Шогирдлар камолидан қувонаман
  • 25 Сентябрь 2014

Шогирдлар камолидан қувонаман

Истиқлол берган неъматлар беҳисоб. Озод ва обод Ватан, эркин ҳамда фаровон ҳаёт қураётган халқимизнинг орзулари истиқлол туфайли ушалди. Меҳнатимиз қадр топди. Фидойи қурувчиларимиз томонидан бунёд этилаётган кўркам ва шинам мактабу коллеж биноларига боққан кишининг кўзи қувнайди.

Мустақиллигимизнинг 23 йиллиги арафасида Президентимиз Фармонига мувофиқ, юртимиз тараққиёти ва ривожига катта ҳисса қўшган, мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш, эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини сақлашда ўрнак кўрсатган, жамиятимизнинг ижтимоий-иқтисодий, илмий-техник ва маънавий-маърифий ҳаётида алоҳида эътиборга сазовор бўлган бир гуруҳ юртдошларимиз давлат мукофотлари билан тақдирланди. Шулар қаторида менинг камтарона меҳнатим ҳам қадрланганидан қанчалар севинганимни сўз билан таърифлай олмайман. Ушбу мукофотни бутун жамоамиз меҳнатига берилган юксак эътироф, деб қабул қилдим.
1974 йилдан бошлаб ёш авлодга физика фанидан сабоқ бераман. 2005 йилдан буён Республика таълим маркази кенгаши аъзосиман. Ўқувчиларим ҳар йили фан олимпиадаларининг вилоят ва республика босқичларида фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Мен билан бақамти меҳнат қилаётган шогирдларим ҳам кўп. Уларга илмга чанқоқ ёшларимизга билим бериш учун ўқитувчи дунё янгиликларидан хабардор бўлиши, уни ўқитиш ва дарс жараёнига татбиқ эта олиши шу куннинг талаби эканлигини такрор-такрор уқтираман.
Ҳақиқатан ҳам, юртимизда ёш авлоднинг чуқур билим олиши учун ҳамма шароитлар муҳайё. Мустақиллик йилларида биргина туманимизда 45 га яқин мактаб замонавий бинога эга бўлди, янги ўқув қуроллари билан жиҳозланди. 30 дан зиёд мутахассислик йўналишига эга 7 та коллеж бунёд этилди.
Оиламизни зиёлилар оиласи, деб аташади. Бундан кўнглим фахрга тўлади. Олти нафар фарзандимдан учтаси иқтисодчи. Кенжа қизим Ноила изимдан эргашиб, ёш авлодга таълим-тарбия бераяпти.
Биз сингари педагог-мутахассисларнинг меҳнатига қаратилаётган юксак эътибордан кўнглимиз тоғдек кўтарилади. Ҳар жабҳада инсон меҳнати қадр топаётган бундай юрт учун хизмат қилиш ҳар биримиз учун улкан шарафдир.

Ўғилой СУЛТОНОВА,
Ангор туманидаги 3-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг физика фани
ўқитувчиси,
«Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn