувчи провайдерлари ҳам иштирок этмоқда.
Миллий кўргазмада намойиш қилинаётган маҳсулотлар билан яқиндан танишган киши кейинги йилларда юртимиз ва жаҳон ахборот-коммуникация технологиялари бозори жадал тараққий этаётганига яна бир бор ишонч ҳосил қилади. Чунки бу ердаги ҳар бир ускуна ва технология жаҳон бозорининг ушбу соҳада қўлга киритилган энг сўнгги ютуқларидир. Хусусан, намойишлар чоғида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, компьютер  техникасини йиғувчи корхоналар, дастурий таъминот ишлаб чиқувчилар, IT-компаниялар дилерлари, провайдерлар, телекоммуникация ускуналарини етказиб берувчилар, банк ва бошқа муассасалар вакилларининг қизиқарли стендлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти.
Тадбир жараёнида айни шу жиҳатлар эътиборга олиниб, турли семинарлар, маҳорат сабоқлари ва тақдимотларни уюштириш мўлжаллангани бу борадаги халқаро тажриба, жаҳондаги етакчи ишлаб чиқарувчиларнинг энг сўнгги ишланмалари ҳамда hi-tech янгиликлари хусусида батафсил маълумотга эга бўлиш учун кенг имконият яратади.
— Кўргазмадаги катта корпоратив стендларда компаниямизнинг барча хизматини таклиф этаяпмиз, — дейди “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси “Бизнесни ривожлантириш маркази” филиали масъул ходими Абдулазиз Эгамбердиев. — Компаниямиз ҳозирги кунда мобиль алоқа операторлари ва провайдерларга каналларни ижарага бериш, халқаро ҳамда шаҳарлараро алоқа, видеоконференцалоқа, интернетга уланиш, CDMA 450 стандартида мобиль ва стационар алоқалар ҳамда яна кўплаб хизматларни кўрсатмоқда. Икки йил аввал “Telecom TV” савдо белгиси остида IPTV интерактив телевидение хизматини йўлга қўйган эдик. Бу тизим кун сайин ривожланаяпти. Айни пайтда тармоқдаги телеканаллар сони 60 тага етди. Бундан ташқари, болаларга инглиз тилини бепул ўргатадиган 50 дан зиёд видеодарсликлар жойлаштирилди.
Хитойнинг “Нuawei Technologies” компанияси  бугунги кунда телекоммуникация ускуналари тизимларини етказиб берувчи йирик корхоналардан бири саналади. У мамлакатимиз бозорида 1999 йилдан буён муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда. Компаниянинг масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Нuawei Tech Investment Tashkent” хорижий корхонаси директори жаноб Чжао Цзяньпин Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланаётганини юқори баҳолади. Мазкур компания соҳа корхона ва ташкилотларига кенг турдаги симсиз тармоқлар ускуналари, коммутаторлар, оптик қурилмалар, мультимедиа видеокузатув тизимлари, серверлар ва маълумотларни сақлаш тизимлари, мобиль телефонлар, смартфонлар, планшет компьютерларни таклиф этмоқда.
Кўргазмада “Электрон ҳукумат” тизимига доир технологиялар стендига ҳам қизиқиш катта бўлаяпти. Хусусан, Корея Республикасининг “LG CNS” компанияси электрон ҳукуматни жорий қилишда қўлланилаётган истиқболли лойиҳаларини намойиш этаётир. Шу билан бирга, давлат бошқаруви органлари кўргазма мобайнида электрон ҳукумат тизимини жорий қилиш бўйича аниқ таклифлар билан танишиш, режалаштирилган лойиҳаларни амалга оширишда зарур билим ва малака эгаллашга, ҳамкорларни танлаш имкониятига эга бўлаяптилар.
Жорий йилнинг 26 сентябригача давом этадиган кўргазма иши билан 35 минг киши танишиши кутилаётир. Ушбу тадбир дастури кенг ва ранг-баранг бўлиб, ундан кўплаб ўқув-семинарлар, давра суҳбатлари, кўнгилочар тадбирлар ўрин олган. Шунингдек, Ўзбекистонда интернет-провайдингни ривожлантириш масалалари бўйича давра суҳбати, олий ўқув юртлари, коллеж ва лицейлар жамоалари ўртасида “Компьютер спорти бўйича “ICT  — students” универсиадаси”, “Uzbekistan Cyber Games — 2014” — компьютер ўйинлари бўйича Ўзбекистон чемпионатининг финал босқичини ўтказиш режалаштирилган.
Мухтасар айтганда, “ICTExpo — 2014” кўргазмаси  АКТ соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, мустаҳкам тижорат алоқаларини ўрнатишда имкониятлар эшигини кенг очади. Намойиш ниҳоясида ташкилий қўмита томонидан стенд ва экспозициялар тақдимоти бўйича ғолиблар аниқланади.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Рағбат фаолликка ундайди Мавсум масъулияти »