Рағбат фаолликка ундайди
  • 25 Сентябрь 2014

Рағбат фаолликка ундайди

Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларданоқ ёш авлод таълим-тарбиясига юксак эътибор қаратила бошланди. “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури каби ҳужжатлар қабул қилиниб, улар асосида янги мактаблар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари бунёд этилди.

Шунинг баробарида, ушбу ўқув муассасаларининг барчаси замонавий жиҳозлар, асбоб-ускуналар билан таъминланди.
Чимбой туманидаги Кенес қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежимиз ҳам ана шундай замонавий ўқув даргоҳларидан бири сифатида бундан роппа-роса беш йил муқаддам қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда коллежимиздаги 242 ўқувчига замон талабига мос билим бериш учун барча шарт-шароит яратилган. Фан ва лаборатория хоналари, ўқув-ишлаб чиқариш устахонаси, спорт зали ва майдончаси, ахборот-ресурс маркази сўнгги ўқув воситалари билан жиҳозланди.
Кейинги йилларда жамоамиз ёшларга билим беришнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида бир қатор олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг Ижтимоий фанлар, Тарих ва археология, Тошкент давлат аграр университети Нукус филиалининг Ўсимликшунослик, деҳқончилик ва мелиорация асослари, Трактор, автомобиль, Қишлоқ хўжалик машиналари кафедралари билан ўзаро шартнома асосида иш олиб борилмоқда.
Коллежимизда 14 та фан тўгараги ташкил этилган бўлиб, уларга 188 нафар, олтита спорт секциясига эса 152 нафар ўқувчи жалб қилинган. Қувонарлиси, улар туман ва республика миқёсида ўтказилаётган спорт мусобақаларида муваффақиятли қатнашмоқда.
Ўқув муассасамиз ўзининг 28,4 гектарлик ўқув-ишлаб чиқариш тажриба хўжалигига эга. У ерда ҳар хил мева, сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирилади. Ёшларимизнинг амалиёт ўташлари, кейинчалик уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида тумандаги бир қатор ММТП, биолаборатория, Сув истеъмолчилари уюшмалари (СИУ) ва фермер хўжаликлари билан шартномалар тузилган. 2013/2014 ўқув йилида коллежимизни 98 нафар ёш муваффақиятли битказди. Уларнинг ўнга яқинига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун имтиёзли кредит олиш бўйича ёрдам берилди.
Ёшларимизни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби саъй-ҳаракатлар уларни ўз устида изланишга ундаши, шубҳасиз. Қолаверса, яратиб берилган шарт-шароит биз, ўқитувчи ва мураббийларни ҳам масъулият ва фидойилик кўрсатишимизда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Елмурат АТАМУРАТОВ,
Чимбой туманидаги «Кенес» қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи директори,
«Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳиби.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn